Бин Лодин ва “Ал-Қоида”: 11 сентябрь ҳақида нималарни билиш керак?

Review

image

2001 йил 11 сентябрь. Дунё ҳамжамиятида Америка Қўшма Штатларида содир этилган замонавий тарихдаги энг даҳшатли ҳужумлардан бири – нафақат Эгизак бинолар, балки бутун инсониятга қилинган теракт сифатида эсда қолган кун. “Ал-Қоида” деб аталган террорчилик ташкилоти томонидан уюштирилган ҳужумлар нафақат минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлди, балки АҚШнинг ташқи сиёсати ва бутун дунёдаги хавфсизлик тизимига катта таъсир кўрсатди.

Ўша машъум кунга 25 йил тўлиши муносабати билан QALAMPIR.UZ нашри Усома бин Лодин ва “Ал-Қоида”нинг АҚШга қарши ҳужум орқали кўзлаган стратегик мақсадлари асосан амалга ошмаганини таҳлил қилди.

Теракт ҳақида қисқача

2001 йил 11 сентябрда “Ал-Қоида”нинг 19 нафар аъзоси АҚШда тўртта йўловчи самолётини олиб қочган. Улардан иккитаси Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига бори урилган. Ҳужумлар телевизион эфирларда бутун дунёга намойиш этилган.

Кейин самолётлардан яна бири Вашингтондаги Пентагон биноси устига келиб тушган. Тўртинчи самолёт – United Airlines 93-рейси – йўловчилари ҳужумчиларга қарши чиқишга уринганидан кейин Пенсильвания штатидаги далага қулаб тушган. Расмий маълумотларга кўра, унинг эҳтимолий нишонларидан бири Вашингтондаги муҳим давлат объекти бўлган.

Қанча одам ҳалок бўлган?

Ҳужумлар оқибатида қарийб 3 минг киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида самолёт йўловчилари ва экипаж аъзолари, Жаҳон савдо марказида ишлаган одамлар, ёнғинни ўчириш ва қутқарув ишларида қатнашган ўт ўчирувчилар ҳамда полиция ходимлари бор эди.

Энг катта фожиа Нью-Йоркда юз берди. Самолётлар урилганидан кейин минораларда катта ёнғин бошланди ва бир неча соат ичида икки бино ҳам “гўзал” тарзда қулади. Расмий маълумотларга кўра, жанубий минора 9:59 да, шимолий минора эса 10:28 да қулаган.

Дунё қандай ўзгарди?

АҚШда содир этилган террорчилик ҳужумлари нафақат мамлакатнинг ўзи, балки бутун дунё сиёсий, хавфсизлик ва иқтисодий тизимига катта таъсир кўрсатди. Ҳодисадан кейин халқаро муносабатлар ўзгарди, терроризмга қарши кураш дунё сиёсатининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Ўша даврда АҚШ Президенти Жорж Буш ҳужумларга жавобан “терроризмга қарши глобал уруш” бошлаган. Кейинчалик АҚШ Афғонистон ва Ироққа бостириб кирди, махфий қамоқхоналар, қийноқлар ва махсус операциялар каби усуллардан фойдаланди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари “Ал-Қоида” раҳбариятини йўқ қилиш ва “Толибон” ҳукуматига босим ўтказиш важида 2001 йил октябрда Афғонистонга ҳарбий амалиётни бошлади. Кейинчалик бу уруш 20 йилга яқин давом этди. 2003 йилда эса АҚШ Ироққа бостириб кирди. Бу қарор бевосита 11 сентябрь ҳужумлари билан боғлиқ бўлмаган бўлса-да, терроризмга қарши “глобал уруш” муҳити Ироққа қарши ҳарбий амалиётни оқлашда муҳим сиёсий фон бўлди.

Мазкур воқеалардан сўнг дунё хавфсизлик хизмати ҳам тубдан ўзгарди. Аэропортларда текширувлар, чегара назорати ва разведка тизимлари қатъий ва кескин кучайтирилди. АҚШда Транспорт хавфсизлиги бошқармаси (TSA) ташкил этилиб, аэропортлардаги қоидалар бутунлай ўзгарди. Шунингдек, терроризмнинг олдини олиш мақсадида давлатларнинг телефон, интернет ва молиявий операцияларни кузатиш ваколатлари ҳам ўз-ўзидан кенгайди. Бу эса хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанат ҳақида катта баҳсларни келтириб чиқарди.

Энг муҳими, 11 сентябрдан кейин дунёда хавфсизлик тушунчаси ўзгарди. Терроризм энди фақат айрим давлатларнинг ички муаммоси эмас, балки халқаро хавфсизликка таҳдид сифатида қарала бошланди.

Мусулмонларга бўлган муносабатнинг ўзгариши ва пропаганда

Ҳужумларни “Ал-Қоида” – ўзини исломий “ҳалифалик” деган мафкураси билан танитган гуруҳ амалга оширгани сабабли айрим мамлакатларда мусулмонлар ва арабларга нисбатан ислoмофобия, камситиш ва нафрат жиноятлари кўпайди. Бу эса террорчиларнинг ҳаракатлари билан бутун мусулмон жамоаларини тенглаштириш хавфини кучайтирди.

11 сентябрь ҳужумларини “Ал-Қоида” амалга оширгани аниқланганидан кейин айрим жамиятларда террорчилик билан ислом ва мусулмонлик ўртасида нотўғри боғлиқлик пайдо бўлди. Оқибатда мусулмонлар ташқи кўриниши, исми, кийиниши ёки дини сабабли шубҳа билан қараладиган ҳолатлар кўпайди. Айниқса АҚШ ва Европада ҳижоб ёки рўмол ўраган аёллар, араб ёки мусулмон исмларига эга бўлган одамлар бундай муносабатларга кўпроқ дуч кела бошлади.

Энг аянчли оқибатлардан бири – мусулмонларга қарши жисмоний ҳужумлар ва нафрат жиноятларининг кўпайиши бўлди. Айрим ҳолатларда масжидлар, мусулмонларга тегишли дўконлар ва жамоат марказлари ҳужумларга учради. Одамлар эса кўчада фақат мусулмон бўлгани ёки шундай кўрингани учун ҳақорат қилинган ёки калтакланган ҳолатлари ортди.

Бу ерда яна бир оғриқли жиҳат бор: айрим ҳужумларда жиноятчилар ҳужум қурбонларининг айнан мусулмон эканини ҳам билмаган. Масалан, ташқи кўриниши ёки тери ранги сабабли сикҳлар, ҳиндлар ва бошқа жамоалар вакиллари ҳам мусулмон деб қабул қилиниб, ҳужумларга учраган.

Оммавий ахборот воситаларида терроризм ҳақидаги хабарлар кўпайгани сари айрим аудиторияларда мусулмонлик билан хавф тушунчаси бир-бирига яқинлашиб борди. Мусулмон террорчи ҳақида хабар берилганда унинг дини ёки келиб чиқишига алоҳида урғу берилиши, бошқа террорчилик ҳаракатларида эса бундай таъкиднинг камроқ бўлиши жамоатчилик тасаввурини шакллантириши мумкин эди. Шундай бўлди ҳам.

Бу эса оддий мусулмоннинг “мен терроризмни қоралашим керак” деган ҳолатга тушиб қолишига олиб келди. Аслида террорчилик ҳаракати учун бутун бир дин ёки миллиардлаб одамларни жавобгар қилиш мантиқан ҳам, ахлоқан ҳам нотўғри эди. Шу билан бирга, ҳижоб кийган аёллар жамоат жойида ўзини янада кўпроқ нишонга айлангандай ҳис қилган ҳолатлар ҳам кузатилиши кун сайин ортиб борди. Уларнинг кийими баъзан “экстремизм” ёки “зулм” билан асоссиз равишда боғланди. Айрим Европа мамлакатларида эса ҳижоб ва бошқа диний кийимлар атрофида сиёсий баҳслар кучайди. Мусулмон аёллари эса бир вақтнинг ўзида дин, миграция, хавфсизлик ва интеграция ҳақидаги сиёсий баҳсларнинг марказига чиқиб қолди.

Мазкур жараёнлар ичидаги энг катта муаммолардан бири эса жуда кичик бир гуруҳнинг ҳаракатлари бутун дин ва унинг издошларига кўчирилиши бўлганди. Дунёда 2 миллиардга яқин (баъзи манбаъларда эса ундан ҳам кўп) мусулмон бор. Улар турли давлатларда яшайди, турли тилларда сўзлашади ва сиёсий қарашлари ҳам ҳар хил. “Ал-Қоида”, кейинчалик ИШИД каби террорчилик ташкилотларининг ҳаракатларини исломнинг ўзи билан тенглаштириш бошланиб кетди.

Энг оғриқли парадоксал ҳолат шу эдики, ислом жамияти бу терактлар ортидан омматан гумон ва нафратга учраб турган кўйида мазкур хунрезликлар ва фитналарнинг энг кўп жабр кўрганларидан эди.

Дунёни титратган бин Лодин ўзи ким?

Усома бин Лодинни тушуниш учун уни фақат “11 сентябрь ҳужумларини ташкил қилган террорчи” сифатида эмас, балки қандай муҳитда шакллангани, қандай ғояларга ишонгани ва қандай қилиб глобал террорчилик тармоғининг етакчисига айлангани нуқтаи назаридан кўриш керак.

Усома бин Муҳаммад бин Аввад бин Лодин 1957 йилда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида туғилганди. У жуда катта ва бой оилада ўсиб улғайди. Отаси Муҳаммад бин Лодин қурилиш соҳасида катта бизнесга эга бўлиб, Саудия қироллик оиласи билан яқин алоқаларга эга тадбиркор эди. Бин Лодин бой оилада туғилганига қарамай, кейинчалик ўзини аскетик, диний ва жангари ҳаёт тарзига бағишлаган шахс сифатида намоён қилди.

У шахсияти шаклланишида 1979 йилда Совет Иттифоқининг Афғонистонга босқини ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлганди. 22 ёшли Бин Лодин Афғонистонда совет қўшинларига қарши жанг қилаётган араб кўнгиллиларини қўллаб-қувватлашга киришади. Унинг бойлиги ва алоқалари бу фаолият учун катта молиявий имконият берганди.

Афғонистонда у фақат жангчи эмас, балки одамларни жалб қилиш, маблағ тўплаш ва халқаро тармоқ яратиш қобилиятига эга ташкилотчи сифатида танилди. Ёш тарғиботчи шу даврда Абдулла Аззам каби радикал исломий мафкура вакиллари билан яқинлашди. Кейинчалик бу муҳит “Ал-Қоида”нинг пайдо бўлишига замин яратганди.

Америка нафрати

Бин Лодиннинг қарашларида АҚШ алоҳида ўрин тутган. Совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин у АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ва сиёсий таъсирини асосий душман сифатида кўра бошлади. Айниқса, 1990 йилда Ироқ Кувайтга бостириб кирганидан кейин Саудия Арабистонига АҚШ қўшинларининг жойлаштирилиши унинг норозилигини янада кучайтирганди. Ўша вақтларда Бин Лодин АҚШ ҳарбийлари муқаддас деб ҳисобланган Саудия ҳудудида турганидан қаттиқ ғазабланарди.

Вақт ўтиб унинг АҚШга қарши нафрати оддий сиёсий норозилик даражасида қолмади. Атрофида куч тўпланаётган бин Лодин бу қарашларни экстремистик мафкура билан бирлаштириб, тинч аҳолига қарши террорчиликни оқлашга ўтди.

Бин Лодиннинг шахсиятида энг хавфли жиҳатлардан бири – унинг одамларни муайян ғоя атрофида бирлаштира олиш қобилияти эди. У ўзини оддий сиёсатчи ёки давлат раҳбари сифатида эмас, мусулмонларнинг “ҳимоячиси” сифатида кўрсатишга ҳаракат қилган.

Унинг тарғиботида бир нечта асосий ғоя бор эди:
мусулмон ерларига ташқи аралашувга қарши чиқиш;
АҚШ ва Ғарбни мусулмон дунёсидаги муаммоларнинг асосий сабаби сифатида кўрсатиш;
мусулмонларни “уммат” сифатида бирлаштириш;
қуролли курашни сиёсий ўзгаришнинг асосий воситаси сифатида талқин қилиш.

У айнан шу ғоялар орқали турли мамлакатлардан одамларни ўз атрофига жалб қилишга эришди. У харизматик шахс бўлганми? Ҳа, унинг атрофидагилар учун бин Лодин маълум маънода харизматик лидер бўлган. У оддий кийиниши, бойлигини кўз-кўз қилмаслиги, тоғли ҳудудларда яшаши ва ўзини шахсий манфаатлардан воз кечган инсон сифатида кўрсатиши орқали тарафдорларида ишонч уйғотганди. Унинг видеомурожаатлари ҳам шу образни кучайтирганди. Узун соқол, оддий кийим, автомат ёнида ўтирган ҳолдаги чиқишлар – буларнинг барчаси унинг тарафдорлари учун махсус образ яратганди. Янги лидер бу кўриниши ва қатъиятли ваъзлари билан қизиққон ва ўз жамиятларидан қониқмаган мусулмон жамиятини иллюзиялай бошлаганди.

“Нептун найзаси” операцияси

2011 йил 2 май куни АҚШ махсус кучлари Покистоннинг Абботобод шаҳридаги яширин қароргоҳга операция ўтказиб, бин Лодинни ўлдирди. “Нептун найзаси” (Operation Neptune Spear) деб аталган бу операцияни АҚШ махсус кучларининг SEAL Team Six бўлинмаси амалга оширган. Улар бин Лодин яширинган қароргоҳга тунги рейд уюштириб, уни ўлдирган.

Қизиқ жиҳати шундаки, операция номи “Нептун найзаси” деб аталган бўлса, бин Лодиннинг ўзи эса АҚШ ҳужжатларида “Geronimo” код номи билан белгиланганди. Операция вақтида махсус кучлар бин Лодин яширинган қароргоҳга киргач, унинг шахси аниқланганини билдириш учун радиоалоқада “Geronimo EKIA” деган хабар берилган. Бу ерда EKIA – “enemy killed in action”, яъни “душман жангда ўлдирилди” деган маънони англатади.

“Geronimo” номи эса америкаликлар томонидан машҳур апачи қабиласи бошлиғи Жеронимо номи билан боғлиқ бўлгани учун баҳсларга сабаб бўлган. Чунки тарихий Жеронимо АҚШга қарши курашган маҳаллий америкаликлар етакчиси эди. Яъни ўзларидан чиққан “душман”. Бу эса турли конспирологик, балки асоссиз кўринсада далиллар ортидан ҳақиқатга йўғриладиган гап-сўзларни янада жонлантирганди.

Ҳа, бутун дунёни ёш болалардек типирчилатиб, “паника”га тушириб қўйган лидернинг саргузаштларига нуқта қўйилди. Қизиғи шундаки, у Афғонистон тоғларида эмас, балки Покистонда, пойтахт Исломободдан унча узоқ бўлмаган ҳудудда яширинган эди.

Бин Лодин шахсиятининг энг муҳим сабоғи шундаки, террорчилик ҳаракатларини фақат унинг етакчисининг шахсий характери билан тушунтириб бўлмайди. Унинг пайдо бўлишига Афғонистон уруши, Яқин Шарқдаги сиёсий можаролар, радикал мафкура, геосиёсий рақобат ва халқаро сиёсатдаги зиддиятлар каби кўплаб омиллар таъсир қилганди. Бин Лодин эса шу омилларни ўзининг экстремистик дунёқараши ва ташкилотчилик қобилияти билан бирлаштириб, тарихдаги энг машҳур ва ҳалокатли террорчилик тармоқларидан бирини шакллантирди.

Бин Лодин аслида нимани мақсад қилганди?

“The Guardian” нашрининг таҳлилчисига кўра, бин Лодиннинг асосий мақсади АҚШни Яқин Шарқдан чиқиб кетишга мажбурлаш бўлган. У Вашингтоннинг иқтисодий жиҳатдан заифлашиши оқибатида Америка минтақага аралашувини тўхтатади, деб ҳисоблаган.

Бин Лодин 2004 йилда “Ал-Қоида” АҚШни иқтисодий жиҳатдан “қонатиб, банкротликкача олиб бораётгани” ҳақида айтган. Унинг ҳисоб-китобига кўра, ташкилотнинг АҚШга қарши ҳужумлари Вашингтонга сарфланган маблағдан анча катта иқтисодий зарар келтириши керак эди. Аммо бу режа амалга ошмади. 11 сентябрдан кейин АҚШда яна бир шунга ўхшаш йирик ҳужум содир бўлмади, мамлакат Совет Иттифоқи каби иқтисодий таназзулга учрамади ва АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳамда сиёсий иштирокини тўхтатмади.

Бин Лодиннинг яна бир мақсади АҚШнинг минтақа давлатлари раҳбарларини қўллаб-қувватлашини тугатиш эди. Кейинги йилларда айрим раҳбарлар ҳокимиятдан кетган бўлса-да, уларнинг ағдарилиши бин Лодин ёки “Ал-Қоида” фаолияти натижасида содир бўлмаганди.

Жумладан, Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий Ғарб қўллаб-қувватлаган исёнчилар томонидан ағдарилди, Ироқ президенти бўлган Саддам Ҳусайн АҚШ ҳарбий амалиёти натижасида ҳокимиятдан четлатилди. Суриядаги Асадлар сулоласи ҳокимияти эса “Ал-Қоида”нинг собиқ аъзоси бўлган, аммо кейинчалик ташкилот мафкурасидан воз кечган шахс бошчилигидаги кучлар ҳаракати натижасида тугади.

Бин Лодиннинг яна бир муҳим мақсади тарғибот эди. У 11 сентябрь каби ҳужумлар орқали мусулмонларни радикаллаштириш, янги тарафдорлар жалб қилиш ва жамиятларни бўлиб ташлашни кўзлаганди.

Бироқ “Ал-Қоида”га нисбатан қўллаб-қувватлаш 2001 йилдан кейин қисқа муддат ошганидан сўнг тез пасайган. Бин Лодин эса 2011 йилда АҚШ махсус кучлари томонидан Покистонда ўлдирилишидан олдин ташкилотнинг обрўси мусулмон дунёсида кўплаб мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлаётгани учун жиддий танқид қилинганини англаган. Унинг вориси Айман аз-Завоҳирий ҳам глобал қўзғолон ғоясидан воз кечиб, маҳаллий мақсадларга эътибор қаратиш стратегиясига ўтган.

2014 йилда Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” (ИШИД) гуруҳи АҚШнинг Ироққа босқинидан кейинги беқарорлик ва мазҳаблараро зиддиятлардан фойдаланиб, ўз “халифалиги”ни барпо этди. Бироқ бу тузилма ҳам 2019 йилга келиб ўзининг ҳудудий назоратини йўқотди.

Ҳозир “Ал-Қоида” ва ИШИДга алоқадор айрим майда гуруҳлар асосан Африкадаги беқарор ҳудудларда фаолият юритмоқда. Улар Сомали ва Мали каби давлатларда заиф ҳокимият, қашшоқлик ва ижтимоий зиддиятлардан фойдаланиб, ўз таъсирини сақлаб қолмоқда. Шу билан бирга, ушбу гуруҳларнинг бугунги имкониятлари 2001 йилда бин Лодин бошқарган “Ал-Қоида” билан тенг эмас.

Дунё ҳамжамияти бин Лодин мафкураси таъсирида янги ҳужумлар ҳали ҳам содир бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Экспертлар “Ал-Қоида”нинг ҳануз мавжудлиги бин Лодин учун маълум маънода ютуқ бўлиши мумкин бўлса-да, буни унинг стратегик ғалабаси деб аташ мумкин эмас, деган хулосага келади.

Хулоса

11 сентябрь – тарихда фақат қарийб 3 минг инсоннинг ҳаётига зомин бўлган террорчилик ҳужуми сифатида эмас, балки бутун дунёдаги сиёсий жараёнларни ўзгартирган воқеа сифатида қолди. Ўша куни АҚШда вайрон бўлган бинолар билан бирга хавфсизлик, терроризм, уруш ва халқаро муносабатлар ҳақидаги тасаввурлар ҳам ўзгарди.

Бин Лодин ва “Ал-Қоида” АҚШни Яқин Шарқдан сиқиб чиқариш, уни иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан заифлаштириш ҳамда мусулмон дунёсида кенг қўзғолон келтириб чиқаришни кўзлаган эди. Бироқ бу мақсадлар амалга ошмади. Бунинг оқибатида, аксинча, “Ал-Қоида”нинг таъсири сусайди, бин Лодин 2011 йилда ўлдирилди ва ташкилот глобал миқёсда аввалги қудратини тиклай олмади.

Шу билан бирга, 11 сентябрдан кейинги жавобнинг ўзи ҳам улкан оқибатларни келтириб чиқарди. Афғонистондаги 20 йиллик уруш, Ироқдаги босқин, минглаб инсонларнинг ҳалок бўлиши, Гуантанамо қамоқхонаси, қийноқлар, оммавий кузатув ва фуқаролик эркинликларининг чекланиши АҚШнинг ўзида ҳам, халқаро майдонда ҳам оғир баҳсларга сабаб бўлди.

Мазкур ҳикоянинг яна бир оғриқли мероси эса террорчиларнинг жинояти бутун мусулмон жамоаларига кўчирилгани бўлганди. Фожиа ортидан оддий мусулмонлар ҳам нафрат, камситиш ва шубҳага дуч келарди, исломофобия эса айрим ҳолатларда сиёсий қуролга ҳам айланганди.

Ҳа, мана шундай кунлардан ўтиб келмоқда бу ҳамжамият. Орадан 25 йил ўтган бўлса ҳам, 11 сентябрь қурбонларининг хотираси, у кундан кейин бошланган урушлар ва жамиятларда пайдо бўлган бўлинишлар ҳануз ўз аҳамиятини йўқотмаган. Мана шулар сабабдирки, биздан минглаб километр узоқда содир бўлган теракт ҳануз эсланмоқда.

Балки бу сананинг энг муҳим саволи ҳам шудир: терроризмга қарши курашар экан, дунё ўзини ҳимоя қилиш билан бирга қандай қилиб адолат, инсон ҳуқуқлари ва тинчликни ҳам сақлаб қолиши мумкин?
Террор номига турли фитналар ортидан ёпиштирилган ислом номи қачон дунёда асл маъносида – тинчлик сўзи билан боғлаб англанар экан?


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends