Бир оиладан 4 тобут: Мусиқачи ва унинг оила аъзолари ваҳшийларча ўлдирилди
World
−
08:25 8809 2 minutes
Мехико шаҳри яқинидаги қимматбаҳо турар жой мажмуасида мексикалик мусиқачи, унинг ҳомиладор рафиқаси, 3 ёшли қизи, уйида ишловчи 21 ёшли аёл ва оилага тегишли ит отиб ўлдирилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, аоқеа 1 сентябрь куни кечқурун Мехико шаҳри ташқарисидаги Мексика штатида содир бўлган. Маҳаллий прокуратуранинг маълум қилишича, жабрланганларнинг барчаси скотч билан боғланган ҳолда пентхаусдан топилган.
Ҳалок бўлган мусиқачи 38 ёшли Жонатан Мелендес бўлиб, у композитор ва Camilo Septimo инди-рок гуруҳида клавишчи сифатида фаолият юритган. Унинг рафиқаси Ана Паола тахминан 4 ойлик ҳомиладор бўлган.
Мелендес, унинг рафиқаси, 3 ёшли қизи ва хонадонда ишлаган 21 ёшли аёл квартира ичида отиб ташланган. Ҳалок бўлганларнинг барчаси, жумладан оила ити ҳам скотч билан боғланган.
Прокуратура маълумотига кўра, 3 ёшли қиз бошидан яқин масофадан ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлган. Яна икки жабрланувчининг бошига, бир кишининг эса орқасига ўқ узилган.
Оиланинг 6 ёшли ўғли ҳам воқеа жойидан топилган. У ҳодисадан омон қолган ва жароҳат олмаган.
Қўшнилар квартирадан бақир-чақир ва ўқ овозларини эшитганини айтган. Жабрланганларнинг жасадлари тун ярмига яқин пентхаус ичида аниқланган.
Мексика штати прокуратураси икки нафар гумонланувчини қўлга олганини маълум қилган. Улардан бири Мелендеснинг таниши бўлиб, терговчилар унинг мусиқачи билан муносабатларидан фойдаланиб, хонадонга бемалол кириш имконига эга бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Тергов органлари қотилликнинг аниқ сабабларини аниқлаш ва гумонланувчиларнинг ҳодисадаги ролини белгилаш бўйича иш олиб бормоқда.
Маълумот учун, Camilo Septimo — синтпоп ва инди услубида ижод қиладиган мусиқий гуруҳ бўлиб, унинг навбатдаги концерти шу ой охирида Мексиканинг АҚШ чегараси яқинидаги Сьюдад-Хуарес шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексиканинг Кульякан шаҳрида TikTok блогери Сесар Гастелум дўстлари билан жонли эфир олиб бораётган вақтда номаълум қуролли шахслар томонидан отиб ўлдирилганди.
Live
All