Қўрқаётган Трамп, кучайган ҳусийлар ва олов ичидаги Туркия

Review

Reklama
0:00

Владимир Зеленский портлаб кетишига сал қолди. У учаётган самолёт дрон билан тўқнашишига бир бахя қолгани расман эълон қилинди. Хўш, бу аниқ ўйланган ҳужуммиди ёки тасодиф? Нима, президентлар хавфсизлиги шу қадар заифлашдими?

Эрон билан уруш сабабли рейтинги пастлаган, фуқароларининг ишончини йўқотган Трамп одамларни пул билан сотиб олмоқчи. У яқинлашаётган сайловда ўзи ва жамоаси фойдасига овоз берган ҳар бир фуқаро учун 500 АҚШ доллари бермоқчи. Жанглар туфайли турмуш тарзи ёмонлашганидан нолиётган америкаликлар бу ташаббусни қандай қарши олади?

Ҳусийлар Қизил денгиздаги муҳим аҳамиятга эга ҳудудларни эгаллаб олди. Эрон молиялаштириши айтиладиган бу гуруҳ Яқин Шарқ, Европа ва Осиёни боғлайдиган савдо йўлини ёпиб қўйиш билан таҳдид қиляпти. Энди нима бўлади?

Туркия яна ўт ичида қолди. Ҳар йили такрорланадиган ўрмон ёнғинларининг даҳшати бу сафар ҳам кам эмас. Юзлаб аҳоли яшайдиган уйлар ёниб кетди. Минглаб фуқаролар кўчирилди. Доимий сценарийга турклар тайёрмиди?

Жорий йилнинг сентябрь ойи боши халқаро сиёсий саҳнада ҳам, Россия билан Украинанинг ҳарбий фронтларида ҳам кескин бурилишлар ва кутилмаган ҳодисаларга бой бўлмоқда. Бир томонда тинчлик музокаралари ҳақидаги ваъдалар, иккинчи тарафда эса ҳар иккала томон бир-бирининг ички ҳудудларига йўллаётган қақшатқич зарбалари. Тинчлик ташаббуслари ҳақида гап кетганда, Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг сўнгги баёнотларига эътибор қаратиш жоиз. Канадада ОАВ вакиллари билан суҳбатлашган Зеленский Россия билан олиб борилаётган музокараларнинг дастлабки натижалари сентябрь охиригача пайдо бўлиши мумкинлигига шама қилди.

“Ҳозир биз энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича эҳтимолий натижалар масаласини кўтаряпмиз. Менимча, бунга эриша оламиз. Нью-Йоркда Президент Трамп билан учрашувдан кейин бу ҳақда очиқроқ гапира оламан”, дейди у.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Москвадаги 20 сентябрь парламент сайловлари сабабли яқин кунларда жиддий мулоқот кутилмайди, бироқ ой охирида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида АҚШ раҳбарияти ва Дональд Трамп билан ўтказиладиган учрашувлар кўп нарсага ойдинлик киритиши мумкин. Бироқ, дипломатик риторика орқасида ҳақиқий ҳарбий тўқнашувлар шафқатсизларча давом этмоқда.

Зеленскийнинг ўзи ҳам ушбу уруш даҳшатларидан холи эмаслигини Европа бўйлаб сафари чоғида яна бир бор ҳис этди. Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре NRK давлат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида 8 сентябрь кечқурун Молдовадан Ослога йўл олган Зеленскийнинг самолёти дрон билан тўқнашишига оз қолганини маълум қилди.

“Унинг самолёти Молдовадан учиши керак бўлган вақтда дрон билан тўқнашишига оз қолган. Бу у яшаётган ҳақиқат”, дейди Стёре.

Кейинчалик Норвегия Бош вазири девонхонаси бу хавф Молдова ҳаво ҳудудидаги дронлар сабабли юзага келгани ва парвоз кечиктирилганини аниқлаштирди. Бу тасодифий хавфми ёки мақсадли суиқасд – бу савол очиқ қолди. Қизиғи шундаки, Зеленский Осло аэропортига етиб келган ҳудуд – Молдова ва Украина ўртасидаги “Старокозаче” чегара пунктидан бор-йўғи икки соатлик масофада жойлашган. Айни шу чегара пунктига 9 сентябрга ўтар кечаси Россия дронлари ҳужум қилиб, икки кишининг умрига зомин бўлди.

Шу куни, яъни 9 сентябрь кечаси Украина кучлари кутилмаган жавоб зарбасини йўллади. Қора денгиз соҳилидаги машҳур курорт шаҳри – Сочига Украина денгиз дронлари ёки Россия Мудофаа вазирлиги тили билан айтганда “экипажсиз катерлар” ҳужум қилди. Краснодар ўлкаси тезкор штаби ва маҳаллий манбаларга кўра, ҳужум оқибатида 28 киши, жумладан 2 нафар бола жароҳатланган. Воқеа “Фестивальный” маданият саройида хонанда Татьяна Буланованинг концерти авжига чиққан пайтда соат 21:00 атрофида юз берган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, соҳилдагилар дастлаб тревога сигналига эътибор бермаган. Чунки Сочида уруш “узоқдаги уйдирма”дек туюларди. Аммо 300 метр нарида портлашлар юз бериб, зарба тўлқинлари одамларни йиқитгач, даҳшатли хаос ва ваҳима бошланган. Шаҳар мэри Андрей Прошунин Telegram’да “фақат ойналар ва фасадни тиклаш керак, вазият барқарор” дея вазиятни босиқлик билан изоҳлашга уринди. Бироқ Россия Тергов қўмитаси ушбу ҳолат бўйича дарҳол “Террорчилик ҳаракати” моддаси билан жиноят иши қўзғатди.

Ҳарбий тўқнашувлар географияси 10 ва 11 сентябрь кунлари янада кенгайди. 11 сентябрь куни эрталаб Украина дронлари Россиянинг Саратов, Волгоград ва Тула вилоятидаги объектларга зарба берди. Саратовда Ozon логистика маркази ва нефтни қайта ишлаш заводида ёнғинлар келиб чиқди, Тулада эса 2 киши ҳалок бўлиб, 3 киши яраланди. Бунга жавобан, Россия Қуролли кучлари ҳам тунда Украинанинг муҳим инфратузилмалари ва логистика занжирларини нишонга олди. Россия Мудофаа вазирлигининг баёнотида айтилишича, Киевдаги “Би-мобайл” дата-маркази, “Гостомель” логистика маркази, Хмельницкийдаги “Новая почта” терминали ҳамда Одессадаги завод ва ҳарбий юк ташиётган кемаларга юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берилган. Шу билан бирга, 11 сентябрь куни эрталаб Россиянинг реактив дронлари Киевдаги “Укрнафта” компаниясининг Троещина ва Почайна ҳудудларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларига атайлаб қайта-қайта зарба берди.

“Бу одамларни ёнилғи билан таъминлайдиган фуқаролик объектларига қасддан берилган зарба, бунинг ҳеч қандай ҳарбий мантиқий мақсади йўқ”, дейди “Укрнафта” раиси Богдан Кукура.

Украинанинг фронт ортидаги инфратузилмавий ва энергетик уруши Россия иқтисодиётининг нозик томирларини қирқмоқда. Йил бошидан буён Россия нефтни қайта ишлаш заводларига 70 дан ортиқ дрон ҳужумлари уюштирилиши оқибатида мамлакатда жиддий авиаёнилғи тақчиллиги юзага келди. Air Navigation (аэронавигация) маълумотларига таянадиган бўлсак, 7 сентябрь ҳолатига кўра, Россиянинг камида 26 та йирик аэропортида самолётларга ёнилғи қуйишга оммавий чеклашлар киритилган. Санкт-Петербургдаги Пулково ва Калининграддаги Храброво аэропортларида парвоз режасидан ортиқча бир литр ёнилғи қуйиш ҳам тақиқланган бўлса, Қозон, Уфа, Екатеринбург, Сочи ва Волгоград каби аэропортларда хорижий авиакомпаниялар учун қатъий лимитлар жорий этилган. Август ойининг ўзида камида 7 та НҚЗ фаолиятини тўхтатгани ва кунлик бензин тақчиллиги 30 минг тоннага етгани фонида, Россия авиацияси ҳам ёнилғисиз қолиш хавфи остида турибди.

Айни шу вазиятда Ғарб иттифоқчиларининг Киевни қўллаб-қувватлаши янги босқичга кўтарилмоқда. 10 сентябрь куни Канада Бош вазири Марк Карни Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг, Украинага ҳаво мудофааси ракеталари учун 350 миллион Канада доллари (АҚШнинг Patriot дастури орқали) ажратилишини эълон қилди.

“Бу одамларни ёнилғи билан таъминлайдиган фуқаролик объектларига қасддан берилган зарба, бунинг ҳеч қандай ҳарбий мантиқий мақсади йўқ”, дейди Карни Калгаридаги чиқишида.

Шунингдек, Канада кейинги икки йилда йилига миллионлаб дрон ишлаб чиқариш ва уларнинг учдан бирини Украинага етказиб бериш ҳамда энергетика хавфсизлиги учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки орқали 435 миллион Канада доллари миқдорида кредит кафолатлари ажратишни ўз зиммасига олган.

Низолар ва иқтисодий босимлар фонида Россиянинг ички миграция сиёсати ҳам кескинлашгани кузатилади. Россия ИИВ Фуқаролик ва хорижий фуқароларни рўйхатга олиш хизмати бошлиғи Андрей Кикотнинг 10 сентябрь куни Владимир Путин билан учрашувда маълум қилишича, охирги бир ярим йил ичида мамлакатдан 100 мингга яқин мигрант чиқариб юборилган, шундан 75 минги мажбурий тартибда. Яна 200 мингга яқин хорижликнинг Россияга кириши тақиқланган ва 20 мингта сохта никоҳ ҳолатлари аниқланиб, вақтинча яшаш гувоҳномалари бекор қилинган.

“Биз миграция қонунчилигини бузган 800 минг нафар хорижликни ҳисобга олиб, назорат қилинувчи шахслар реестрига киритдик”, дейди Кикоть.

Уруш шароитида ички назоратни кучайтириш ва жамиятдаги ижтимоий босимни чет элликлар зиммасига юклаш Москва учун анъанавий қуролга айланиб бўлган. Сентябрь ойининг биринчи ўн кунлиги кўрсатиб турибдики, томонлар дипломатик столда қандай шартларни муҳокама қилишидан қатъи назар, ҳарбий майдондаги ва иқтисодий жабҳадаги “ресурс уруши” ва тактик босим ўтказиш ҳаракатлари ўзининг энг юқори нуқтасига чиқмоқда.

Трамп урушни 3 ноябрда тугатмоқчи

АҚШ ички ва ташқи сиёсатининг туташган нуқтасида сиёсий драма авж олмоқда. Мамлакат 3 ноябрда бўлиб ўтадиган ўта муҳим Конгрессга оралиқ сайловларга тайёргарлик кўрмоқда. Айнан шу паллада Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларнинг еттинчи ойга кириб бориши, Brent нефтининг баррели 100 доллардан ошиб кетиши ҳамда америкаликлар ҳаётидаги қимматчилик Вашингтондаги сиёсий элитани жиддий саросимага солиб қўйди. Сайлов олдидан Республика партиясини сафарбар этиш ва ўз позицияларини сақлаб қолиш учун Президент Дональд Трамп ўзига хос ва кутилмаган популистик ҳамда ҳарбий баёнотлар сериясини бошлаб юборди.

9 сентябрь куни Вашингтон яқинидаги “Эндрюс қўшма ҳарбий базаси”да журналистлар қаршисида пайдо бўлган Дональд Трамп Эрон билан давом этаётган уруш тез орада якунланишига шама қилди.

“Менимча, уруш сайловдан кейин тугайди, чунки улар энди бундан ортиқ бардош бера олмайди. Улар сайловга таъсир ўтказишга уриниш учун умидсиз аҳволда”, дейди у.

Унинг таъкидлашича, Теҳрон чорасизликдан АҚШдаги сиёсий жараёнларга халақит беришга уринмоқда, аммо унинг ҳарбий-иқтисодий манбалари аллақачон тугаш ёқасида. Президент, шунингдек, Эрон билан мулоқот эҳтимолини тўлиқ рад этмади.

“Музокара бўлиши мумкин, аммо ҳозир биз кўриб чиқаётган масала бу эмас”, дея қўшимча қилди у.

Трамп ҳарбийларнинг ҳаракатлари тўхтамаслигини билдириб, “бундан ҳам кўпроғини кўрасиз”, дея Теҳронга нисбатан босим ошишини уқтириб ўтди.

Теҳронга берилаётган зарбаларга қарамай, Эрон ҳам қараб тургани йўқ. Теҳрон Вашингтон томонидан 5 та Эрон нефть танкерига зарба берилганига жавобан глобал нефть артерияси бўлмиш Ҳормуз бўғози яқинида 10 та халқаро кемани нишонга олганини эълон қилди. Оқибатда, дунё бозорида Brent маркали нефть нархи кескин кўтарилиб, баррели учун 100 долларлик чегарадан ошиб кетди. Трамп эса ушбу иқтисодий босим ва инфляция уруш якунланиши билан барҳам топишини ваъда қилмоқда. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 3 ноябрдаги сайловлардан сўнг ҳарбийлар амалиёти тугайди ва нефть нархлари ҳам дарҳол пастлайди. Аммо АҚШ ва Исроилликнинг 6 ойдан ортиқ давом этаётган оммавий зарбаларига қарамай, халқаро таҳлилчилар Эроннинг ядровий ва ҳарбий инфратузилмаси батамом йўқ қилинмаганини ва можаро тез орада тинчишига ишончсизлик билан қарашаётганини таъкидламоқда.

Ташқи сиёсатдаги мураккабликлар ва иқтисодий қийинчиликлар оқибатида ўз рейтинглари пасайиб бораётганини кўрган Трамп ички аудиторияга мутлақо ноодатий “молиявий хўрак” ташлашга қарор қилди. 9 сентябрда Далласда ўтказилган Республика партиясининг биринчи оралиқ сайловлар конвенциясида сўзга чиққан Президент, агар республикачилар ноябрдаги сайловларда Конгресснинг иккала палатасида ҳам назоратни сақлаб қолса, ҳар бир катта ёшли америкаликка 5 минг доллардан “Трамп дивиденди” тўланишини эълон қилди. Мамлакатда тахминан 270 миллион нафар вояга етган фуқаро борлигини инобатга олсак, ушбу лойиҳанинг умумий қиймати фантастик 1,35 триллион долларни ташкил этади. Федерация ғазнасидан бу каби улкан маблағ қаердан олиниши ёки бу таклифнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмлари қандай бўлиши ҳақида очиқ саволлар серияси пайдо бўлди.

Далласдаги ушбу тадбир Республика миллий қўмитаси раиси жо Грютерс томонидан норасмий равишда “Trumpapalooza” дея номланди. Конвенцияда роппа-роса 1 соату 45 дақиқа давомида саҳнани эгаллаган Трамп ўз бошқарувининг дастлабки икки йилини “президентлик тарихидаги энг буюк икки йил” деб атаб, ўзини Республика партияси тарғиботининг мутлақ марказига қўйди.

“Америка келажагини радикал сўл демократларга топширсак, мамлакатимиз кейинги ўн йилни фақатгина оёққа туришга сарфлайди. Республикачиларга овоз беринг ва биз дунёни авлодлар давомида ортда қолдирамиз. Бюллетенда шахсан менга овоз беринг”, дея таъкидлади.

Аммо партиянинг унга тўлиқ боғланиб қолаётгани ва Трамп рейтингларининг рекорд даражада тушиши айрим республикачи номзодларни хавотирга солмоқда. Социологик сўровлар ҳаёт қимматлашиши ҳамда чўзилиб кетган Эрон уруши туфайли нейтрал ва мустақил сайловчилар орасида республикачиларни қўллаб-қувватлаш даражаси сезиларли даражада пасайганини кўрсатмоқда. Айнан шу сабабли, Мичиган вакили Том Барретт, Аляска сенатори Дэн Салливан ва сенатор Сьюзан Коллинз каби номзодлар Трамп билан бир саҳнада кўринишдан қочиб, Далласдаги конвенцияга келмади. Шундай бўлса-да, Техас бош прокурори Кен Пакстон ва Огайо сенатори жон Хьюстед каби 16 нафар содиқ номзодлар саҳнада пайдо бўлиб, Трамп йўналишини қўллаб-қувватлади.

Конвенцияда сўзга чиққан республикачилар асосий эътиборни фуқароларни қийнаётган ҳаёт қимматлиги ва Эрон уруши каби ўткир ижтимоий-иқтисодий масалаларга эмас, балки демократларни “социалистлар”, “коммунистлар” ва трансгендерлар ҳуқуқлари бўйича танқид қилишга қаратди. Ҳатто партия ичидан ҳам бундай ёндашувга эътирозлар билдирилди. Алабама штати вакили Эрни Ярбро маъмурият сайловчиларга Эрондаги уруш қанча давом этиши ва АҚШнинг аниқ мақсадлари нимадан иборат эканини аниқ тушунтириши шартлигини билдирди.

Барча социологик кўрсаткичлар демократ сайловчиларнинг ушбу оралиқ сайловларда фаоллик кўрсатишга бўлган иштиёқи анча юқори эканини тасдиқламоқда. Чунки, ноябрь сайловлари нафақат Конгрессдаги кучлар мувозанатини, балки бутун дунё иқтисодиёти ва ҳарбий геосиёсатининг келгуси йиллардаги йўналишини белгилаб беради.

Ҳусийлар назоратни қўлга олди

Форс кўрфазида Эрон ва АҚШ ўртасидаги тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда, зиддиятнинг иккинчи ва янада хавфлироқ фронти Қизил денгиз ҳамда Баб ал-Мандаб бўғозида катта воқеликлар бўлди.

Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган, аммо Теҳрон ҳеч қачон тан олмайдиган ҳусийлар Қизил денгиздан Ҳинд уммонига чиқишда жойлашган стратегик Перим оролини ва Дубаб шаҳарчасини, шунингдек, 10 сентябрь куни ал-Муха шаҳри ҳамда Ҳаниш оролларини тўлиқ эгаллаб олди. Боб ал-Мандаб бўғозининг ҳусийлар назоратига ўтиши Вашингтон ва унинг минтақавий иттифоқчилари учун кутилмаган геостратегик зарба бўлди.

“Ҳусийлар Боб ал-Мандаб бўғозини тўлиқ эгалласа, Эрон АҚШ билан урушда катта устунликка эга бўлади. Бу ҳолат нефть етказиб беришни камайтиради ва нефть нархининг кескин ошишига олиб келади”, дейилади “Reuters” хабарида.

Эрон Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйганидан сўнг, дунёнинг энг йирик нефть экспортчиси бўлмиш Саудия Арабистони ўз углеводородларини дунё бозорига олиб чиқиш учун ягона хавфсиз йўл сифатида айнан Қизил денгиз ва Боб ал-Мандаб бўғозидан фойдаланаётган эди. Эндиликда ҳусийларнинг ушбу бўғозни ҳам ўз назоратига олиши Ар-Риёд учун иқтисодий ва хавфсизлик жиҳатидан қамал ҳолатини келтириб чиқармоқда. Ҳар доимгидек, Теҳрон ҳусийларга ҳарбий буйруқлар бераётганини расман рад этиб келади. Бироқ “Reuters”нинг Ғарб разведкасига таяниб ёзишича, ҳусийларнинг бу тезкор юришлари бевосита Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўрсатмаси ва молиявий-ҳарбий кўмаги остида амалга оширилган. Теҳрон ҳусийларга Саудия Арабистонига ҳужумларни кескин кўпайтириш эвазига кўпроқ қурол-яроғ, маблағ ва зобитлар ажратишни ваъда қилгани айтилмоқда.

Вазиятнинг бу даражада драматик тус олиши ортида парда ортидаги ўта қизиқ дипломатик ўйинлар ётибди. Axios нашрининг АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 10 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трампга икки марта шошилинч қўнғироқ қилиб, уни Яман ҳусийларига қарши тўғридан-тўғри ҳарбий зарбалар беришга чақирган. Мурожаатда ҳусийлар Қизил денгиздаги муҳим бўғозга батамом ўрнашиб олмасидан аввал уларнинг позицияларини ҳаводан ва денгиздан йўқ қилиш сўралган. Бироқ, кутилмаганда Трамп валиаҳд шаҳзоданинг бу мурожаатини рад этди.

Аслида, Ар-Риёд ва ҳусийлар ўртасидаги кескинлик шу йилнинг июль ойида Саудия Арабистони Эрон самолётининг Сано аэропортига қўнишига тўсқинлик қилганидан кейин авж олган эди. Ўшанда бортда Эроннинг собиқ олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳоманаийнинг дафн маросимидан қайтаётган юқори мартабали ҳусий амалдорлар бўлган. Ўша пайтда Муҳаммад бин Салмон Трампдан Сано аэропортига ҳаводан зарба бериш учун фақат сиёсий ёрдам сўраган ва “биз ҳусийлар билан ўзимиз ҳисоблашамиз” деган руҳда ҳарбий аралашув шарт эмаслигини таъкидлаган эди. Трамп ўшанда уни қўллаб-қувватлаган. Бироқ орадан икки ой ўтиб, ҳусийлар Саудия танкерлари ва энергетика объектларига қақшатқич зарбалар бериб, соҳил чизиғини бирин-кетин эгаллай бошлагач, Саудиянинг кайфияти тубдан ўзгарди ва Ар-Риёд Вашингтондан “келиб бизни қутқаринг” деган маънода ҳарбий аралашувни ёлвориб сўрашга мажбур бўлди.

Бироқ, Вашингтоннинг ўз ҳисоб-китоблари бор. АҚШ ҳарбий ва фуқаролик расмийлари саудиялик ҳамкорларига Оқ уйнинг асосий эътибори Эроннинг ўзига ва Ҳормуз бўғозига қаратилганини, ҳозирча Яманда янги ва чўзилувчан фронт очиш Вашингтон режаларида йўқлигини очиқ-ойдин билдиришган.

“Қўшма Штатлар ўзининг асосий миллий хавфсизлик манфаатларини ҳимоя қилишга, жумладан, Қизил денгизда кемалар қатнови эркинлигини таъминлашга эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, минтақадаги ҳамкорларимизга минтақавий хавфсизлик муаммоларини бошқариш ва ҳал этишда етакчи ролни беришга интилмоқдамиз”, дейди Трамп маъмуриятининг юқори мартабали расмийси.

Соддароқ қилиб айтганда, АҚШ саудияликларга “ўзингиз бошлаган муаммони ўзингиз эпланг, биз эса сизга разведка маълумотларини бериб турамиз” деган жавобни қистириб қўйди. Ҳозирда Саудия Арабистонида 200 нафарга яқин АҚШ ҳарбий хизматчиси бўлиб, улар фақат разведка ва координация масаласида ёрдам кўрсатиш билан чекланмоқда.

АҚШнинг бевосита ҳарбий ёрдамидан умидини узган Яман ҳукумати ўз кучлари билан қарши ҳужумга тайёрланмоқда. Ҳукумат қўшинлари вакили, полковник Мажид ан-Назилий стратегик ҳудудларда, жумладан ал-Муха, Ҳаниш ва Перим оролларида ҳусийларни йўқ қилиш учун барча авиация ва оғир қуроллар ишга солинишини эълон қилди. У тинч аҳолини Таиз ва ал-Муха шаҳарлари ўртасидаги йўллардан фойдаланмасликка ҳамда ҳусийларнинг ҳарбий техникаларидан узоқроқ юришга чақирди.

Кўриб турибсиз, Яқин Шарқдаги уруш географияси кутилганидан ҳам тезроқ кенгайиб бормоқда. Ҳормуз ва Боб ал-Мандаб бўғозларидаги тугунларнинг бир пайтнинг ўзида боғланиши глобал иқтисодиёт учун оғир ва асоратли оқибатларни ваъда қилмоқда. Минтақадаги бу “шахмат ўйини”да кейинги юриш ким томонидан ва қандай эвазига амалга оширилиши тез орада маълум бўлади.

Олов ичидаги Туркия

Ўрта Ер денгизи соҳиллари деганимизда кўпчилигимизнинг хаёлимизга беш юлдузли меҳмонхоналар, тиниқ денгиз ва хотиржам дам олиш масканлари келади. Бироқ, жорий йилнинг 7-8 сентябрь кунлари Туркиянинг Анталия ва Адана вилоятларида бошланган йирик ўрмон ёнғинлари бу романтик тасаввурларни том маънода кулга айлантирмоқда. Туркия ҳар йили такрорланадиган бу сценарийга қанчалик тайёр эканини яна бир бор ёнғин ва саросима ичида имтиҳондан ўтказмоқда.

Хронологияга эътибор қаратсак, вазият ҳақиқий уруш ўчоғини эслатади. 7 сентябрь куни Анталиянинг Аксу ва Кепез туманларида учқунлаган ўрмон ёнғинлари кучли шамол сабабли қисқа вақт ичида улкан ҳудудларни қамраб олди. Ҳукумат ёнғинга қарши 3 та самолёт, 9 та вертолёт, 165 та ўт ўчириш машинаси ва мингдан ортиқ ходимни сафарбар қилди. Маҳаллий расмийлар вазиятни назоратга олишга қанчалик уринмасин, олов аҳоли яшаш пунктларига бостириб кирди. Анталия губернатори Ҳулуси Шаҳин ўзнинг ҳисоботида ушбу даҳшатли ҳолатни очиқ тан олди:

“Ёнғин Караўз ва Ешилкараман маҳаллаларимиз ичига тарқалиб, у ердаги уйлар, иссиқхоналар ва ҳайвонлар сақланадиган молхоналарни хавф остида қолдирди. Ходимларимиз катта саъй-ҳаракат қилди. Дастлаб зарар кўрган бир нечта уйни ҳисобга олмаганда, қолган уйларни сақлаб қолишга муваффақ бўлдик”, деди у.

Бироқ, фожиа анча жиддийроқ. Биргина Анталияда 47 киши жабрланди, уларнинг 11 нафари шифохоналарга ётқизилди. Караўз, Ешилкараман ва Чамлижа маҳаллаларидан юзлаб оилалар, жами 700 га яқин инсон ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлди.

Фожиа фақат Анталия ҳудуди билан чекланиб қолгани йўқ. Адана вилоятининг Кўзан, Имомўғли ва Аладағ туманларида бошланган ёнғинлар ҳам қарийб 15 та маҳаллани ютиб юборишига бир бахя қолди. Бу ердан 835 киши шошилинч эвакуация қилинди. Аданадаги қутқарув операциясининг битта ўзига хос жиҳати бор: оловни ўчиришга юзлаб техникалар қаторида 8 та одатда кўчаларда норозилик намойишчиларини тарқатиш учун фойдаланиладиган сув отар зирҳли машиналар ҳам жалб қилинди.

Бало келаман деса, кетма-кет келади деганларидек, 8 сентябрь куни Анталиянинг Кумлужа туманида яна бир ёнғин ўчоғи пайдо бўлди. Тўптош маҳалласидан бошланган аланга шамол таъсирида Гўзўренга сакраб ўтди ва яна 200 га яқин хонадон бўшатилди. Аланга ҳатто ҳарбийлаштирилган жандармерия биносигача етди, уни амаллаб сақлаб қолишди, аммо атрофдаги иншоотлар олов ичида қолди. Кумлужадаги вазият бўйича губернатор Ҳулуси Шаҳин яна минбарга чиқиб, аҳолини тинчлантиришга уринди.

“10 га яқин уй зарар кўрди, бироқ ҳозир аҳоли яшаш жойларида таҳдид йўқ. Кураш ҳаводан ва қуруқликдан давом этмоқда”, деди у.

Шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан йирик логистика артерияси бўлган Анталия – Испарта автомагистралининг ёпилиши минтақада иқтисодий қон айланиш тизимини вақтинчалик тўхтатиб қўйди.

Халқаро ва таҳлилий миқёсдан қарайдиган бўлсак, ушбу ҳолат Туркия ҳукумати учун шунчаки навбатдаги фавқулодда вазият эмас, балки узоқ йиллик тизимли хатоларнинг мевасидир. Жаҳон экологлари ҳар йили глобал исиш фонида Ўрта Ер денгизи ҳавзасида, хусусан, Грециядан тортиб Туркиягача бўлган чизиқда ёнғинлар қандайдир тасодиф эмас, балки янги нормал ҳолатга айланганини таъкидлашади. Лекин ҳар йили сентябрь келганида, ҳокимият худди ўрмонлар ёнишини биринчи марта кўраётгандек ҳайратга тушиши ва доимий “фавқулодда йиғилишлар” ўтказиши ўзига хос бюрократик театрга айланиб қолган. Иқтисодиёти шусиз ҳам юқори инфляция билан курашаётган Анқара учун юзлаб гектар унумдор ерларнинг, қишлоқ хўжалиги иссиқхоналарининг ва туризм атрофидаги инфратузилманинг ёниб кетиши кўринмас миллиардлаб зарарларни англатади. Бугун ўнлаб самолёт ва вертолётлар, ердан эса минглаб қутқарувчилар табиат фожиасига қарши аёвсиз жанг қилмоқда. Аммо факт шуки, инсоният вақти келганда шамол ва олов иттифоқи олдида ўзининг бор технологияси билан ҳам ғариблигича қолади. Ёнғинлар ўчади, ҳисоботлар ёзилади, компенсациялар ваъда қилинади, лекин кейинги йилнинг сентябри келгунига қадар экологик сиёсатда бирор нарса ўзгарадими ёки яна ўша ёнғинларга қарши сув отар машиналар билан курашиладими – бу саволга аниқ жавоб айтиб бўлмайди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends