АҚШ космосга доир махфий маълумотни очиқлади
World
−
12:23 2047 2 minutes
АҚШ космик ҳудудни назорат қилиш учун Ер орбитасига қурол жойлаштирганини илк бор расман эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари вазири Трой Мейнк маълум қилди.
Мейнкнинг айтишича, АҚШ ўз қуролли кучларини рақибларнинг душманона ҳаракатларидан ҳимоя қилишга қодир бўлган орбитадаги қуролларига эга.
“Биз таҳдидлар қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, ўзгариб бораётган хавфларга тайёргарликни таъминлашда давом этмоқдамиз. Шу сабабли АҚШ ҳозирда космик ҳудудни назорат қилишга мўлжалланган ва қуролли кучларимизни рақибларнинг душманона ҳаракатларидан ҳимоя қила оладиган орбитага жойлаштирилган қуролга эга”, деган Мейнк АҚШ Ҳаво ва космик кучлар ассоциацияси конференциясида.
“Air & Space Forces Magazine” нашрининг қайд этишича, бу АҚШ расмийлари мамлакатда орбитага жойлаштирилган космик қурол мавжудлигини биринчи марта очиқ маълум қилиши ҳисобланади.
Мейнк ўз баёнотини пухта ўйланганини ва ундаги сўзлар жуда эҳтиёткорлик билан танланганини таъкидлаган. Бироқ у орбитага жойлаштирилган қуролнинг айнан қандай кўринишда экани ва унинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот беришдан бош тортган.
“Мен билишимча, аввал бирорта америкалик бундай расмий баёнот бермаган. Энди АҚШ хитойликлар ва россияликлар ҳам худди шундай иш тутиши ёки баёнот беришига кўникишига тўғри келади. Бу АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларига мос келади, деб ўйламайман”, деган Космик хавфсизлик бўйича эксперт Виктория Семсон “Defence One” нашрига берган интервьюсида.
АҚШ космосга айнан қандай қуролларни жойлаштирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Семсон бу кинетик қурол эмас, балки космик радиоэлектрон кураш воситалари бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Маълумот учун, 2024 йилда АҚШ Россиянинг бошқа сунъий йўлдошларга ҳужум қилиш имкониятига эга бўлган сунъий йўлдошни космосга жойлаштирганини маълум қилганди. Ўша пайтда Вашингтон Москванинг ядро зарядини олиб юрувчи сунъий йўлдошни ҳам космосга чиқаришни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирган.
Россия бу хабарларни “ҳийла” деб атаган. Шу билан бирга, Москва БМТ Хавфсизлик кенгашида космосга ядро қуролини жойлаштирмаслик тўғрисидаги резолюция қабул қилинишига тўсқинлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ҳарбийлари Starlink сунъий йўлдошларини йўқ қилиш салоҳиятига эга бўлган импульсли қурол ишлаб чиққанди.
Live
All