Air India учувчиси Покистон ҳаво ҳудудига кириб қолгани учун ишдан бўшатилди
World
−
26 June 2123 2 minutes
Air India авиакомпанияси учувчиси самолёти қисқа муддатга Покистон ҳаво ҳудудига кириб қолганидан сўнг парвозлардан четлатилди. Бу ҳақда “The Independent” хабар берди.
Маълум қилинишича, 22 июнь куни Деҳлидан Амритсарга йўл олган Airbus A321 самолёти Амритсар аэропортига қўниш арафасида бўлган. Бироқ учиш-қўниш йўлагида қушлар билан тўқнашув ҳақида хабар келиб тушгани сабабли учувчига қўнишни кечиктириш бўйича кўрсатма берилган.
Кечикиш вақтида самолёт пастлай бошлаган ва соат 22:08 да қисқа вақтга Покистон ҳаво ҳудудига кириб қолган.
Ҳиндистон Фуқаро авиацияси бош бошқармасининг маълум қилишича, бу ҳолат Покистон авиадиспетчерлик хизмати билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Кейин самолёт Деҳлига қайтиб, хавфсиз қўнган.
Шунингдек, бошқарма ҳодиса ҳақида ўз вақтида хабар берилмагани учун самолёт экипажи ҳамда Амритсар аэропорти авиадиспетчерига нисбатан интизомий чоралар кўрилганини маълум қилди.
Air India ҳам ҳаво ҳудуди бузилганини тасдиқлаган. Компания баёнотига кўра, Амритсар аэропортида иккинчи марта қўнишга уриниш вақтида самолёт қисқа муддатга Покистон ҳаво ҳудудига кириб қолган. Ҳодиса ҳақида тегишли идораларга хабар берилган ва ҳозирда ички текширув ўтказилмоқда.
“Hindustan Times” нашрининг ёзишича, самолёт Покистон ҳаво ҳудудига тахминан уч мил чуқурликка кирган.
Расмийларнинг айтишича, бундан аввал Амритсарга қўнган бошқа самолёт қуш билан тўқнашгани ҳақида хабар бергани учун кейинги бешта рейсга қўнишни кечиктириш сўралган. Деҳлидан келган Air India рейси қўниш навбатида тўртинчи бўлган.
Ҳодиса Амритсар аэропортида қўнишни кузатиш хизматлари ишламайдиган вақтда содир бўлган.
Кейинроқ самолёт яна бир бор қўнишга уринган, аммо ёқилғи миқдори камайгани сабабли Деҳлига йўналтирилган. Самолёт соат 23:27 да хавфсиз қўнган. Орадан бир оз вақт ўтиб, у яна парвоз қилиб, Амритсарга етиб борган.
Live
All