АҚШ ва Европа Украина учун 4 бандли тинчлик режасини ишлаб чиқмоқда – WP

World

−

image

АҚШ ва Европа Украинадаги урушни ҳал қилиш бўйича биргаликда тинчлик режаси устида ишламоқда. У тўртта асосий бандни ўз ичига олади. Бу ҳақда музокаралар бориши билан таниш бўлган америкалик мулозим “The Washington Post” журналисти Девид Игнатиусга маълум қилди.

“Иккала томонга ҳам урушдан кейинги вазият қандай бўлишини кўришга ва шундан сўнг ён беришларга боришга ёрдам бериш учун муаммо ва унинг ечимини янада кенгроқ кўламда кўриб чиқишимиз керак”, дейди манба.

Унинг маълумотларига кўра, тинчлик режаси тўртта асосий компонентни ўз ичига олади:

1. Украинанинг хавфсизлик кафолатлари. АҚШ ва Европа мамлакатлари Россия томонидан ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланган тақдирда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олишлари керак бўлади. Америкалик мулозимнинг сўзларига кўра, бундай механизм НАТО уставининг жамоавий мудофаа тўғрисидаги 5-моддасига ўхшаш бўлади. Унинг қўшимча қилишича, ушбу банд, шунингдек, Москванинг Европа билан хавфсизлик бўйича битим юзасидан музокаралар олиб боришини ҳам назарда тутади;

2. Низо тугаганидан сўнг Украинани қайта тиклаш ва ривожлантиришга инвестициялар. Жаҳон банки ва инвестиция компанияларидан бири вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклаш, ҳалок бўлган ва яраланган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларини, шунингдек, Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлашни молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш ниятида. Музокара иштирокчилари Киевдан харажатлар сметасини ҳамда маблағлар “беҳуда сарфланмаслиги”га кафолатлар сўраган;

3. Энергетика битими орқали Россия, Украина ва Европанинг иқтисодий интеграцияси. Ўрганилаётган вариантлардан бири Россия нефти ва газини Европага етказиб бериш учун қувур яратишни назарда тутади, ундан олинадиган фойдани эса Россия ва Украина ўртада бўлишади. Америкалик мулозимнинг баҳолашича, бу Европа мамлакатлари учун энергия ресурслари нархини сезиларли даражада арзонлаштиради, Россияга эса Европа энергетика бозорига узоқ муддатли чиқиш имконини таъминлайди. Бундан ташқари, битим Москвага қарши амалдаги иқтисодий санкцияларни бекор қилиш тартиби ва муддатларини белгилаб бериши керак;

4. Низони амалдаги тўқнашув чизиғи бўйлаб музлатиш. Россия мавжуд фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатишга рози бўлиши, эгаллаб турган ҳудудларини, жумладан, ўз назоратидаги Донбасс қисмини сақлаб қолиши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина келишувлар тузишга қодир бўлган янги етакчи топиши кераклигини айтган эди. Шундан сўнг, Украина етакчиси Владимир Зеленский, агар Россия 60 кунлик тўлиқ ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, президентлик сайловларини ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бунга жавобан Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш эмас, балки узоқ муддатли тинчлик тарафдори эканини эслатиб ўтди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends