АҚШга қочиб кетган Болсонару ўзини “Бразилия етакчиси” деб эълон қилди
World
−
11:41 586 2 minutes
Бразилиядаги президентлик сайловларида мағлуб бўлган Флавиу Болсонару ўзини мамлакат етакчиси деб эълон қилди. У сайлов натижаларини сохталаштирилган деб атаб, хориждан туриб демократия учун курашишини билдирди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Маълум қилинишича, Болсонару кеча, 29 октябрь куни ижтимоий тармоқда Бразилия халқига мактуб эълон қилган. Унда амалдаги Президент Луис Инасиу Лула да Силванинг жорий йилнинг 25 октябрь куни бўлиб ўтган сайловдаги ғалабаси қонунбузарликлар ва коррупциялашган суд тизими туфайли таъминланганини даъво қилган. Бироқ у сайловда сохталаштириш бўлганига оид аниқ далилларни келтирмаган.
ОАВ хабарларига кўра, Болсонару дастлаб ўзини Бразилиянинг ҳақиқий президенти ва сайланган президенти деб атаган, бироқ кейинчалик бу ибораларни ўчириб ташлаган. У мамлакатда диктатура ўрнатилишига йўл қўймаслик учун хориждан туриб кураш олиб боришини айтган.
Болсонару АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Аргентина Президенти Хавьер Милейга ҳам қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.
Маълумотларга кўра, Болсонару оиласи билан аввал Аргентинага, кейин Эквадорга, у ердан эса АҚШнинг Майами шаҳрига йўл олган. Унинг мамлакатдан чиқиб кетиши билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, 26 октябрь куни унга Бразилияни тарк этиш тақиқлангани ва оддий ҳамда дипломатик паспортларини топшириш ҳақида Олий суд қарори тақдим этилган. Бу коррупция, пул ювиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ терговлар доирасида амалга оширилган.
Бразилиялик бир қатор сиёсатчилар Болсонарининг баёнотларини танқид қилган. Сенатор Алессандро Виейра унинг сайлов натижаларини шубҳа остига қўйишини кулгили деб атаган. Сенатор Рандолфи Родригес эса бу мурожаатни сайлов жараёнига ҳужум сифатида баҳолаган.
Бразилия Олий сайлов суди раиси Кассиу Нунес Маркес сайловлар қонун ва Конституцияга мувофиқ, имкон қадар нормал тарзда ўтганини таъкидлаган. Бир қатор сиёсий партиялар эса мамлакат демократик жараёнларига аралашувга йўл қўймаслик ҳақида қўшма баёнот берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилияда президентлик сайловида амалдаги давлат раҳбари Лула да Силвага ютқазган сенатор Флавио Болсонаро суднинг мамлакатдан чиқиш тақиқиқа қарамай, АҚШга қочиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October