Банкларни санация қилиш бўйича янги тартиб жорий этилди

−

image

Ўзбекистонда банкларни санация қилиш тартиби белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги кеча, 16 ноябрь куни давлат рўйхатидан ўтказган “Банкларни санация қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги идоравий ҳужжатда белгиланган.

Мазкур ҳужжат “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат омонатчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, банк хизматларининг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда банклар фаолиятидаги молиявий муаммоларни тартибли ҳал этишга қаратилган.

Банкларни санация қилиш нима?

Бу молиявий муаммога дуч келган банкнинг муҳим хизматларини сақлаб қолиш ва молиявий барқарорликни таъминлаш учун амалга ошириладиган махсус чора-тадбирлардир. Ҳужжатга кўра, банкларни санация қилишда қуйидаги учта асосий восита қўлланилади:

Активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш) – банкнинг активлари ва мажбуриятлари, жумладан, кредитлари ва омонатларини бошқа банкка ўтказиш;

Оралиқ банкни ташкил этиш – банкнинг муҳим хизматларини давом эттириш учун икки йилгача фаолият юритувчи вақтинчалик банк ташкил қилиш;

Ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш – банк зарарларини қоплаш учун унинг капитали ва айрим мажбуриятларини камайтириш ёки акцияларга айлантириш.

Омонатчилар учун қандай кафолатлар назарда тутилган?

Кафолатланган омонатлар, шу жумладан, уларнинг кафолатлаш чегарасидан ошадиган қисми ҳисобдан чиқарилмайди ёки акцияларга айлантирилмайди. Омонатлар бошқа банкка ўтказилганда, омонатчилар билан янги банк ҳисобварағи шартномасини тузиш талаб этилмайди. Банкнинг активлари ва мажбуриятлари бошқа банкка ёки оралиқ банкка ўтказилганда, банк хизматларининг узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

Банкнинг зарарлари биринчи навбатда акциядорлар ҳисобидан қопланади. Шунингдек, санация жараёнида банкни бошқариш учун махсус бошқарувчи тайинланиши мумкин. Унинг фаолияти Марказий банк томонидан назорат қилинади.

Банкни санация қилиш тўғрисидаги қарор Марказий банк ва санация қилинаётган банкнинг расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends