Акмалхон Ортиқов суди махсус таклиф қилинган шахслар қатнашадиган аукционлар сабаб ёпиқ ўтади
Crime
−
01 August 3571 2 minutes
Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқов ва яна 5 кишига оид жиноят иши бўйича суд мажлиси нима учун ёпиқ тарзда ўтказилаётгани очиқланди. Бугун, 31 июль куни Тошкент шаҳар суди биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ташкилот матбуот котиби Турсунали Акбаров QALAMPIR.UZ журналистига изоҳ берди.
Маълум қилинишича, иш ҳужжатларида қонун билан муҳофаза қилинадиган маълумотлар мавжуд. Мазкур жиноят ишида олти нафар шахсга нисбатан ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа моддалар бўйича айблов эълон қилинган. Улар орасида ёпиқ аукционлар ўтказилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам ўрин олган. Таъкидланишича, ёпиқ аукционлар фақат олдиндан рухсат этилган ва махсус таклиф қилинган шахслар қатнашадиган кимошди савдоси ҳисобланиб, унда барча иштирок эта олмайди.
“Ёпиқ аукционлар асосан давлат мулкини бошқариш, стратегик ер участкаларини ажратиш, хавфсизлик тизимлари билан боғлиқ лойиҳалар ҳамда активлар ўртасида ўтказилади. Шундай ҳолат бўлгандан кейин, қонун билан муҳофаза қилинадиган маълумотлар мавжудлиги сабабли, хоҳлаймизми-йўқми, бундай суд мажлислари ёпиқ тарзда ўтказилади”, деди Тошкент шаҳар судлари матбуот котиби Турсунали Акбаров.
-Recovered-Recovered-Recovered-Revered-Recovered(3).jpg)
6 йилга яқин Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимида ишлаган 46 яшар Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” ва “г” бандлари, айни шу модданинг 3-қисми “а” ва “в”, 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, айни шу модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, ушбу иш бўйича яна 5 киши – Зиёвиддин Жаббаров, Зухриддин Ниғмонхонов, Равшан Халиткариев, Саиджон Саидов, Шерматжон Жўраев судланмоқда.
Эслатиб ўтиамиз, жорий йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетаётгани, миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланганини айтганди. Шу боис, агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинганини билдирганди.
Live
All