Путиндан “оқ фотиҳа”, судга берилган Трамп ва Эроннинг янги уруш режаси – WEEKEND

Review

Reklama
0:00

Сиёсий парда очилди. 30 йилдан бери қоғозда қолиб кетаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли бўйича Пекин очиқчасига “Москва рози бўлмаса, бир қадам ҳам ташламаймиз” дегани маълум бўлди. Қирғизистон Президенти шов-шувли интервью берди. Садир Жапаров Кремлда Владимир Путин билан бўлиб ўтган 40 дақиқалик тортишувли суҳбатда Бишкек қайси козирини ишлатгани ва “аср лойиҳаси”га қандай қилиб “яшил чироқ” ёқилгани тафсилотларини очиқлади.

Путин пропагандаси шармандали бўлди. Россия Президентининг Новосибирскда АЁҚШ ёнида “тўсатдан” тўхтаб, болалар билан самимий кўришгани ҳақидаги кадрлар расман эълон қилинди. Аммо кўп қаватли уйлар деразасидан олинган реал видеолар воқеанинг асл ҳолатини очиб қўйди: аҳоли 2 соат олдин йиғилгани, АЁҚШда бензиннинг ўзи умуман бўлмагани ва атрофдаги нархлар яширилгани, ҳатто деразадан қараш тақиқлангани аниқланди.

Эрон АҚШ билан урушни Дональд Трампнинг президентлик муддати тугагунга қадар – 2029 йилгача чўзишни ва Вашингтонга оғир молиявий ҳамда сиёсий бадал тўлатишни режалаштирмоқда. Бу стратегия глобал энергетика бозорига қандай зарба беради?

Трамп ижтимоий тармоқдаги постларини сотяпти. Унга ойига 100 минг доллар тўлаган фондлар Трампнинг битта пости орқали сониялар ичида миллионлаб доллар фойда кўрмоқда. АҚШда президентлик институти ва давлат қарорлари тижоратга айланиб бораётгани сабабли ОАВ вакиллари Оқ уй раҳбарини судга берди. Энди нима бўлади? Бу ҳафта якунида “Weekend”да айнан шу мавзулар муҳокама қилинади.

Путиндан “оқ фотиҳа” олинган

Одатда, мустақил давлатлар ўз ҳудудида логистика ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун бошқа бир учинчи мамлакатдан рухсат сўраши ажабтовур кўринади. Лекин Марказий Осиё геосиёсатида бундай “ёзилмаган қоидалар” борлиги илк бор тан олинди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров журналист Али Токтакуновга берган шов-шувли интервьюсида айнан шундай аччиқ ҳақиқатнинг пардасини очди. Унинг айтишича, агар Москва яшил чироқ ёқмаганида, минтақадаги “аср лойиҳаси” ҳисобланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли қоғозда қолиб кетаверар эди.

Жапаровнинг таъкидлашича, бу темирйўл қурилиши ҳақида Совет Иттифоқи парчаланганидан бери гапирилади, лекин 30 йил давомида лойиҳанинг “араваси жойидан жилмаган”. 2020 йилда ҳокимиятга келгач, Жапаров масалани кўндаланг қўйиб, Хитойнинг ўша пайтдаги элчиси Ду Девенни қабулига чақирган.

“Мен Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли лойиҳасини бошлашни хоҳлайман. Келинг, бошлайлик. Мутахассисларни олиб келинг, техник-иқтисодий асосларини (ТИА) тайёрлаймиз, лойиҳани ишлаб чиқамиз. Ким қанча маблағ киритишини, қандай шартларда эканини кўриб чиқайлик. Олий даражада Ўзбекистон билан ҳам гаплашамиз дедим”, деган Жапаров.

Аммо пекинлик дипломатнинг жавоби қирғиз томонининг шаштидан тушириб қўяди. Элчи очиқчасига Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси эканини, агар Москва бунга розилик бермаса, Пекин бирор бир қадам ташламаслигини айтган.

“Элчи Ду Девен “агар Россия қарши бўлса ёки розилик бермаса, биз бу йўл қурилишини бошлай олмаймиз” дея масалага нуқта қўйган”, деди Қирғизистон Президенти.

Хитойнинг бу эҳтиёткорлиги сабабсиз эмасди. Лойиҳа учун биргина Хитойнинг ўзи Торугартгача қарийб 100 километрлик янги тармоқ тортиши керак эди. Икки гигант – Пекин ва Москва ўртасидаги нозик геосиёсий мувозанатни бузиш эса Хитой режаларига кирмаслиги табиий. Интервьюда айтилишича, шундан сўнг Жапаров Москвага йўл олади ва Владимир Путин билан “юзма-юз” 40 дақиқалик тортишувли суҳбат ўтказади.

“Якунда уни кўндиришга муваффақ бўлдим. Хитойнинг позициясини ҳам тушунса бўлади. Булар – буюк давлатлар. Дунёнинг энг йирик давлатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, булар – Хитой, Россия, АҚШ. Улар бир-бирларининг позицияларини ҳисобга олмасдан иложи йўқ. Шунга кўра, Владимир Владимировичнинг ҳузурига бордим”, деди Жапаров.

Жапаровнинг Путин олдидаги асосий козири Бишкекнинг “транспорт тупигида” қолгани бўлган. Президентнинг гапига кўра, “бу йўл бизга сув ва ҳаводек зарур” дея олинган розиликдан сўнггина лойиҳанинг занглаган чархпалаги айлана бошлади. Бор-йўғи 35–40 дақиқалик сиёсий савдолашиш орқали тақдири ҳал бўлган бу лойиҳани Жапаров “шунчаки уч давлат ўртасидаги йўл эмас, балки янгиланган Буюк ипак йўли” деб атади. Президентнинг таъкидлашича, магистраль, энг аввало, Қирғизистоннинг ўзига керак.

“Бу йўл, биринчи навбатда, Хитойга, Ўзбекистонга, Европа ёки АҚШга керак эмас. У Қирғизистонга керак. Темирйўл – тарихий миқиёсдаги лойиҳа. У сабаб бизнес юритиш осонлашади, товар айланмаси арзонлашади, транспорт харажатлари камаяди”, деди у.

Қирғизистон Президентининг ҳисоб-китобларига кўра, фойдали қазилмалар тугагач, айнан ушбу транзит линияси мамлакатнинг “янги Қумтори”га, яъни олтин конига айланади. Шунчаки контейнерларни ўтказиб юбориш орқали Бишкек йилига 400-500 миллион доллар атрофида соф фойда кўришни мўлжалламоқда.

“У бизни, тафаккуримизни ва ҳаётимизни ўзгартиради. Бизда транзит пайдо бўлади. Фақатгина Қирғизистон орқали юклар транзити ҳисобига бюджетга камида 400−500 миллион доллар соф фойда келиб тушиши мумкин”, деди у.

Бишкек лойиҳадан катта даромадлар ва нархлар арзонлашишини кутаётган бир пайтда, реал манзара анча бошқача. Жапаров аниқ тан олиш билан Бишкекнинг йиллар давомида инфратузилмада қанчалик ортда қолганини Ўзбекистон мисолида кўрсатиб ўтди.

“1990 йиллардан бери Ўзбекистон 1200 километрдан ортиқ янги темирйўл барпо этган бир пайтда, Қирғизистонда бори ҳам талон-торож қилинган – 45 километрлик тармоқ йўқ қилиниб, рельслар ва шпаллар ўрнида хусусий бизнеснинг нефть базалари пайдо бўлган”, деди президент.

Энди асосий мавзуга қайтамиз. Умумий қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темирйўли гигант лойиҳасининг ярмини (2,3 млрд доллар) Хитой 35 йил муддатга кредит сифатида ажратади. Қолган қисми эса қўшма корхона устав капиталига киритилади (Хитой – 51%, Ўзбекистон ва Қирғизистон – 24,5%дан).

Геосиёсий босимлар ва учинчи кучларнинг “дуоси” билан амаллаб бошланган ушбу лойиҳа Марказий Осиёни ҳақиқатан ҳам дунёга очадими ёки Пекиннинг молиявий жиловини янада мустаҳкамлайдими – буни вақт кўрсатади.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг яна бир гапи муҳокамаларга сабаб бўлди. Жапаров агар режалари ўхшаганда, 2027 йилда ҳокимиятни “ўз иродаси билан” дўсти, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевга топшириб, ўзи тинчгина дам олишга кетмоқчи бўлганини очиқлади.

“Менинг шахсий режам 6 йил ишлаб, 2027 йилда сайловда қатнашмаслик эди. Агар Қамчи ўша вақтга келиб тайёр бўлса, яхши ишласа ва тажриба орттирса, унинг сайловда қатнашишини истардим. Ўзим қатнашмай, Қамчини президент қилмоқчи эдим ва дам олишга кетмоқчи эдим”, деди Жапаров.

Президентнинг таъкидлашича, у бу ҳақдаги “кўнгил ёзишмалари” ва режаларини Ташиевнинг ўзига тахминан 2 йил аввал айтган. Бироқ бу ерда бир кичик, аммо ўта муҳим деталь назардан қочгандек. Қирғизистон – монархия ёки шахсий мулк эмас, балки суверен республика. Мамлакат Конституциясига кўра, давлат раҳбари у ёки бу шахснинг хоҳиш-истаги, “дўстона совғаси” ёки тахт ворислиги тартибида эмас, балки фақат ва фақат умумхалқ овоз бериш йўли билан сайланади. Президент ўзича “ҳокимиятни топширишни режалаштириши” демократик жамиятда, юмшоқ қилиб айтганда, конституцион тамойиллар ва сайловчилар иродасига бўлган нописандликдек туюлади.

Садир Жапаров навбатдаги президентлик сайловида иштирок этиб, иккинчи муддатга сайланиш учун номзодини қўйиш нияти борлигини билдирди.

“Мен яна бир муддатга номзодимни қўйиш ва ишимни давом эттириш ниятидаман. Сайловда иштирок этишни истаганлар номзодини қўйсин. Ҳеч кимни чекламаймиз”, деган Садир Жапаров.

Маълумот учун, Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайлови 2027 йил 27 январь куни ўтказилиши керак.

“Тасодифий” самимият.  Ижро этади – Путин

Кремль тарғибот машинаси йиллар давомида бир хил сценарий асосида ишлаб келаётган маҳсулотини яна кўрсатди. Россия Президенти Владимир Путиннинг Новосибирскка ташрифи чоғида аэропортга кетаверишда кортежини “тўсатдан” тўхтатиб, йўл четида кутиб турган болалар билан дийдорлашиши “Россия-1” телеканали томонидан “президентнинг халққа бўлган самимий ва кутилмаган эътибори” сифатида тақдим этилди.

Аммо мустақил нашрлар, хусусан, “Meduza”, “Сибирский экспресс” ва маҳаллий фуқаролар томонидан олинган ҳамда Телеграм-каналларда тарқатилган видеолар воқеанинг аслини – Кремль уюштирган “саҳна кўриниши”ни фош қилиб қўйди.

Кремль журналисти Павел Зарубин тарқатган роликда Путин атрофида қувончдан қичқираётган болалар қуршовида кўринади. Лекин воқеа жойи яқинидаги кўп қаватли уйлар деразасидан олинган реал кадрлар бу жараён учун анчайин тайёргарлик кўрилганини очиб қўйди.

“Инцидент Новосибирск” маълумотларига кўра, болалар ва аҳоли кортеж ўтишидан камида 2 соат олдин, қатъий назорат остида ўша нуқтага йиғилган.

Қолаверса, “самимий” ва “тасодифий” учрашув “Teboil” автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ёнида бўлиб ўтган. Бироқ ўша вақтда мазкур АЁҚШда бензиннинг ўзи умуман бўлмаган, ёнилғи нархлари акс этадиган электрон табло эса ўчириб қўйилган.

“Сибирский экспресс” суриштирувларига кўра, Президент ўтадиган йўналиш бўйлаб АИ-95 бензинини литрига 125 ва 148 рублдан, ҳаддан ташқари қиммат сотаётган “Татнефть” ва “Гранд” тармоқлари айнан ташриф куни фаолиятини вақтинча тўхтатиб, таблоларини ўчиришга мажбур бўлган. “Вот Так” нашрининг манбалари эса айрим шохобчаларда нархлар сунъий равишда пасайтириб кўрсатилганини таъкидламоқда.

Ташриф олдидан Новосибирск марказида шошилинч равишда асфальт ётқизилиб, ҳатто самокатда юриш тақиқланган. Кортеж ўтадиган кўчалардаги уйлар аҳолисига ва Академгородок талабаларига деразага яқинлашмаслик, пардаларни ёпиш тўғрисида оғзаки “кўрсатмалар” берилган.

Халқаро сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Кремль учун бундай “кутилмаган” учрашувлар – ички аудиторияга йўналтирилган пиарнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Баландпарвоз уруш риторикаси ва иқтисодий санкциялар фонида диктаторга “халқ севгиси” ва “келажак авлод билан мулоқот” сув ва ҳаводек зарур.

Новосибирскдаги ҳолат Россия ҳудудларида кузатилаётган ёнилғи инқирози ва нархларнинг кескин қимматлашиши фонида янада кулгили кўринади.

Новосибирск аҳолиси соатлаб тирбандликларда қолгани, “хавфсизлик” баҳонаси билан ўз уйининг деразасига яқинлаша олмагани бир четда қолиб, ёнилғиси тугаган АЁҚШ ёнида томоша кўрсатиш – замонавий Россия сиёсий режимининг асл реалити-шоусига айланди дейиш мумкин. Россиядаги тақчиллик ва шу сабабли Марказий Осиёнинг бу мамлакатдан узоқлашиши ҳақида алоҳида материал тайёрлаганмиз. Уни экранларингизда пайдо бўлган сарлавҳа орқали қидириб, томоша қилишингиз мумкин.

Теҳроннинг қасос стратегияси

Яқин Шарқдаги кескинлик мантиқий ва дипломатик ечимлардан тобора узоқлашиб, узоқ давом этадиган “чарчатиш уруши” босқичига ўтмоқда. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони маслаҳатчиси, бригада генерали Муҳаммад Ризо Нақдийнинг PBS телеканалига берган шов-шувли интервьюси Теҳроннинг асл геосиёсий мақсадларини кўрсатяпти. Эрон АҚШ билан 2026 йил февраль ойида бошланган ҳарбий тўқнашувни Дональд Трампнинг президентлик муддати тугагунга қадар, яъни 2029 йил бошигача чўзиш сценарийсини кўриб чиқмоқда.

Теҳрон Оқ уйдаги ҳозирги маъмурият билан барқарор тинчликка эришишга кўзи етмай қолгач, вақтни пайсалга солиш ва Трамп сиёсий саҳнадан кетгунича “бадал тўлатиш” тактикасини танлади.

Генерал Нақдийнинг таъкидлашича, Эроннинг асосий мақсади – келгусида ҳар қандай тажовузнинг олдини оладиган ва бошқаларга дарс бўладиган стратегик тийиб туриш механизмини яратишдир.

“Биз душман ҳеч қачон бизга ҳужум қилишга журъат эта олмайдиган даражадаги тийиб туриш омилига эришишимиз керак. Бунинг йўлларидан бири – бу урушни кейинги президентлик муддатигача чўзиш ва шундай зарар етказишки, агар яна кимдир Эронга ҳужум қилишни истаса, бунинг учун катта бадал тўлашига тўғри келишини билсин”, – деди Нақдий.

Шунингдек, Форс кўрфази ва Ҳормуз бўғозидаги савдо кемалари ҳамда танкерларга қилинган ҳужумлар юзасидан берилган саволга генерал халқаро ҳуқуқни ўзига хос тарзда талқин қилиб жавоб қайтарди. Унинг сўзларига кўра, уруш шароитида “хавф туғдирувчи транспорт артиллерияларини назорат қилиш” тўлиқ қонунийдир:

“Уруш шароитида биз таҳдид солувчи ҳар қандай транспорт артиллериясини назорат қилишимиз мумкин. Халқаро ҳуқуқ айнан шуни назарда тутади. Дунёнинг қайси нуқтасида уруш бўлса, шу қоида амал қилади”, – дея қўшимча қилди ИИҚК вакили.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги кенг кўламли ҳарбий тўқнашувлар 2026 йил февраль ойи охирида бошланган эди. Орадан атиги 20 кун ўтиб, Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, Вашингтоннинг ўзи “иложсиз ишни бошлагани”ни англаб етгач, воситачилар орқали сулҳ таклиф қилган.

Жорий йилнинг 18 июнь куни томонлар ўзаро англашув меморандумини имзолаган бўлса-да, қоғоздаги келишув сиёсий ироданинг йўқлиги туфайли тезда барбод бўлди. Теҳрон Вашингтонни меморандум шартларини бажармасликда ва “куч ишлатиш манёврларини тўхтатмасликда” айблаб, ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлади. Ароқчига кўра, АҚШ меморандум мажбуриятларига жиддий қарамаса, тўғридан-тўғри музокаралар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳозирда томонлар фақат Форс кўрфази мамлакатлари, Покистон ва Швейцария каби воситачилар орқали “совуқ” хабар алмашиш билан чекланмоқда.

Теҳроннинг ушбу стратегик ёндашувидан нима кутиш мумкин, келинг кўриб чиқамиз. Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати 2025 йил январга тўғри келади ва АҚШ Конституциясининг 22-тузатишига мувофиқ, 2029 йил 20 январда ўз ниҳоясига етади. У учинчи муддатга сайлана олмайди. Эрон стратегияси айнан шу хронологик нуқтага қаратилган.

Эроннинг мазкур баёноти глобал энергетика бозори учун огоҳлантириш сигналидир. Ҳормуз бўғози орқали дунё нефтининг 20 фоизи ўтади. Трампнинг муддати тугагунча урушни чўзиш режаси бензин ва логистика нархларининг дунё бўйлаб кескин қимматлашишини англатади.

Теҳрон АҚШ ичидаги сиёсий бўлинишдан унумли фойдаланмоқчи. Узоқ давом этадиган, ресурсларни совурадиган ва америкалик ҳарбийлар ҳаётига таҳдид соладиган уруш Трампнинг “Американи янада буюк қиламиз” деган ваъдаларига ва Республикачилар партиясининг рейтингига салбий зарба бериши катта эҳтимол билан ҳисоб-китоб қилинган. АҚШнинг сайлов цикли асосига қурилган бу “шахмат ўйинининг янги партияси” Яқин Шарқни яна камида 2,5 йил давомида доимий уруш тутуни ва геосиёсий беқарорлик ичида ушлаб туриши мумкин.

Трампнинг 100 минг долларлик постлари

Дональд Трамп ва унинг атрофидагилар Оқ уйга қайтгач, нафақат ташқи сиёсатда шов-шув кўтармоқда, балки мамлакат ичида ҳам ОАВ, эркин матбуот ва мустақил ташкилотларнинг жиддий қаршилигига дуч келмоқда. Бу сафар гап шунчаки сиёсий баҳслар ҳақида эмас, балки Президентнинг оммавий баёнотлари ва давлат қарорларини ошкора тижоратлаштириш – сотиш ҳақида бормоқда.

АҚШнинг нуфузли “The Intercept” нашри ва Матбуот эркинлиги жамғармаси АҚШ Президенти Дональд Трамп ва унга тегишли компанияга қарши Округ судига даъво аризаси киритди. CNBC хабарига кўра, 12 август куни маълум қилинган ушбу даъвода Трамп маъмурияти “коррупцион ва конституцияга зид схема” яратишда айбланмоқда.

Можаро марказида Трампга тегишли “Truth Social” ижтимоий тармоғи ва унинг бош компанияси – “Trump Media & Technology Group” томонидан июль ойи охирида ишга туширилган “Truth API” хизмати турибди.

Бу хизматнинг моҳияти содда ва шу билан бирга кимлар учундир даҳшатли. Содда қилиб тушунтирганда, Трамп ўз постларини бошқаларга қараганда олдинроқ ўқиш имконини сотади. Нарх ҳам отнинг калласидай. Кимдир ойига 100 минг доллар пул тўласа, Трамп ва унинг маъмурияти, аниқроқ айтганда, Вице-президент Жей Ди Вэнс, ФҚБ директори Кэш Пателнинг янги постларини оддий халқ ва оммавий ахборот воситаларидан бир неча дақиқа олдинроқ ўқий олади.

Дональд Трамп 2025 йил январда Оқ уйга қайтганидан бери Truth Social’да 10 мингдан ортиқ хабар қолдирган. Унинг кўплаб муҳим иқтисодий ва геосиёсий қарорлари – тарифлар, санкциялар, тайинловлар ва уруш фонидаги баёнотлари Оқ уйнинг расмий сайтларида эмас, айнан ушбу тармоқда биринчи бўлиб эълон қилинмоқда.

Сизда ҳам савол пайдо бўлгандир: нега бир неча дақиқа учун 100 минг доллар тўлашади? Гап шундаки, Уолл-стритдаги юқори тезликда савдо қилувчи фондлар учун Трампнинг битта пости акциялар, нефть ёки валюта курсини сониялар ичида ағдар-тўнтар қилиб юбориши мумкин. Трампнинг баёнотини бошқалардан 5 сония олдин олган одам эртароқ чиқарган қарори учун бир неча миллион долларлик соф фойда олади.

“Trump Media & Technology Group” бош директори вазифасини бажарувчи Кевин МакГерннинг тан олишича, ҳозирда бу хизматга 10 дан ортиқ йирик молиявий корпорация ва сунъий интеллект компаниялари обуна бўлган.

Ишнинг энг ўткир томони шундаки, Дональд Трампнинг ўзи “Trump Media & Technology Group”нинг энг йирик акциядори ҳисобланади. Яъни, АҚШ Президенти давлат вакили сифатида қабул қилаётган қарорларидан олинадиган ахборотни пуллаш орқали тўғридан-тўғри ўз шахсий ҳамёнини катталаштиряпти.

Даъвогарлар бу ҳолатни АҚШ Конституциясига киритилган сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда тенглик ва тегишли ҳуқуқий тартиб тузатишларининг очиқдан-очиқ бузилиши деб атамоқда.

Жамоатчилик учун мўлжалланган ва бутун дунё иқтисодиётига таъсир қиладиган Президент баёнотларига бойлар ҳамда Уолл-стрит гигантларининг пул эвазига эртароқ кириш имкониятига эга бўлиши – очиқдан-очиқ ахборот тенгсизлигидир.

Демократиянинг маркази сифатида баҳоланадиган АҚШдаги вазиятни кўриб турибсиз. Энди сизга савол: агар Президентнинг сўзи ва давлат қарори пуллик обунага айланса, бу мамлакатдаги демократия ва тенглик ҳақида гапириш қанчалик мантиқий?


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends