АҚШ 35 йил ичида илк бор янги ядровий авиабомба ишлаб чиқишга қарор қилди
World
−
13:41 335 3 minutes
АҚШ Сенатининг бюджет ҳужжатларида совуқ уруш тугаганидан бери илк марта янги ядровий авиабомба – B94 нинг ишлаб чиқилиши ҳақида маълумот пайдо бўлди. ҳарбий технологияларга оид “The War Zone” (TWZ) нашри хабар берди.
Қайд этилишича, авиабомба ҳақидаги маълумотлар Энергетика вазирлигини 2027 молия йилида молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтириш хатидан ўрин олган. Миллий ядровий хавфсизлик бошқармасининг (NNSA – АҚШ ядровий арсеналини назорат қилувчи идора) харажатлар жадвалига кўра, келгуси йилда B94 дастури учун 77,1 миллион доллар ажратиш таклиф этилмоқда. TWZ қайд этишича, 2026 йилда ушбу харажат моддаси мавжуд бўлмаган, ҳужжатда ўқ-дорининг хусусиятлари тавсифи эса келтирилмаган.
Нашрнинг тушунтиришича, Америка таснифида B ҳарфи ракеталар учун жанговар каллакни (W) эмас, балки эркин тушувчи авиабомбани англатади. АҚШ сўнгги бор янги индексга эга авиабомба – B90 лойиҳасини совуқ уруш охирида ишлаб чиққан: ушбу дастур 1991 йилда СССР парчаланганидан кейин тўхтатилган. Ўшандан бери Вашингтон эски зарядларни, масалан, аллақачон қўшинларга етказиб берила бошлаган B61-13 гравитацион ядровий бомбасини модернизация қилиш билан чекланиб келган. “Breaking Defense” нашри Стэнфорд университетининг қуроллар устидан назорат бўйича эксперти Жеффри Льюисга таяниб ёзишича, B94 эҳтимол эскирган ўта қудратли B83-1 термоядровий бомбасининг “ер остига кириб борувчи” ўринбосарига айланади.
TWZ ҳам шунга ўхшаш баҳо бермоқда: янги ишланма чуқур кириб борувчи NDS-A бункерга қарши бомбасини ифодалаши мумкин. Бундай қурол оддий ўқ-дорилар билан йўқ қилиб бўлмайдиган ўта ҳимояланган ерости қўмондонлик пунктлари ва шахталарни вайрон қилиш учун мўлжалланган.
1990 йилларда шунга ўхшаш B61-11 бомбаси Шимолий Уралдаги Косьвинский Камень тоғи остида жойлашган Россия ерости мажмуасини нишонга олган ҳолда яратилган, бироқ ўшандан бери Россия, Хитой ва Эрон янада чуқурроқ истеҳкомлар қурган. Шунингдек, B94 ни яратиш – W93 ва W87-1 жанговар каллаклари, Sentinel ракеталари, B-21 Raider бомбардимончи самолётлари ҳамда Columbia тоифасидаги сувости кемаларини ишлаб чиқиш билан бир қаторда АҚШнинг бутун ядровий триадасини янгилаш бўйича кенг кўламли дастурининг бир қисми экани таъкидланмоқда.
B94 қайд этилган қонун лойиҳаси ҳали Америка Конгрессида овоз бериш жараёнидан ўтиши ва АҚШ Президенти томонидан имзоланиши керак. Бироқ янги индекс пайдо бўлишининг ўзи АҚШ ядровий қурол-яроғ мажмуаси ичида дастур аллақачон расман мавжудлигини ва ўз шифрини олганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Pantex заводи АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига модернизация қилинган B61-13 гравитацион ядровий бомбаларини етказиб беришни бошлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllTramp Xitoyga etib bordi
14:12