5 давлат мигрантларни Европадан чиқариб юбормоқчи
World
−
18:00 2537 2 minutes
Германия, Дания, Австрия, Греция ва Нидерландия Европа Иттифоқида қонуний яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган мигрантларни ЕИдан ташқаридаги давлатларга қайтариш бўйича келишувни жорий йил охиригача имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур беш давлат кеча, 4 сентябрь куни Данияда ўтказилган учрашувда ЕИга аъзо бўлмаган давлат билан мигрантларни қайтариш марказларини ташкил этиш бўйича келишувга эришиш учун аниқ қадамларни келишиб олган.
Давлатлар “Бешлик гуруҳи” сифатида ҳаракат қилмоқда. Улар мигрантларни қайтариш марказларини қабул қиладиган давлатларни ҳозирча очиқламаган.
Германия Ички ишлар вазири Александр Добрингтон Копенгагендаги матбуот анжуманида учинчи давлатлар билан жорий йил якунигача келишувга эришиш ва мигрантларни қайтариш марказларини ташкил этиш имконини берувчи шартнома тузиш мақсад қилинганини айтди. Гуруҳ кейинги учрашувини сентябрь охирида Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтказишни режалаштирган.
Бу режа инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг хавотирига сабаб бўлмоқда. Европа Кенгаши июль ойида мигрантларни қайтариш марказлари инсон ҳуқуқлари учун “сезиларли хавфлар” туғдириши мумкинлигини билдирган.
Дания Қочқинлар Кенгаши бош котиби Шарлотта Сленте эса Европа Иттифоқининг Миграция ва бошпана тўғрисидаги пактини амалга ошириш яхшироқ йўл эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, қайтариш марказлари мигрантларнинг янада хавфли йўллардан фойдаланишини тўхтатмайди ва инсон ҳуқуқларининг асосий тамойилларини бузиши мумкин.
Дания мигрантларни бундай қайтариш марказига юборишни 2027 йил охирига қадар бошлашга тайёр бўлишини билдирган.
Шунингдек, беш давлат кейинги қадамлар бўйича БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти ва Қочқинлар бўйича олий комиссариати билан мулоқот олиб боришини маълум қилган. Бироқ БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ҳозирча режа тафсилотлари билан таништирилмаганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Испаниянинг Шимолий Африкадаги Сеута анклавига бостириб кирган юзлаб мигрантлар шаҳардаги пляжлардан бирида норозилик намойиши ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All