Андижонда яна 7 та $20 миллионлик товуқ гўшти комплекси барпо этилади

Local

image

Андижонда келгусида қўшимча 20-30 минг иш ўрни яратилади. Вилоятда дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш мақсадида мана шундай ерларнинг 200 гектарида чорва боқиш учун шароит яратилади ҳамда Улуғнордаги 1 минг 200 гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилаётган йиғилишида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, энди Андижондаги лойиҳалар менежери вилоятнинг янги инвестиция моделини яратишга масъул бўлади. Йиғилишда Қорақалпоғистон тажрибаси асосида қолган 13 та ҳудуд учун ҳам лойиҳалар менежери лавозимлари жорий этилиши белгиланган.

Бу жараёнда ҳар бир туманнинг саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги имкониятлари сунъий интеллект ёрдамида баҳоланади. Юқори қўшилган қиймат яратиш имкони бўлган соҳалар аниқланиб, хорижий сармояларни жалб қилиш режаси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, айланмаси 100 миллиард сўмдан юқори 104 та корхона фаолиятини кенгайтириш орқали қўшимча 20-30 минг иш ўрни яратиш бўйича лойиҳалар тайёрланади. Айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 4 та корхонада технологик модернизация ҳисобига қўшилган қийматни 40-50 фоизга кўпайтириш чоралари кўрилади.

Келгуси йил Андижонда камида 10 фоиз иқтисодий ўсишни таъминлаш, 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган.

Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда йирик комплексларни кўпайтириш вазифалари ҳам белгиланган. 

Жумладан, Улуғнорда пахтадан озуқа экинларига ўтказилган 5 минг гектар майдон камида 10 минг бош қорамол боқиш имконини бериши таъкидланган. Дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш орқали ҳам чорвачиликни кенгайтириш мумкинлиги айтилган. Йиғилишда йил якунигача шундай майдонларнинг камида 200 гектарида чорва боқиш учун шароит яратиш, Улуғнор ва Бўстонда йирик чорвачилик комплекслари лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифалари топширилган.

Шунингдек, Балиқчида ишга туширилган 20 миллион долларлик товуқ гўшти комплекси тажрибаси асосида Жалақудуқда 4 та, Хўжаободда 3 та шундай комплекс лойиҳасини бошлаш вазифаси қўйилган. Улуғнордаги 1 минг 200 гектар майдонда Балиқчи тумани тажрибаси асосида балиқчилик кластери ташкил этилиши ҳам қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев масъулларга Асакада автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича шаклланган 30 йиллик тажриба асосида ўз технологияларини яратишга ўтиш ҳамда “Асака муҳандислик водийси”ни ташкил этиш вазифасини берганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends