Россия Харьковга авиабомбалар билан зарба берди. Қурбонлар бор
World
−
09:55 590 2 minutes
Россия кучлари кеча, 2 октябрь куни Харьков шаҳрининг икки туманига бошқариладиган авиабомбалар билан зарба берди. Ҳужум оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 33 киши, жумладан 2 нафар бола яраланди. Бу ҳақда Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ва шаҳар мэри Игорь Тереховга таяниб, “Ukrinform” хабар берди.
Қайд этилишича, зарбалар Немишлянский ва Слободский туманларига берилган. Бомбалар хусусий тураржойлар жойлашган ҳудудларга бориб тушган. Харьков мэри дастлаб Немишлянский туманида 1 киши ҳалок бўлгани ва Слободский туманида 6 киши яраланганини маълум қилган. Кейинчалик зарба жойларидан бирида тураржой биноси бутунлай вайрон бўлгани аниқланган.
Слободский туманида бомбалар хусусий уйлар орасига тушган. Оқибатда қарийб 10 та хонадон, офис бинолари, таълим муассасаси ва камида 6 та автомобиль зарар кўрган. Немишлянский туманида эса хонадонлардан бирига зарба берилган. Унинг атрофидаги яна қарийб 10 та уй шикастланган.
Кечга яқин ярадорлар сони 17 нафарга етгани маълум қилинган. Улар орасида бир бола бор. Яраланган 48 ёшли эркак жарроҳлик амалиётига олинган. Кейинчалик ҳужум жойидан яна бир кишининг жасади топилган. Шу тариқа ҳалок бўлганлар сони 2 нафарга етган.
Зарбалар оқибатида жами қарийб 20 та тураржой, офис бинолари, таълим муассасаси ва автомобиллар зарар кўрган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужумда 33 киши яраланган. Уларнинг орасида 2 нафар бола бор. Айни пайтда зарба оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия кучлари Украинанинг шаҳарларига дронлар орқали ҳужум қилганди. Киевда дронлардан бири мактаб биносига урилган бўлса, Одессада бизнес-марказга зарба берилган.
Live
All