14 киши ёниб кетди, Украина Россияни ичидан емиряпти – Qalampir.uz дайжести
Review
−
21:50 1238 5 minutes
Кун давомида Ўзбекистон ва жаҳон миқёсида содир бўлган муҳим ҳодисалар тафсилоти билан Qalampir.uz дайжести
Андижонда Damasʼни поезд уриб юборди
Андижон вилоятининг Асака туманида Damas автомобили ва поезд тўқнашди.
Маълум қилинишича, йўл-транспорт ҳодисаси Асака тумани “Тоштепа” МФЙ ҳудудидан ўтувчи Тоштепа кўчасидаги темир йўл кесишмасида содир бўлган.
Қайд этилишича, 1995 йилда туғилган Damas автомобили ҳайдовчиси темир йўл кесишмасидаги йўл белгиси талабларига риоя қилмасдан ҳаракатланган. Оқибатда у Андижон локомотив депоси машинисти бошқарувидаги поезд билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида иккала транспорт воситасига моддий зарар етган. Жабрланганлар йўқ.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Украина Россиянинг нефтни қайта ишлаш қувватининг 55 фоизини ишдан чиқарди – Зеленский
Украина Мудофаа кучлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш қувватларининг 55 фоиздан ортиғини ишдан чиқарди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Президент Украина деярли ҳар куни янги натижаларга эришаётганини айтиб, ҳозиргача Россиянинг нефтни қайта ишлаш қувватларининг ярмидан ортиқ қисми ишдан чиқарилганини билдирган.
“Бу Россиянинг кескинликни пасайтиришдан бош тортиши ва энергетика инфратузилмамизга берган зарбаларига муносиб жавобимиз”, деган Зеленский.
Аввалроқ, Украина Мудофаа вазирлиги Россия нефть инфратузилмасига узоқ масофали зарбалар беришдан кўзланган асосий натижа ишлаб чиқариш, ички таъминот ва экспортга бир вақтнинг ўзида босим ўтказиш бўлганини маълум қилганди.
Таиландда автомобиль ижараси шохобчасида ёнғин чиқиб, 11 киши ҳалок бўлди
Таиланд жанубидаги Пхукет курорт оролида жойлашган савдо биносида ёнғин содир бўлди. Оқибатда 11 киши ҳалок бўлиб, яна 16 киши жароҳатланди.
Қайд этилишича, ёнғин автомобилларни ижарага бериш шохобчаси жойлашган бинода бошланган ва кейинчалик яқин атрофдаги бир нечта бинога тарқалган.
Ўт ўчирувчилар тахминан икки соат давомида аланга билан курашиб, уни назорат остига олган.
Жароҳатланганларнинг 15 нафари Таиланд, бир нафари эса Мьянма фуқароси бўлган. Полиция маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида сайёҳлар йўқ. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ўрганилмоқда.
Ўшдаги даҳшатли ёнғинда уч қизалоқ ҳалок бўлди
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида юз берган даҳшатли ёнғинда уч нафар қизалоқ ҳалок бўлди.
Қайд этилишича, олов 3,5 соатда ўчирилган. Ёнғин майдони 120 квадрат метрни ташкил этган.
Билдирилишича, ёнғин жойида 2013, 2016 ва 2018 йилларда туғилган 3 нафар боланинг жасади топилган, шунингдек, қизларнинг отаси 1991 йилда туғилган эркак танасининг 60 фоизи куйиш жароҳати билан вилоят шифохонасига ётқизилган. Дастлабки маълумотларига кўра, ёнғинга ошхонадаги электр симларининг қисқа туташуви ёки электр иситгичдаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Алиевнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари киберҳужумга учради
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари киберҳужумларга учради. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“Тегишли тузилмалар ушбу ҳужумларнинг олдини олиш ва уларни тергов қилиш бўйича зарур чораларни кўрмоқда”, дейилади хабарда.
Бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Маълумот учун, Алиевнинг расмий аккаунтлари Instagram, YouTube, Facebook ва Х тармоқларида мавжуд. Уларга ҳаволалар Президент сайтида жойлаштирилган.
Хабар эълон қилинган вақтда Озарбайжон етакчисининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари ишлаб турган эди. Эълон қилинган сўнгги пост унинг бир ҳафталик фаолиятига оид видео шарҳ бўлган. Бир неча соат аввал Алиев мамлакат телевидение ва радио ходимларини табриклаб, уларнинг миллий қадриятларни асраш ва жамиятни хабардор қилишдаги ўрнини алоҳида таъкидлаган.
Умрага отланган 100 дан ортиқ қирғизистонлик Тошкентда қолиб кетди
Умра зиёратига йўл олган 104 нафар Қирғизистон фуқароси жорий йил 12 ноябрдан буён Тошкентдан Саудия Арабистонига учиб кета олмаяпти.
Маълумотларга кўра Тошкентда қолиб кетганларнинг аксарияти Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолиси. Уларнинг кўпчилиги пенсия ёшида бўлиб, соғлиғида муаммолари бор.
Депутат Бурул Oманованинг айтишича зиёратчиларга 16 ноябрь куни кечқурун учиб кетишни ташкил этишга ваъда берилган. Бироқ фуқароларнинг ўзлари рейслар ҳақида аниқ маълумот тақдим этилмагани сабабли шунчаки яшаб турган жойларидан чиқариб юборилишидан хавотирланмоқда.
Бурул Омонова “Нур-Умра” компанияси вакиллари билан боғланган. Унинг сўзларига кўра, компаниядагилар агар зиёратчиларнинг ҳар бири қўшимча 400 доллардан тўласа, уларни манзилга жўнатишга тайёр эканликларини билдирган. Фуқаролар бу шартга рози эмас: улар сафар харажатларини аллақачон тўлаб бўлган ва депутатнинг маълум қилишича, илгари ҳам яна 100 доллардан қўшимча пул тўлашга мажбур бўлган.
Депутат ИИВ ва муфтиятни вазиятга ойдинлик киритишга ҳамда фуқароларга ёрдам беришга чақирган.
Чилонзорда Nexia дарахтга урилиб, бўлиниб кетди. 3 киши ҳалок бўлди
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни тонгда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида Nexia-3 йўл четидаги дарахтга урилиб, бўлиниб кетди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлди.
Қайд этилишича, соат 04:50 ларда Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчасида Nexia-3 русумли автотранспорт воситасини бошқариб кетаётган 2008 йилда туғилган ҳайдовчи руль бошқарувини йўқотган. Оқибатда автомобиль йўл четидаги дарахтга бориб урилиб, ЙТҲ содир этган. Дастлабки маълумотга кўра, ЙТҲга автоулов руль бошқарувида вужудга келган техник носозлик сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи ва унинг ёнида бўлган 2 нафар йўловчи шифохонада вафот этган.
Билдирилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси масъул ходимлари томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси тегишли қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Live
All