Путин ва Зеленский “дуэли”, Трампнинг сохта тинчлиги ва Эрдўғаннинг кутилмаган юриши – Midweek

Review

Reklama
0:00

Америка тилда тинчликпарвар, амалда-чи? Эронга қарши жанг бошлаган Трамп Россия ва Украина ўртасидаги урушни “ақлсизлик” деб таърифлаяпти. АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса Америка ҳарбийларини Яқин Шарққа жойлаштириш муддатини яширинча узайтираётгани фош бўлди. Вашингтон геосиёсий саҳналарда қандай хавфли ўйин олиб бормоқда?

Эрдўғандан кутилмаган бурилиш. У икки стулда бир вақтда ўтириш тажрибасини ё олмоқчи ё кўрсатмоқчи. Туркия Президенти ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш ниятини очиқлади. НАТОнинг энг қудратли армияларидан бирига эга Туркия Ғарбдан юз ўгиряптими ёки бу Вашингтон ва Брюсселга йўлланган навбатдаги огоҳлантиришми?

“Россия осмони энди хавфсиз эмас!” Зеленскийнинг бу баёнотига Путин кескин жавоб қайтарди. У бу чиқишни “давлат терроризми” деб атади. Ушбу таҳдидли сўз дуэлидан олдинроқ эса Нарендра Моди насиҳат берган эди. Ва бу бекорга эмас. Ниқоблилар кўпаяётган катта сиёсат ортидаги совуқ ҳисоб-китобларни таҳлил қиламиз. Эфирда Midweek ва мен Нурзодбек Воҳидов.

Эрон билан уруш чўзилади

Яқин Шарқ ва Россия – Украина ўртасида “ақлсиз қон тўкишлар” фонида Вашингтоннинг ташқи сиёсий стратегияси тобора мураккаб, қарама-қарши ва парда ортидаги пичингларга бой ўйинга айланиб бормоқда. Бир томонда – тинчликпарвар ва барча можароларни бир кунда тугатувчи халоскор қиёфасини кийишга уринаётган АҚШ Президенти Дональд Трамп, иккинчи томонда эса – Оқ уйнинг тинчлик ҳақидаги ҳайқириқлари остида Эрон томонига йўналтирилган қўшинлар муддатини билдирмасдан узайтираётган Мудофаа вазири Пит Ҳегсет. Бу икки воқеликдан ташқари Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Рэтклиффнинг Москвага қилган махфий сафари Вашингтоннинг геосиёсий саҳналардаги асл юзини ва икки хилланувчи позициясини кўрсатиб беради.

“The Wall Street Journal” нашрининг ўз манбаларига таяниб аниқлашича, АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Америка ҳарбийларини Яқин Шарққа жойлаштириш муддатини яширинча узайтирмоқда. Сабаби оддий: Эронга қарши режалаштирилган операция Вашингтон кутганидек бу йил тугамаслиги мумкин. Қизиқ жойи шундаки, АҚШ раҳбари Дональд Трамп Теҳронга қарши ҳарбий ҳаракатлар тугаганини расман эълон қилиш ғоясини шахсан қўллаб-қувватлаяпти ва Эрон Ислом Республикасига фақат иқтисодий босим ўтказиш орқали ўз мақсадларига эришиш мумкинлигига жамоатчиликни ишонтиришга уринмоқда. Бироқ риторика бошқа, ҳарбий воқелик эса умуман бошқа. Минтақада ҳали ҳам 50 минг нафар америкалик ҳарбий хизматчи қолмоқда, ҳарбий-денгиз кучларининг 19 та кемаси, қирувчи самолётлар эскадрильяси ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари жанговар шайликда ушлаб турилибди.

Ушбу чўзилиб кетган ҳарбий низо АҚШ армиясининг ички имкониятларини еб битирмоқда. WSJ манбаларининг таъкидлашича, денгизчилар логистика муаммолари сабабли яқинларидан хат ва жўнатмаларни ҳам ололмаяпти, техникага хизмат кўрсатиш ва захираларни тўлдириш издан чиққан. Стандарт хизмат муддати 9 ойдан 12 ойга оширилган, авиаташувчи ҳарбий кемалар экипажлари эса ойлаб қуруқлик юзини кўрмай денгиз блокадасида ушлаб турилибди. Келаси йили бу ҳудудга 82-ҳаво-десант дивизияси ҳам тортилиши, “Theodore Roosevelt” авиаташувчисининг навбатчилиги эса баҳоргача узайтирилиши кутилмоқда. Кўриниб турибдики, Вашингтоннинг “катта таёқ” сиёсати ўз ҳарбийларининг елкасига оғир юк бўлиб тушмоқда, лекин буни тан олиш кимгадир сиёсий аччиқ таблеткадай туюлмоқда.

Дунёда тинчлик ўрнатаман дейишдан чарчамаган, ҳатто тинчлик бўйича Нобель мукофотини олишга уринган, бундай бўлмагач аразлаб ҳам қолган, Эронга қарши жанг бошлаган Дональд Трамп Украинадаги урушга эътибор қаратишга ҳам улгуряпти. У яна ўша машҳур ва баландпарвоз риторикасига мурожаат қилади. Оқ уйда журналистлар саволларига жавоб берар экан, Трамп Украинадаги урушни “ақлсизлик” деб атади ва у умумий ҳисобда кўрсаткичларни санаб ўтди.

“Ҳар ой ўртача 25 минг нафар ҳарбий ҳалок бўлмоқда. Бу бутун бир стадион эканини тасаввур қила оласизми? Ўртача 25 минг киши”, дейди АҚШ раҳбари.

Унинг фикрича, ҳужумга ўтаётгани туфайли Россия томондаги йўқотишлар ҳам кам эмас.

“Россияликлар ҳам кўп ҳалок бўлмоқда. Эҳтимол, руслар кўпроқдир, чунки улар олдинга силжимоқда. Улар мудофаа қилмаяпти, ҳужум қилмоқда. Аммо украиналик ва россиялик ҳарбийларнинг жуда кўпи ҳалок бўлмоқда. Улар бу аҳмоқона урушни тўхтатиши керак”, дейди Трамп.

Трамп ўзининг севимли мавзусини яна бир бор эсга олиб, агар 2020 йилги президентлик сайловлари “сохталаштирилмаганида”, Украинада уруш умуман бошланмаган бўлишини иддао қилди.

“Мен 2016 йилдан 2020 йилгача у ерда бўлдим. Путин билан гаплашардим, аммо бу ҳеч қачон содир бўлмас эди. Бунга ҳеч қандай имконият йўқ эди”, дейди у ваколат даврини эслаб.

Президентлик даврида “саккизта урушни тўхтатгани” ҳақидаги даъвосини такрорлаган Трамп, Россия ва Украина ўртасида “жуда катта адоват” борлигини тан олса-да, ҳар икки томонни сулҳга мажбур қила олишига ишонади. Буни гапларидан англаш қийин эмас. У Россия Президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини, бироқ бу саммит шунчаки қаҳвахўрлик эмас, балки “уруш тугай бошлаганида” ва тинчлик шартномаси пойдевори қўйилгандагина содир бўлишини айтди.

“Мен Россия, Украина – ҳамма билан яхши муносабатларга эга бўлишимизни хоҳлайман. Бу бизнес учун ҳам жуда яхши бўлар эди. Россиянинг улкан ҳудудлари ва жуда қимматли ерлари бор”, дея Трамп геометрик ва иқтисодий манфаатларни ҳам қистириб ўтишни унутмади.

Лекин Трампнинг ушбу очиқ ва шов-шувли баёнотлари ортида доимгидек махфий разведка дипломатияси яширинган. Август ойи охирида МРБ директори Жон Ли Рэтклиффнинг Москвага кутилмаган ва эълон қилинмаган махфий сафари дунё ОАВларида катта резонанс келтириб чиқарди. “Politico” нашри хабарига кўра, Рэтклифф Москвага Россия расмийларини НАТОнинг шарқий қанотига, хусусан, Эстония, Латвия ва Литвага нисбатан ҳар қандай тажовузкор ҳамладан огоҳлантириш учун борган. “The Wall Street Journal” эса бу ташриф шахсан Дональд Трампнинг топшириғи билан амалга оширилганини ёзди.

Кутилмаган шубҳали миш-мишларни босиш учун АҚШ Давлат котиби Марко Рубио “Fox Radio”га берган интервьюсида дипломатик парда орқасини бироз очишга мажбур бўлди. Рубио МРБ раҳбарининг Москвага сафари уч томонлама саммит ташкиллаштириш учун эмас, балки оддий ишчи мулоқот эканини айтди.

“Унинг ташрифи асосан одатий эди, чунки у разведка хизматлари ўртасидаги алоқа каналларини созлашни давом эттириши керак эди, чунки бундай нарсалар можаро ёки инқироз пайтида фойдали бўлиши мумкин”, дейди Марко Рубио.

Шунингдек, у Рэтклифф, Путин, Трамп ва Зеленский ўртасида учрашув тайёрлаётгани ҳақидаги хабарларни кескин рад этди.

“Бу хабарлар қаердан келаётганини билмайман, чунки бу учрашув ҳақидаги маълумотлар жуда кам сонли одамларда бор ва уларнинг ҳеч бири матбуот билан мулоқот қилмаган”, дея у ўзига хос қочирим билан маълумот тарқалиш каналларини шубҳа остига олди.

Аммо Рэтклиффнинг ташрифи шунчаки ишчи мулоқот бўлса, нега бирдан бўлди, аввалдан эълон қилинмади деган саволлар пайдо бўлиши табиий. Бунга жавобан эса биз эҳтимолий сценарийлар ҳақида алоҳида таҳлил тайёрлаганмиз. Уни экранларингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали қидириб топишингиз мумкин.

Умумий манзарага назар ташласак, АҚШ маъмурияти дунё саҳнасида тинчликпарвар ҳамкор ролини ўйнашга қанча уринмасин, унинг амалдаги ҳарбий ҳаракатлари Вашингтоннинг асл мақсади тинчликдан кўра, кўпроқ геосиёсий назоратни қўлдан бой бермаслик эканидан далолат беради.

Инсониятни ортга тортаётган уруш

Украина Президенти Владимир Зеленский 2 сентябрь куни ўзининг Telegram-каналида эълон қилган мурожаатида Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпания, суғурта ташкилотлари ҳамда Россиянинг асосий аэропортларидан фойдаланаётган барча халкаро субъектларни қатъий огоҳлантирди. Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия осмонида дронлар ҳаракати шунчалик кўпайганки, бу фуқаролик авиацияси учун реал хавфга айланган.

“Бугун биз Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпанияни, ҳар бир суғуртачини, Россиянинг асосий аэропортларидан ҳалигача фойдаланаётганларнинг барчасини огоҳлантирмоқчимиз: Россия осмони тўлиқ хавфли бўлиб бормоқда. Украина фуқаролик авиациясининг ўзига – ҳеч бир фуқаролик самолётига таҳдид солмайди. Шунчаки Россия осмонида дронлар шунчалик кўп бўладики, буни ҳисобга олиш шарт. Россия расмийлари бу ҳақда тегишлича хабар бермаётган бўлса-да, Россия осмони де-факто ёпилади: Россия томонидан бошланган уруш унинг осмонини ёпмоқда”, деб ёзди Зеленский.

2 сентябрь куни Бишкекдаги ШҲТ саммитидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия Президенти Владимир Путин Украина раҳбарининг бу баёнотига кескин ва қатъий муносабат билдирди. Путин Зеленскийнинг огоҳлантиришларини “давлат терроризмига тенг” ҳаракат деб атади. У, шунингдек, сўнгги пайтларда украин томони музокараларга шароит яратишни сўраётганига ишора қилди.

“Улар биздан музокараларни қайта бошлашни, юзма-юз учрашувлар ўтказишни сўрамоқда. Террорчилар билан музокара олиб борилмайди. Агар Россия ҳаво ҳудудида фуқаролик авиацияси билан боғлиқ бирор фожиа юз берса, биз бунга жавоб бериш йўлини топамиз”, дея таҳдидли оҳангда таъкидлади Путин.

Москва ва Киев ўртасидаги ушбу кескин сўз дуэлидан бироз олдин, Бишкек саммити доирасида Россия ва Ҳиндистон раҳбарларининг юзма-юз мулоқоти бўлиб ўтган эди. Кремль расмий сайтида 31 август куни эълон қилинган парчаларга кўра, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Владимир Путин билан учрашувда ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини яна бир бор эслатган.

“Чексиз урушдан урушнинг якунига, ҳарбий ҳаракатларни тугатишга ўтиш зарур. Биз барча муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишимиз керак. Урушнинг ҳар бир куни инсониятни орқага тортяпти”, деди Моди.

Бунга жавобан Путин Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар “алоҳида имтиёзли стратегик шериклик” тамойилларига таянишини ва Москва ҳам инқирозни тинч йўл билан тартибга солиш йўналишида ҳаракат қилаётганини даъво қилди.

Шуни таъкидлаш керакки, бу Ҳиндистон Бош вазирининг Путин олдида урушни тўхтатиш ҳақида қилган биринчи очиқ баёноти эмас. Моди 2022 йилда Самарқанддаги ШҲТ саммитида “Бугунги давр уруш даври эмас” деган бўлса, 2024 йилда Москвадаги учрашувда “Бомбалар, қуроллар ва ўқлар шароитида тинчлик музокаралари муваффақиятли бўлиши имконсиз” дея таъкидлаган эди. Бироқ, дипломатик минбарлардаги тинчликпарварлик ҳақидаги чорловлар ва шиорларга қарамай, амалдаги иқтисодий фактлар бутунлай бошқа манзарани кўрсатмоқда.

Ғарб санкцияларига қарамай, Нью-Деҳли Москва билан савдо-иқтисодий алоқаларини изчил кенгайтириб бормоқда. Bloomberg ва бошқа етакчи халқаро таҳлил агентликларининг маълумотларига кўра, Ҳиндистон нафақат Россиядан чегирмали нархларда улкан ҳажмда нефть харид қилмоқда, балки икки мақсадли маҳсулотлар – ҳарбий саноатда қўлланилиши мумкин бўлган микрочиплар ва саноат дастгоҳларини ҳам Россияга етказиб беришда воситачилик қилмоқда. Ҳатто сўнгги ойларда Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари ортидан юзага келган ёнилғи тақчиллигини ёпиш учун Москва Ҳиндистондан бензин харид қилишни бошлаган ва биринчи партия 5 август куни етказиб берилган.

Геосиёсий вазиятга қараб, таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда ҳар бир томон ўзининг стратегик ўйинини олиб боряпти. Зеленскийнинг Россия осмони ҳақидаги огоҳлантириши Москвага иқтисодий ва логистик босимни ошириш ҳамда халқаро авиакомпанияларни Россия йўналишларидан чекинишга мажбур қилишга қаратилган дипломатик ҳамда психологик юришдир. Путин эса ушбу хавфни “давлат терроризми” деб баҳолаш орқали музокаралардан бош тортишини оқлашга ва ўз жамоатчилигига қатъиятлиликни намойиш этишга уринмоқда. Ҳиндистон ва Хитой каби Шарқий қудратли давлатлар эса бир томондан минбарларда тинчликка чақирувчи нейтрал риторикани сақлаб қолаётган бўлса, иккинчи томондан Россиянинг иқтисодий изоляциясидан максимал даражада фойдаланиб, ўз энергетика ва савдо манфаатларини таъминлашда давом этмоқда. Содда қилиб айтганда, оддий одамлар ва ҳарбийлар уруш оловида қурбон бўлаётган бир пайтда, катта сиёсат минбарларида баралла айтилаётган “тинчлик” ҳақидаги гаплар шунчаки ниқоб холос. Сиёсий саҳна ортида эса ҳамма нарсани одамлар ҳаёти эмас, совуқ ҳисоб-китоб ва катта пул ҳал қилмоқда.

Путин Арманистон билан боғлиқ вазиятга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. 1 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити якунлари бўйича журналистлар саволларига жавоб бераётганда Россия раҳбари “Арманистонга Россия базаси керак бўлмаса, эртагаёқ кетамиз” деди. Қолаверса Арманистон икки томонда ҳам ўйна олмаслиги ҳақида дангал гапирди. Бу мавзу бўйича алоҳида материал тайёрлаганмиз. Уни экранларингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали қидириб топишингиз мумкин.

Туркия ШҲТга тўлақонли аъзо бўладими?

Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ва “ШҲТ+” форматидаги кенгайтирилган учрашувлар якунланиши ҳамоно, халқаро дипломатия саҳнасида Анқаранинг кўп векторли ташқи сиёсати яна бир бор эътибор марказига тушди. Қирғизистондан қайтиш чоғида самолёт бортида журналистлар билан мулоқот қилган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқаранинг ШҲТ билан муносабатларини янги босқичга кўтариш ниятида эканини ва ҳатто ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириш имкониятларини кўриб чиқаётганини маълум қилди. Бироқ 1952 йилдан бери НАТОнинг доимий аъзоси бўлиб келаётган ва яқиндагина альянс саммитига мезбонлик қилган давлат раҳбарининг бу баёноти дарҳол Ғарб пойтахтларида ҳам, геосиёсий таҳлилчилар орасида ҳам жиддий саволларни келтириб чиқарди.

Аммо Ражаб Тойиб Эрдўған журналистлар билан суҳбатда Анқаранинг Шарқ томонга стратегик бурилиши Ғарб билан алоқаларга халақит бермаслигини ва бу Евроатлантика маконидан юз ўгириш эмаслигини алоҳида уқтиришга уринди.

“Туркиянинг ШҲТга аъзо бўлиш истиқболи ҳеч бир ҳолатда мамлакатнинг Ғарбдан юз ўгиришини англатмайди. Бизнинг мақсадимиз – ҳар томонлама қараш концепциясига амал қилган ҳолда ўз таъсиримизни кенгайтиришдан иборат”, дейди Туркия Президенти.

Унинг сўзларига кўра, Анқара Шимолий Атлантика альянсидаги (НАТО) ўз ўрни ва иштирокини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда, параллель равишда ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиб кириш вариантини стратегик кун тартибида ушлаб турибди. Кўриниб турибдики, Эрдўған икки қарама-қарши қутб орасида геосиёсий мувозанат сақлашга ва бир вақтнинг ўзида “икки стулда ўтириш” тажрибасини мукаммаллаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Туркия 1952 йилдан буён НАТОнинг энг муҳим ва қудратли аъзоларидан бири ҳисобланади. Ўшанда аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатларни мамлакат раҳбари Жалол Баяр тасдиқлаган эди. Жорий йилнинг июль ойида Анқара сўнгги 22 йил ичида илк бор ўз ҳудудида НАТОнинг 36-саммитига мезбонлик қилиб, альянсдаги тутган ўрнини яна бир бор намойиш этди. Аммо НАТОдаги ушбу фаоллигига параллель равишда Туркия ШҲТ билан ҳам узоқ йиллик мулоқот ва шериклик алоқаларини изчил ривожлантириб келмоқда. 2012 йилнинг июнь ойида Пекин саммитида Анқаранинг аризаси бир овоздан маъқулланиб, 2013 йилнинг апрелида Туркияга мулоқот бўйича шерик мақомини берувчи ҳуқуқий меморандум имзоланган эди.

Эрдўғаннинг Бишкекдаги учрашувлари ва ШҲТга тўлиқ кириш ҳақидаги чақириқлари ортида нафақат дипломатик манёвр, балки Анқаранинг Европа Иттифоқига кўп йиллик самарасиз интилишларидан кейинги муқобил вариантларни қидириши ҳам ётибди. Туркия Евроиттифоқ эшиклари олдида ўн йилликлар давомида кутишдан чарчагач, геосиёсий ричагларни ошириш учун Вашингтон ва Брюсселга “агар сиз қабул қилмасангиз, Шарқда муносиб ҳамкорларимиз бор” деган ишорани йўлламоқда.

Сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, НАТО аъзоси бўлган ва альянснинг иккинчи энг йирик армиясига эга давлатнинг Россия ва Хитой етакчилик қилаётган ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши НАТО устав ва принципларига моҳиятан зид келади. Бир томондан НАТО доирасида ғарбий мудофаа стратегиясини шакллантириш, иккинчи тарафдан эса Ғарб санкциялари ва геосиёсий босимларига қарши платформа сифатида кўрилаётган ШҲТ блокида иштирок этиш амалиётда жиддий дипломатик зиддиятларни келтириб чиқариши муқаррар. Шунга қарамай, Эрдўған ушбу “мувозанат ўйини” орқали ўзининг минтақавий ва глобал геосиёсий мавқеини оширишга, шунингдек, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим транзит ҳамда воситачи сифатидаги ролини сақлаб қолишга интилмоқда. Анқаранинг бу ташаббуси амалда қанчалик амалга ошади ёки оддий дипломатик босим воситаси бўлиб қоладими – буни яқин келажакдаги воқеалар ривожи кўрсатиб беради.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends