Аукционда 30 долларга сотиб олинган сурат 1,35 млн долларга сотилди
World
−
08:42 2368 2 minutes
Чикаголик машҳур рассомнинг йўқолган асари Мичиганда тасодифан топиб олинди. Бу ҳақда UPI хабар берди.
Қайд этилишича, чикаголик сюрреалист рассом Гертруда Аберкромби томонидан чизилган ва Мичиган штатидаги мол-мулк сотувида бор-йўғи 30 долларга тасодифан харид қилинган сурат Нью-Йоркдаги Freeman's аукцион уйи савдоларида 1,35 миллион долларга сотилган.
1951 йилда чизилган “Ольдерман Мерриамнинг чиғаноқлари” (Alderman Merriam's Shells) номли ушбу асар Аберкромби ижоди учун янги жаҳон нарх рекордини ўрнатган.
Аберкромби ўлчами 20 га 28 сантиметр бўлган ушбу кичик суратни 1952 йилда шифокор Жон Рейнольдсга тиббий хизматлар ҳақи эвазига совға қилган. Картина 1950 йилларнинг бошларида музейларда кўргазмага қўйилган, шундан сўнг деярли 75 йил давомида жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлган. Ёзда холстнинг орқа томонидаги рассом имзосини пайқаб қолган харидор ушбу асарни вафот этган шифокорнинг хонадонидан қолган буюмлар сотувида харид қилган.
Лотнинг дастлабки баҳоси 150 мингдан 250 минг долларгача деб тахмин қилинган, бироқ якуний нарх мўлжалланган қийматдан деярли ўн баравар ошиб кетган. Санъатшунослар бу суратни сюрреалист рассом ижодидаги муҳим босқич деб атамоқда: унда илк бор кейинчалик унинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган дарз кетган чиғаноқ мотиви пайдо бўлган. Реставраторлар сотувдан олдин холстни тозалаб, унга дастлабки кўринишини қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг Лазур қирғоғидаги Кань-сюр-Мер шаҳрида жойлашган француз рассоми Пьер Огюст Ренуар музейига икки нафар номаълум шахс бостириб кириб, тўртта санъат асарини ўғирлаб кетган эди.