АҚШда кутилмаганда минглаб рейслар бекор қилинди
World
−
12:53 493 2 minutes
АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси (ФФА) кеча, 13 ноябрь куни кечаси минглаб рейслар ишини издан чиқарган ва турли штатлардаги юз минглаб йўловчиларга таъсир кўрсатган тўрт соатлик тўхталишдан сўнг парвозларга қўйилган умуммиллий тақиқни бекор қилди. Америка ҳаво ташувлари соҳаси дам олиш кунлари ҳам кечикишлар билан ишлашда давом этади. Ушбу носозлик 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Қўшма Штатлардаги энг йирик шундай тўхталиш бўлди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ авиация маъмурияти Шарқий Америка вақти билан соат 15:54 атрофида парвозларни тўлиқ тўхтатишга қарор қилди. Бунга ҳаво ҳаракатини бошқариш бўйича барча 22 та ҳудудий марказнинг алоқа, радарлар ва коммуникация тизимлари ишини фалаж қилиб қўйган маълумотларнинг ҳаддан ташқари юкланиши сабаб бўлди. Коммутатор ва роутерлар (тизим кўп жиҳатдан 1980-йиллардаги ускуналар ва мис алоқа линияларига таянади) маълумотлар билан ҳаддан ташқари юкланиб, нотўғри ахборот бера бошлаган. Бекор қилиш тўғрисидаги қарор қарийб 10 мингта рейсга таъсир кўрсатган ва агар фақат рейслари кечиктирилган эмас, балки бекор қилинган одамлар ҳисобга олинса, 1,5 миллионга яқин йўловчини қамраб олган.
Қўшма Штатлар устида ҳавода бўлиб турган тахминан 4000 та самолётга парвозларни жадвалга мувофиқ якунлашга рухсат берилган. Халқаро етиб келишлар индивидуал тартибда кўриб чиқилган.
Америка расмийларига кўра, юз берган носозлик бўйича мавжуд маълумотлар ҳозирча киберҳужум, сунъий интеллект билан боғлиқ муаммолар ёки бирор-бир хорижий давлатнинг “ғаразли хатти-ҳаракатлари”га ишора қилмаяпти.
“Бизда ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими ниҳоятда эскирган. Маршрутизаторларимиз ҳаддан ташқари юкланди ва нотўғри маълумотларни бера бошлади. Шу сабабли биз тизимни ўчириб қўйдик”, дейди АҚШ Транспорт вазири Шон Даффи.
Шу билан бирга, содир бўлган воқеа моҳиятини тўлиқ англаб етиш учун мутахассисларга “бироз вақт” керак.
13 ноябрь куни юз берган носозлик АҚШ ичида мамлакатдаги авиақатновлар учун зарур бўлган алоқа ва бошқарув тизимларини модернизация қилиш масаласини янада кескинлаштирди. Жорий режаларга кўра, ФФА жараённинг биринчи босқичини 2028 йил охиригача якунлаши лозим.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November