АҚШ 2025 йилда 150 дан ортиқ тинч аҳоли вакилини ўлдирган – Пентагон
World
−
12 August 918 2 minutes
АҚШнинг 2025 йилдаги ҳарбий операциялари оқибатида 153 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна 243 киши жароҳатланган. Бу ҳақда Пентагоннинг АҚШ Конгрессига тақдим этилган ҳисоботида сўз боради.
Маълум қилинишича, 2025 йилда тинч аҳоли ўртасидаги барча ўлим ва жароҳат ҳолатлари Яманда амалга оширилган 3 та АҚШ зарбаси билан боғлиқ. Ҳисоботда АҚШ Марказий қўмондонлиги 2025 йил апрель ойида Яманда амалга оширилган 3 та зарба тинч аҳоли вакилларига зарар етказган бўлиши эҳтимоли юқори, деган хулосага келгани ёзилган.
Шунингдек, 2026 йил февраль ҳолатига кўра, Яманда яна 15 та ҳодиса бўйича текширув олиб борилаётгани маълум қилинган. Ушбу ҳолатлар нодавлат ташкилотлардан келиб тушган хабарлар асосида ўрганилмоқда.
Пентагон маълумотларига кўра, 2024 йилда АҚШ ҳарбий операциялари оқибатида 2 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган ва яна 2 киши жароҳатланган. АҚШ ҳарбийлари Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийларнинг имкониятларини заифлаштиришни ўз операцияларининг асосий мақсадларидан бири сифатида кўрсатган.
Пентагон ҳисоботи Кариб денгизи ва Тинч океанининг шарқий қисмида АҚШ томонидан амалга оширилган зарбалар оқибатидаги қурбонларни қамраб олмаган. Ҳисоботда 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, АҚШ Жанубий қўмондонлиги 2025 йилда ушбу ҳудудда тинч аҳоли қурбон бўлгани эҳтимоли юқори бўлган бирор ҳолатни қайд этмаган.
Шу билан бирга, Дональд Трамп маъмурияти 2025 йил сентябридан буён Тинч океанининг шарқий қисмида гиёҳванд моддалар ташиганликда гумон қилинган кемаларга зарбалар бериб келмоқда. АҚШ ҳукумати нишонларни “наркотеррорчилар” деб атаган.
Зарбалар оқибатида 2025 йил сентябридан буён 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. “Human Rights Watch” ва “Amnesty International” ташкилотлари мазкур зарбаларни қонунга хилоф судсиз қатллар деб баҳолаган, Америка Фуқаролик эркинликлари иттифоқи эса АҚШ маъмуриятининг нишонларга қўйган айбловларини асоссиз деб ҳисоблаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг октябрь ойида Ғазо сектори ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ўт очиш тўхтатилганидан бери 1200 дан ортиқ фаластинлик Исроил кучлари томонидан ўлдирилгани хабар қилинганди.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August