АҚШ ҳарбийлари Мексика чегарасида картель дронларини уриб туширди
World
−
10:46 709 2 minutes
АҚШ ҳарбийлари Техас штатида Мексика билан чегара яқинида наркотик картелларига тегишли учта дронни лазер қурилмаси ёрдамида уриб туширди. Бу ҳақда АҚШнинг Шимолий Америка аэрокосмик мудофаа қўмондонлиги ва Шимолий қўмондонлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, операция 25 август куни тунда ва 26 август куни эрталаб Техас жанубидаги Рио-Гранде водийсида ўтказилган. Ҳарбийлар бунда АҚШ Қуруқлик қўшинларининг юқори энергияли кўп мақсадли лазер тизимидан фойдаланган.
Ҳарбийлар дронлар айнан қаерда уриб туширилганини, шунингдек, операция АҚШ ёки Мексика ҳудудида амалга оширилганини аниқлаштирмаган. АҚШ ҳарбийлари дронлар мамлакат ҳарбийлари ва АҚШ Божхона ҳамда чегарани ҳимоя қилиш хизмати ходимларига “жисмоний таҳдид” туғдирганини билдирган.
“Картеллар тармоқлари ноқонуний мигрантларни олиб ўтишни енгиллаштириш ва ходимларимиз ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳамкорларимизни фаол кузатиш учун учувчисиз ҳаво тизимларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда”, деган Жанубий чегара бўйича қўшма тезкор гуруҳ қўмондони генерал-майор Кёртис Тейлор.
Мазкур операция АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти миграция ва наркотик картелларига қарши курашни кучайтираётган бир пайтда амалга оширилган. Бу чоралар Трампнинг 2024 йилги президентлик кампаниясида берган ваъдаларини бажариш доирасида олиб борилмоқда.
2025 йилда ташкил этилган Жанубий чегара бўйича тезкор гуруҳ шу вақтга қадар ўн минглаб аниқлаш ва кузатув патрулларини, шунингдек, минглаб ҳаво кузатув парвозларини амалга оширган.
Ҳарбийлар фойдаланилган лазер тизимини қайси компания ишлаб чиқарганини маълум қилмаган. AeroVironment компанияси ўтган йил ёзида АҚШ Қуруқлик қўшинларига кўп мақсадли юқори энергияли лазер тизимларининг дастлабки иккитасини етказиб берган.
АҚШ ҳарбийлари аввал ҳам дронларга қарши лазер тизимларидан фойдаланган. Жорий йил февраль ойида Техасдаги Форт-Хэнкок ҳудудида лазер асосидаги дронларга қарши тизим АҚШ ҳукуматига тегишли дронни адашиб уриб туширгани ҳақида хабар берилган.
АҚШ хавфсизлик идоралари Мексика картеллари дронлардан фойдаланаётганидан хавотир билдириб келмоқда. Картеллар асосан оддий тижорий дронларни ўзгартириб, улардан наркотик моддаларни ташлаш ёки контрабанда йўналишларини кузатиш учун фойдаланади.
Мексиканинг АҚШ чегарасидан узоқроқ ҳудудларида эса картеллар дронлар орқали портловчи моддалар ташлаб, одамлар ўлимига олиб келган ҳужумларни ҳам амалга оширган. Айни пайтда АҚШ ва Мексика расмийлари чегара ҳудудида дронлардан фойдаланиш кўпайишига қарши биргаликда чора кўрмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум миллиардер Илон Маскни судга бериш масаласини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.
Live
All