АҚШда техник носозликлар ортидан Оқ уй киберхавфсизлик директори ишдан бўшатилди

World

−

image

АҚШда сўнгги кунларда авиақатновлар, банк хизматлари ва миллий хавфсизлик тизимларида юз берган техник узилишлардан кейин Оқ уйнинг миллий киберхавфсизлик директори Шон Кернс лавозимидан четлатилди. Унинг вазифасини вақтинча Мудофаа вазирлигининг ахборот технологиялари бўйича раҳбари Кирстен Дэвис бажаради. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди. 

Оқ уйга яқин манбанинг агентликка маълум қилишича, Кернс кеча, 19 ноябрь куни лавозимидан четлатилган. У федерал ҳукумат миқёсида киберхавфсизлик сиёсати ва стратегиясини назорат қилиб келган.

Оқ уйга яқин манбанинг айтишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Кернсни ишдан бўшатиш қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Кернс эса лавозимидан кетиши юзасидан изоҳ бермаган.

Аввалроқ, “Axios“ нашри ҳам унинг Оқ уйдан кетаётгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг аноним расмийларга таяниб ёзишича, Оқ уй аппарати раҳбари Стивен Миллер Кернсни лавозимидан олиш тарафдори бўлган. Нашр манбаларига кўра, Миллер унинг киберхавфсизлик соҳасида етарли тажрибага эга эмаслигини сабаб қилиб кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ҳафта ичида АҚШда технологиялар билан боғлиқ бир нечта йирик узилишлар кузатилди. Жумладан, мамлакат бўйлаб авиақатновлар вақтинча тўхтатилди, Microsoft тизимидаги носозлик электрон почта хизматларига таъсир кўрсатди. Шунингдек, жорий йилнинг 16 ноябрь куни мамлакатдаги йирик банклар фаолиятида узилишлар кузатилган.

Ушбу ҳодисалар ортидан Трамп маъмурияти техник носозликларга муносабати учун танқидга учради. Жорий йилнинг 18 ноябрь куни АҚШ разведка ҳамжамиятининг юқори мартабали вакили муҳим тизимлардаги узилишлар ўзаро боғлиқ эмаслигини билдирган. Унинг таъкидлашича, булар техник хизмат кўрсатиш ва тизимларга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ алоҳида носозликлар бўлиб, мувофиқлаштирилган ёки бирор давлат томонидан уюштирилган ҳужум аломатлари аниқланмаган.

Маълумот учун, Шон Кернс ушбу лавозимга тайинланишидан олдин Республикачилар миллий қўмитасида раҳбар лавозимида ишлаган. Унинг доимий вориси Сенат томонидан тасдиқланиши керак. Бироқ 2027 йил январидан бошлаб Сенатда демократлар назорати кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио мамлакатда сўнгги кунларда кузатилган йирик техник носозликлар ортида киберҳужумлар ёки бошқа давлатларнинг аралашуви йўқлигини маълум қилган эди. Унинг айтишича, юз берган ҳодисалар бир-бирига боғлиқ эмас ва ҳар бирининг алоҳида сабаби бор.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends