Андижонда автомобилсозликка асосланган “Асака муҳандислик водийси” ташкил этилади

Local

image

Шавкат Мирзиёев масъулларга Асакада автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича шаклланган 30 йиллик тажриба асосида ўз технологияларини яратишга ўтиш ҳамда “Асака муҳандислик водийси”ни ташкил этиш вазифасини берди. Бу ҳақда бугун, 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилаётган йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, йиғилишда инвестицияларнинг ҳажми билан бирга сифати, таркиби ва иқтисодиётга берадиган самарасига алоҳида эътибор қаратилган. Яқинда саноат ва тадбиркорлик учун ажратилган 1 минг гектар майдон Андижонда 7 миллиард доллар инвестиция ва камида 70 минг юқори даромадли иш ўрнига айланиши кераклиги таъкидланган.

Шу билан бирга, жорий йилга режалаштирилган 3,5 миллиард доллар инвестициянинг мамлакатлар ва тармоқлар бўйича таркиби етарлича диверсификация қилинмагани айтиб ўтилган.

Билдирилишича, вилоятда ахборот технологиялари хизматлари экспорти ва малакали кадрлар мавжуд бўлса-да, соҳанинг технологик базасини мустаҳкамлашга инвестициялар етарли йўналтирилмаяпти. Давлат раҳбари сармояларни юқори қўшилган қиймат, замонавий технология ва барқарор иш ўринлари яратадиган йўналишларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Бундан ташқари, масъулларга Асакада автомобилсозлик ва машинасозлик бўйича шаклланган 30 йиллик тажриба асосида ўз технологияларини яратишга ўтиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда “Асака муҳандислик водийси”ни ташкил этиб, дастурий маҳсулотлар, электроника, электромеханика ва муҳандислик хизматлари занжирини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланган.

Маълум қилинишича, вилоятда муҳандислик, энергетика, саноат ва ахборот технологиялари йўналишларида 10 минг талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ғояларини тайёр маҳсулотга айлантирадиган тадқиқот ва ишланмалар марказларини ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Тўқимачиликда ҳам мавжуд қувватлардан юқори самара билан фойдаланиш имкониятлари борлиги, шундан фойдаланиб Европадан дизайнер, конструктор ва брендларни жалб қилиб, қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ўтиш орқали соҳа экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, энди вилоятда инвестиция натижадорлиги ҳар бир квадрат метр майдонда яратилган қўшилган қиймат билан баҳоланиши белгиланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends