Андижонда ЙПХ талабига бўйсунмаган Onix ҳайдовчиси ЙТҲга учради

Crime

image

Андижон шаҳрида йўл-патрул хизмати ходимининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган Onix ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги дўконга урилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа кеча, 17 август куни соат 01:10 атрофида Андижон шаҳри Машраб кўчасида содир бўлган. Шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Onix ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган.

Бироқ ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабига бўйсунмай, ҳаракатини Ломоносов кўчаси томон давом эттирган. Шундан сўнг у рул бошқарувини йўқотиб, йўл четидаги дўконга бориб урилган.

Ҳодиса жойида ҳайдовчининг ҳужжатлари текширилганда, 1999 йилда туғилган У. М. автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқаргани аниқланган. Шунингдек, транспорт воситасига нисбатан муддати ўтган 10 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик мавжуд бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларини бузиш) 2-қисми ҳамда 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Автомобиль эса вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.

ЙТҲ оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Автомобилга техник шикаст етган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида йўл-патруль хизмати ходимларининг қонуний талабига бўйсунмай, қочишга уринган ҳайдовчи патруль автомобилига урилиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этганидан сўнг ушлангани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends