Арманистоннинг Европага оғиши нималарга олиб келади?

Review

−

Reklama
0:00

Украинанинг Россия кўланкасидан қочишга интилиши нималарга олиб келди? Бу саволнинг жавоби барчага маълум бўлса керак. 4 йилдан бери тинмай келаётган уруш Москва ҳамда Киевни ҳолдан тойдирган.

Энди эса Ереван ҳам Европа томон ошиқмоқда. Арманистон йиллар давомида Россиянинг Жанубий Кавказдаги энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлиб келган. Бироқ Тоғли Қорабоғ можароси, Россиянинг минтақадаги хавфсизлик кафолатларига нисбатан ишончнинг сусайиши ва Ереваннинг Европа Иттифоқи билан алоқаларни мустаҳкамлашга уриниши узоқ йиллик дўстлик ришталари дарз кетишига сабаб бўлди.

Москва ҳам Ереваннинг Европага интилишига шунчаки жим қараб турмоқчи эмас. Аввалига Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) “қувиш” билан таҳдид қилган Россия энди Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ричагидан фойдаланмоқчи. 2026 йилнинг октябрида ЕОИИ доирасида Арманистоннинг ташкилотдаги аъзолигини тўхтатиш эҳтимолий оқибатларига бағишланган маъруза тақдим этилди. Унда Ереван учун жиддий иқтисодий йўқотишлар прогноз қилиниб, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 15,6 фоизга қисқариши мумкинлиги айтилган. Ереван эса ортга қайтмоқчи эмас.

Хўш, Европа Иттифоқига яқинлашиш Ереванга янги сиёсий ва иқтисодий имкониятлар очадими ёки Россия билан мавжуд алоқаларнинг узилиши мамлакат учун оғир оқибатларни келтириб чиқарадими? Арманистон ҳақиқатан ҳам Украина йўлидан бормоқдами ва энг муҳими, сценарий такрорланиши мумкинми?

КХШТ ва Арманистон

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) ёки бошқача қилиб айтганда, Россиянинг НАТОси ўзининг ғарбдаги аналоги каби аъзо давлатларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва ташқи таҳдидлар юзага келганда ҳамкорлик қилиш мақсадида ташкил этилган ҳарбий тузилма ҳисобланади. Ҳозирда ташкилот таркибига Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Гарчи Арманистон ҳамон унинг расмий аъзоси ҳисобланса-да, 2024 йил февралидан буён ташкилотдаги иштирокини музлатиб қўйган. Бунга эса Қорабоғ урушлари даврида на Россиянинг ва на кўп мақталган КХШТнинг ёрдамга келмагани сабаб бўлди. 

Буни Арманистон очиқ айтиб келади. Мамлакат бош вазири Никол Пашинян шу йилнинг 1 апрель санасида Путин билан учрашганда ҳам ташкилот 2022 йилда юзага келган вазиятда ўз механизмларини ишга солмаганини таъкидлаб, Путинни очиқ-ойдин танқид қилди.

“КХШТ механизмлари ишлаши керак эди, лекин улар ишламади. Бу эса, албатта, КХШТ билан муносабатларимиздаги ҳозирги ҳолатга олиб келди. Биз ҳозир КХШТ ишида оддий сабабга кўра қатнашмаяпмиз: биз ҳанузгача халқимизга, фуқароларимизга нима учун КХШТ реакция билдирмаганини ва Коллектив хавфсизлик шартномасидаги мажбуриятларга зид равишда ҳаракат қилмаганини тушунтириш ҳолатида эмасмиз”, дейди Пашинян.

Арманистоннинг ушбу тарихий травмаси уни Европадан янги дўст излашга ундади. 2023 йилда Арманистон мудофаа вазири Сурен Папикян ва Франция мудофаа вазири Себастьян Лекорню Парижда биринчи расмий ҳарбий шартномаларни имзолади. Унга кўра, ҳаво мудофаасини кучайтириш учун “Thales” компаниясидан 3 та замонавий Ground Master 200 (GM200) радар тизими, қисқа масофали Mistral зенит-ракета мажмуалари ва қатор ҳарбий анжомларни Арманистонга сотишга келишиб олинди.

Қисқа вақт ичида нафақат Европа, балки АҚШ ҳам Ереванга ҳарбий ҳамкор сифатида майдонга чиқа бошлади. АҚШ ва Арманистон ҳарбийлари ўртасида халқаро тинчликпарвар миссияларга тайёргарлик кўриш доирасида ҳар йили ўтказиладиган қўшма ҳарбий машғулотлар тўғрисида келишувлар имзоланиб, Eagle Partner 2023 ва Eagle Partner 2024 қўшма машқлари амалга оширилди.

Ғарбга яқинлашиш ўз навбатида Россия билан алоқаларга, шу жумладан, Арманистоннинг КХШТдаги фаолиятига ҳам таъсир этарди. Москва ундан бир томонни аниқ танлашни, акс ҳолда ташкилотдан қувилиши мумкинлигини таъкидларди.

“Арманистоннинг КХШТ бюджети олдидаги қарздорлиги икки йилдан ошиб кетди – бу вазият ташкилот уставида кўзда тутилган ва биз бугун КХШТ уставининг тегишли моддасини ишга солишни кўриб чиқишга келишиб олдик”, дейди Лавров.

Бундай “пўписа”га жавобан Пашинян Арманистоннинг КХШТдан чиқишини маъқуллаши ва ҳатто бундан мамнун бўлишини билдирган. Бундан ташқари, 4 июнь куни сайловолди дебатида у КХШТдан чиқиш эҳтимолини очиқ тилга олган эди. Унга ташкилотдаги иштирокни музлатиш нимани англатиши ва нега ҳукумат КХШТни танқид қилса ҳам аъзоликни сақлаб қолаётгани ҳақида савол берилганида, Пашинян жавобан Арманистон зарур деб топса, ташкилотни тарк этиши мумкинлигини айтган. Жорий йилнинг 12–16 октябрь саналарида Беларусда бўлиб ўтган қўшма ҳарбий машғулотларда ҳам Арманистон иштирок этмади.

Шундан буён Ереван ва Москва “ит-мушук” бўлиб қолди. Россия гарчи Арманистонни КХШТдан чиқариб юбориш билан таҳдид қилса-да, бунга ҳеч қўл урмасди. Пашинян ҳам мамлакат ташкилотдаги фаолиятини тугатишдан қўрқмаслигини таъкидламоқда, аммо Ереваннинг ўзи ҳам расман чиқиш даъвоси билан чиққанича йўқ. Қисқа қилиб айтганда, КХШТ Россия учун қўрқитиш механизми, Арманистон учун эса мувозанат сақлаш воситаси бўлиб қолди.

Арманистон ва ЕОИИ

КХШТ билан муносабатларини музлатиб қўйган, “хоҳласанг, чиқариб юборавер” деган Арманистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги фаолияти масаласига келганда анча эҳтиёткор ҳаракат қилмоқда. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Ереван кутган хавфсизлик кафолатларини бера олмаган бўлса, Евроосиё иқтисодий иттифоқи Арманистон иқтисодиёти учун муҳим бозор, савдо йўналиши ва даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Шу боис мамлакат раҳбарияти Россия билан сиёсий келишмовчиликларга бепарволик билан ёндашаётган бўлса-да, иқтисодий алоқаларни узиш ҳақида ҳозирча у қадар қатъий баёнотлар бермаяпти.

ЕОИИ – 2015 йилда ташкил этилган, Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистонни бирлаштирган иқтисодий интеграция ташкилоти. Унинг асосий вазифаси аъзо давлатлар ўртасида товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, умумий бозорни шакллантириш ҳамда савдо тўсиқларини камайтиришдан иборат. Қисқа қилиб айтганда, Европа Иттифоқига ҳавас қилган Россия ЕОИИга асос солган. Аммо ғарбдаги “кумири”дан фарқли равишда, ЕОИИ тор доирада, асосан савдо муносабатларини йўлга қўйишнигина қамраб олади. Бундан ташқари, ташкилотнинг Европа Иттифоқида бўлгани каби ягона валютаси мавжуд эмас, божхона тўсиқлари ҳам тўлиқ олиб ташланмаган.

Шунга қарамай, Арманистон КХШТдан чиқиш эҳтимолини бир неча бор очиқ муҳокама қилган бўлса-да, ЕОИИ масаласида ҳозирча бундай қатъий позицияни эгалламади. Аксинча, Ереван Россия билан юзага келаётган қатор савдо келишмовчиликларини айнан шу ташкилотнинг механизмлари орқали ҳал қилишга уринмоқда. Арманистон Иқтисодиёт вазири Геворг Папоян Россиянинг мамлакат маҳсулотларига нисбатан чекловларини ноқонуний савдо тўсиқлари деб атаб, ЕОИИ комиссиясига мурожаат қилганини билдирган.

“Россиянинг бизга нисбатан қўйилган чекловларини ноқонуний деб ҳисоблаймиз. Агар бу чекловлар тўсиқ сифатида тан олинса, Россия ЕОИИ тартибларига мувофиқ уларни 30 кун ичида олиб ташлаши шарт”, деган вазир.

Шу йилнинг 21 октябрь куни можаро янги босқичга чиқди. Шу куни эълон қилинган Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари томонидан тайёрланган ҳисоботда Арманистоннинг ЕОИИ аъзолигини тўхтатиш ёки мамлакатнинг Европа Иттифоқига яқинлашиши оқибатлари баҳоланган. Ҳужжатда Ереван учун жиддий иқтисодий йўқотишлар прогноз қилиниб, ялпи ички маҳсулот 15,6 фоизга қисқариши, инфляция базавий прогнозга нисбатан 14,9 фоиз бандга ошиши ва истеъмол 14,6 фоизга камайиши мумкинлиги айтилган. ЕОИИ мамлакатлари билан умумий савдо ҳажми эса 55,6 фоизга тушиши, Россия газининг нархи минг куб метр учун 177,5 доллардан 300 долларгача кўтарилиши мумкинлиги ҳам алоҳида қайд этилган. Бундан ташқари, прогнозларга кўра, божхона тўловлари ва текширувлар қайта жорий этилиши, Арманистон фуқароларининг иттифоқ мамлакатларида ишлаши учун шароитлар мураккаблашиши мумкин.

Бироқ арманлар отдан тушса ҳам, эгардан тушгиси йўқ кўринади. Мамлакат Иқтисодиёт вазири Папоян прогнозларни бўрттирилган деб атаб, мамлакатдаги ҳисоб-китобларга кўра, эҳтимолий иқтисодий таъсир атиги 0,61 фоиз атрофида бўлиши мумкинлигини билдирган.

Можаронинг бошқа бир муҳим жиҳати – Россиянинг Арманистон маҳсулотларига нисбатан чекловлари. Москва 2026 йилнинг майидан бошлаб Арманистонда ишлаб чиқарилган қатор қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларнинг Россия бозорига киришини чеклади. Бу эса Ереваннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш сиёсатига Москва томонидан очиқчасига билдирилган жавоб бўлди. Маълумотларга кўра, айни вақтда Европа Иттифоқи Арманистон экспортининг қарийб 80 фоизига тааллуқли маҳсулотлар учун тарифларни икки йилга юмшатган. Бу эса, ўз навбатида, Арманистон учун ЕОИИнинг муқобили шакллантирилаётганини англатади.

Шунга қарамай, Арманистон учун ЕОИИ билан алоқаларни узиш осон эмас. Россия бозори мамлакат экспорти учун муҳим йўналишлардан бири, ЕОИИ доирасидаги меҳнат миграцияси эса кўплаб арманистонликлар учун даромад манбаи ҳисобланади. Газ нархининг ошиши ва божхона тўсиқларининг қайтиши ҳам аҳоли, ҳам бизнесга қўшимча босим ўтказиши мумкин.

Айнан шу туфайли Арманистон ташкилотдаги аъзолигини сақлаб қолиш учун жон куйдирмоқда. 22 октябрь куни мамлакат бош вазири Никол Пашинян ЕОИИдан қувиш фақат Россиянинг қўлида эмаслигини таъкидлаб, ташкилот аъзолари бошқа аъзо давлатни чиқариб юбориш ҳуқуқига эга эмаслигини айтар экан, буни Арманистонни мустақиллигидан маҳрум қилишга яна бир уриниш сифатида талқин этди.

“Тарихимизда биринчи марта “метрополия” бизни ўзига тортмаяпти. Аксинча, у “Биз сизни итариб юборамиз”, деяётганга ўхшайди. Мақсад Арманистонда ички сиёсий беқарорликни келтириб чиқаришдир. Натижада, улар Арманистон давлатини назорат остига олиш ниятида. Бошқача қилиб айтганда, улар Арманистонни мустақиллигидан маҳрум қилмоқчи – аввал де-факто, кейин эса де-юре”, деган у.

Ҳақиқатда ЕОИИ Россиянинг Арманистонга босим ўтказиш учун қўллаган навбатдаги воситаси бўлиши мумкин. КХШТга эҳтиёжи йўқ Ереван иқтисодий масалада ҳали тўлақонли Европа бозорларига интеграция бўла олгани йўқ. “Европа Иттифоқи Арманистонни қучоқ очиб қабул қиладими?” деган савол ҳам айни дамда ўринли. Бундан олдинроқ шундай қизиқиш билдирган Украинага Европа альянси фақатгина “ассоциациялашган аъзолик”ни таклиф қилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Табиийки, Украина каби Арманистон ҳам бундай мақомдаги иштирокка қаноат қилмаса керак.

Хўш, Пашинян энди нима қилади? Катта эҳтимол билан ўз йўлида давом этади. Европа томон интилиш унинг Россия ва у бошчилигидаги коалицияларга боғланиб қолган соҳаларини диверсификация қилишга ёрдам беради. Москва эса Украина билан урушдан яхшигина сабоқ чиқаргани аниқ. Яна бир ҳарбий конфликт на Европага ва на Россияга керак. Арманистон эса фақат ва фақат эркинлик ва ишончли савдо алоқаларини истайди, холос.


Author

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends