Қирол Харальд вафот этди

Олам

image

Бугун, 28 август куни Европанинг амалдаги энг кекса монархи – Норвегия қироли Харальд V 89 ёшида вафот этди. Бу ҳақда мамлакат қироллик саройи хабар берди. 

“Жуда катта қайғу билан Аъло Ҳазратлари қирол Харальднинг вафотини маълум қиламиз. Қирол Харальд жума, 28 август куни эрталаб соат 6:35 да Ослодаги Риксхоспиталет университет шифохонасида тинч оламдан ўтди”, дейилади сарой хабарида.

Маълумот учун, Харальд 1937 йилда Осло яқинидаги Аскерда таваллуд топган бўлиб, 1370 йилги қирол Олаф IV дан кейин мамлакатда туғилган биринчи норвег шаҳзодаси бўлган. Иккинчи жаҳон уруши пайтида Харальднинг оиласи оккупациядан аввал Швецияга, сўнг кемада АҚШга қочган, Харальднинг отаси ва бобоси эса Норвегия ҳукумати билан бирга Буюк Британияга сургун қилинган. Оила уруш тугаганидан сўнг кўп ўтмай, 1945 йил июнь ойида Норвегияда қайта бирлашган.

1968 йилда Харальд мактабдаги муҳаббатига уйланган – у монархлар оиласидан бўлмаган қизга уйланиш ҳуқуқи учун узоқ вақт курашган. Жуфтликнинг икки фарзанди дунёга келган: Ҳаакон ва унинг опаси Марта Луиза. Харальд 1991 йил 21 январда тахтга ўтирганида, отаси ва бобосининг “Барчаси Норвегия учун” деган шиорини қабул қилган. Кейинги бир неча йилни у монархияни модернизация қилишга бағишлаган.

Харальд елканли спортни яхши кўрган ва ҳатто бир нечта Олимпия ўйинларида Норвегия шарафини ҳимоя қилган, 1987 йилда эса ўз яхтасини бошқариб, жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган.

“Бутун миллат қайғуда ва Норвегия халқи Норвегияга хизмат қилиш билан ўтган узоқ умр учун чуқур миннатдорлик билдирмоқда. Уч декададан ортиқ вақт давомида монарх сифатида Харальд V норвег халқига бўлган букилмас ишончини намойиш этди. У ўзимиздаги ва бир-биримиздаги энг яхши жиҳатларни кўришимизга ёрдам берди”, дейилади Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёренинг баёнотида.

Хокон сўнгги йилларда отасининг саломатлиги ёмонлашгани сабабли бир неча бор мамлакат регенти вазифасини бажарган. Бу роль асосан рамзий характерга эга, чунки ҳокимият сайланадиган парламентга тегишли. Хокон Берклидаги Калифорния университетида сиёсатшунослик бўйича бакалавр даражасини ва Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабида халқаро савдо ва Африка бўйича ихтисослашган ҳолда ривожланиш тадқиқотлари соҳасида магистр даражасини олган. 1995 йилда у Қироллик Норвегия ҳарбий-денгиз академиясини тамомлаган, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигида дипломатлар учун амалиёт ўтаган.

2001 йилда у Метте-Маритга уйланган. Уларнинг икки фарзанди бор. Бундан ташқари, Метте-Маритнинг аввалги муносабатларидан Мариус Борг Ҳёйбю исмли ўғли бор. Июнь ойида суд уни тўрт йилга озодликдан маҳрум этган. Ҳёйбю унга қўйилган тўртта зўрлаш айбловининг иккитасида айбдор деб топилган. Зўрлашлардан ташқари, айблов ҳукмига собиқ маъшуқаларидан бирига нисбатан бир неча бор зўравонлик қилиш, пўписалар, гиёҳванд моддалар ва йўл ҳаракатига оид жиноятлар ҳам киритилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг