АҚШ ҳарбийлари Тинч океанида яна бир қайиққа зарба берди
World
−
11:53 476 2 minutes
АҚШ ҳарбийлари Тинч океанининг шарқий қисмида наркотик моддалар ташишда гумон қилинган кемaга зарба берди. Оқибатда беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Жанубий қўмондонлиги X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳужум кеча, 27 октябрь куни амалга оширилган. АҚШ Жанубий қўмондонлиги кеманинг наркотик моддалар савдоси йўналишларида ҳаракатланганини ва разведка маълумотлари унинг наркотрафик билан шуғулланганини кўрсатганини билдирган. Ҳарбийлар ҳалок бўлган беш кишини “наркотеррорчилар” деб атаган.
Бироқ АҚШ ҳарбийлари кемада гиёҳванд моддалар бўлганини тасдиқловчи далилларни очиқламаган. X ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеода сувдаги кичик қайиқ портлаш оқибатида аланга ичида қолгани акс этган.
Қайд этилишича, ушбу ҳужум АҚШ ҳарбийларининг Кариб денгизи ва Тинч океанида наркотик моддалар ташишда гумон қилинган кемаларга қарши операциялари доирасидаги навбатдаги зарба бўлган. 2025 йилнинг сентябридан буён бундай ҳужумларда камида 240 киши ҳалок бўлган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти мазкур операцияларни мамлакатга наркотик моддалар олиб кирилишига қарши кураш билан изоҳламоқда. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва БМТнинг мустақил экспертлари бундай ҳужумларни қонунга хилоф, судсиз ўлдириш ҳолатлари сифатида баҳолаган. Танқидчилар, шунингдек, АҚШ маъмурияти нишонга олинган шахсларнинг наркотик савдосига алоқадорлигини тасдиқловчи етарли далилларни тақдим этмаганини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ армияси Кариб денгизидаги контрабанда йўналишида картеллар номидан гиёҳванд модда олиб кетаётган қайиққа ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All27 October