АҚШдаги Хэллоуин дўконида отишма бўлди. Қурбон бор

World

−

image

АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Хэллоуин байрами либослари сотиладиган дўконда отишма юз берди. Оқибатда ҳомиладор аёл ҳалок бўлиб, яна олти киши турли даражада яраланди. Бу ҳақда “Associated Press“ хабар берди.

Қайд этилишича, отишма жорий йилнинг 30 октябрь куни соат 20:30 атрофида Фейрфилд шаҳридаги Solano Town Center савдо марказида жойлашган Spirit Halloween дўконида содир бўлган. Бу ҳақда шаҳар полицияси кеча, 31 октябрь куни Facebook саҳифасида маълум қилган.

Полиция ҳалок бўлган аёл 31 ёшли Констанс Ҳейжс эканини аниқлаган. Унинг оила аъзолари ҳуқуқ-тартибот идораларига аёл ҳомиладор бўлганини билдирган.

Отишма оқибатида 16, 19 ва 32 ёшли уч нафар эркак оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Яна 23 ёшли эркакнинг аҳволи ҳам оғир, бироқ барқарор деб баҳоланган. 19 ва 43 ёшли икки эркак ҳам ўқотар қуролдан яраланган. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилгач, шифохонадан жавоб берилган.

Ҳозирча ҳодиса бўйича ҳеч ким қўлга олинмаган. Полиция жиноятни содир этган шахсни аниқлаш учун кузатув камералари ёзувлари ва бошқа далилларни ўрганмоқда.

Шаҳар полицияси ҳодиса маҳаллий аҳоли орасида хавотир уйғотганини билдирган. Айниқса, Хэллоуин байрами муносабати билан кўплаб тадбирлар режалаштирилгани сабабли фуқаролардан ҳушёр бўлиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва шубҳали ҳолатлар ҳақида хабар бериш сўралган.

130 та дўкон ва ресторанни ўз ичига олган Solano Town Center савдо маркази фаолиятини давом эттирган. Бироқ маъмурият отишма сабабли 31 октябрь куни ўтказилиши режалаштирилган болалар учун ширинлик йиғиш тадбирини бекор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Американинг Пенсильвания штатида 45 ёшли эркак ўз уйида 8 кишини, жумладан, ҳомиладор аёл ва болаларни отиб ўлдиргач, ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends