“Ал-Наср” – “Нефтчи” учрашуви ракета таҳдиди сабаб кеч бошлангани маълум бўлди
Sport
−
10:28 1451 2 minutes
Ўзбекистоннинг “Нефтчи” ва Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” жамоалари ўртасидаги Осиё Чемпионлар лигаси элит турнирининг 2-тур учрашуви Ар-Риёдда ракета таҳдиди сабаб бир соат кеч бошланди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Учрашув Тошкент вақти билан соат 23:15 да бошланиши режалаштирилган эди. Бироқ баҳс белгиланган вақтдан бир соат кейин старт олди. Ўйин бошланишидан бироз аввал Саудия Арабистони Фуқаро мудофааси бош бошқармаси мамлакат пойтахтида эҳтимолий хавф ҳақида огоҳлантириш эълон қилган.
Бир соат кечикиб бошланган учрашувда фарғоналиклар 3:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ар-риёдликлар сафида иккинчи голга Криштиану Роналду муаллифлик қилди ва профессионал фаолиятидаги голлари сонини 981 тага етказиб олди.
Манбада келтирилишича, жорий йилнинг 10 октябрь куни Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Ар-Риёд аэропортига қилинган ҳужум оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлгани ва 309 киши жароҳатланганини маълум қилган. 11 октябрь куни эса бир нечта қурбонларга сабаб бўлган янги ҳужум ҳақида хабар берилган.
Шу куни “Ансаруллоҳ” ҳаракати 24 соат ичида баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда тўртта йирик операция ўтказганини билдирган.
Маълумот учун, Яманда ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган ҳукумат кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар 2014 йилдан бери давом этиб келмоқда. Сўнгги ойларда минтақадаги ҳарбий ҳаракатлар ва денгиз йўллари хавфсизлиги билан боғлиқ кескинлик янада кучайгани ҳақида хабар берилганди.
Live
All