3 ёшида тахтга ўтирган қирол вафот этди

World

image

Угандадаги Торо қироллиги ҳукмдори Ойо Нимба Кабамба Игуро Рукиди IV кеча, 27 август куни 34 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Торо қироллиги Бош вазири Калвин Армстронг Рвомиире Акиики маълум қилди.

“Жаноби Олийлари, Торо Омукамаси, қирол Ойо Нимба Кабамба Игуро Рукиди IV вафот этганини чуқур қайғу ва оғир қалб билан эълон қиламан“, деб ёзган у X ижтимоий тармоғида.

Қироллик Бош вазири қиролнинг вафотини “ўлчаб бўлмас йўқотиш“ деб атаган. Унинг сўзларига кўра, турмуш қурмаган қирол ворис қолдирган ва “тожнинг давомийлиги таъминланган”.

Ойо Нимба Кабамба Игуро Рукиди IV Уганданинг ғарбий қисмида, Конго Демократик Республикаси билан чегарага яқин ҳудудда жойлашган Торо қироллигининг ҳукмдори бўлган.

У 1995 йил 12 сентябрда отаси Рукирабасайжа Патрик Девид Мэтью Кабойо Олими III вафотидан сўнг, атиги уч ёшида тахтга ўтирган. Шу тариқа у ўша пайтда дунёдаги энг ёш ҳукмрон монархга айланган.

Уганданинг машҳур поп хонандаси ва мамлакатдаги етакчи мухолифат вакили Боби Вайн ҳам қирол вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирган.

“Энг даҳшатли хабар! Жаноби Олийлари қиролнинг руҳи абадий ором топсин“, деб ёзган у X ижтимоий тармоғида.

Маълумотларга кўра, қирол жорий йилнинг апрель ойида 34 ёшга тўлган. Бироқ унинг ўлими сабаби айтилмаган.

“Бизнинг қиролимиз ўз халқининг ҳаётидан узоқ эмас. У бу авлоднинг, бу муҳитнинг бир қисми, у ўсмоқда, ўрганмоқда ва етакчилик қилмоқда. Унинг ёшлиги чеклов эмас, балки кучдир. Бу унга Торо учун бошқача келажакни тасаввур қилиш учун энергия, янгича қараш ва жасорат беради”, деган Бош вазир.

Маълумот учун, Торо қироллиги – Африканинг шарқида, ҳозирги Уганда ҳудудининг ғарбий қисмида жойлашган анъанавий қироллик бўлиб, унинг маркази Форт-Портал шаҳри ҳисобланади. Ушбу қиролликка 1830 йилда Буньоро-Китара қироллигидан ажралиб чиққан шаҳзода Кабийо Кабигени томонидан асос солинган. Қиролликнинг асосий аҳолисини руторо тилида сўзлашувчи баторо халқи ташкил этади, унинг олий ҳукмдори эса анъанага кўра Омукама деб аталади. XIX аср охирида Британия протекторати таркибига киритилган Торо ўз мухториятини сақлаб қолган бўлса-да, 1967 йилда Уганда президенти Милтон Оботе томонидан мамлакатдаги бошқа анъанавий монархиялар сингари бекор қилинган. 1993 йилда Уганда ҳукумати томонидан қироллик мақоми қайта тикланган ва бугунги кунда у сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаса-да, ўз халқининг тарихий, маданий ва маънавий меросини сақлаб келувчи рамзий муассаса сифатида фаолият юритади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европанинг амалдаги энг кекса монархи – Норвегия қироли Харальд V 89 ёшида вафот этган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends