АҚШ суди Meta компаниясига катта миқдорда жарима солди
World
−
10:01 781 3 minutes
АҚШнинг Нью-Мексико штати суди Meta компаниясини ўсмирларнинг руҳий саломатлигига зарар етказганликда айбдор деб топиб, 567 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаш ҳамда Facebook ва Instagram платформаларида вояга етмаганлар хавфсизлигини кучайтириш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, компания 5 йил давомида ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга қўшимча чекловлар жорий этиши, билдиришномаларни қисқартириши, катталарнинг вояга етмаганлар билан мулоқотини қатъий назорат қилиши, сунъий интеллект чат-ботларининг фаолиятига янги ҳимоя механизмларини ўрнатиши ва болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳақидаги хабарларни янада чуқурроқ текшириши шарт.
Санта-Фе шаҳридаги судья Браян Бидшейд Meta’ни Нью-Мексико қонунларига кўра “жамоатчиликка зарар етказувчи фаолият”ни амалга оширган деб топган. Суд штат Бош прокурори Раул Торреснинг компания ёш фойдаланувчиларни платформаларга қарам қилиб қўядиган маҳсулотлар яратгани ҳамда уларни жинсий эксплуатациядан етарли даражада ҳимоя қилмагани ҳақидаги даъволарини қўллаб-қувватлаган.
Мазкур ҳукм жорий йил бошида суд ҳайъати Meta’ни Facebook ва Instagram’даги хавфсизлик чораларини нотўғри талқин қилиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини бузганликда айбдор деб топган. Орадан беш ой ўтиб эса компания зиммасига 375 миллион доллар тўлаш мажбурияти юклатилган.
Шунингдек, Meta’нинг сунъий интеллект чат-ботлари орқали Нью-Мексикодаги болалар билан романтик ёки жинсий мазмундаги мулоқотлар олиб борилишига йўл қўймаслик ҳамда катталарнинг чатботлардан бола билан жинсий алоқани тасвирлаш ёки муҳокама қилиш учун фойдаланишини тақиқлаш талаби ҳам белгиланган.
Meta ушбу қарор устидан апелляция шикояти беришини маълум қилди. Компания баёнотида ўсмирларни онлайн ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган чоралар таъкидланиб, суд даъволари фактларни нотўғри талқин қилаётгани билдирилган.
Нью-Мексико Бош прокурори Раул Торреснинг таъкидлашича, ушбу қарор ижтимоий тармоқлар болалар хавфсизлигидан кўра фойдани устун қўйганда қандай оқибатлар юзага келишини кўрсатади.
“Бу шунчаки битта компанияга қарши чиқарилган ҳукм эмас. Бу режа. Энди бошқа штатлар ва худди шундай муаммога дуч келаётган мамлакатлар ҳам амал қилиши мумкин бўлган йўл харитаси мавжуд”, деган Торрес.
Айни пайтда Meta АҚШнинг яна 29 штати томонидан Facebook ва Instagram ёшларни платформаларга қарам қилиш мақсадида ишлаб чиқилгани юзасидан очилган федерал суд жараёнига ҳам тайёргарлик кўрмоқда. Компания Теннесси штатининг даъвоси бўйича ҳам судда ўзини ҳимоя қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Американинг Apple корпорацияси харидорларнинг Apple Intelligence функциялари ҳақидаги нотўғри реклама ва Siri овозли ёрдамчисининг янгиланишларини кечиктирганликда айблаган жамоавий даъвоси доирасида 250 миллион доллар тўлашга рози бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All