Ҳужжат имзоланди: Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия мустақил бўлмоқчи

World

image

Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия етакчилари ўз тақдирини ўзлари белгилаши ва Британиядан мустақил бўлиш тўғрисида меморандум имзолади. Улар ўз миллатлари келажагини Европа Иттифоқида кўрмоқда. Бу ҳақдаги баёнот Шотландиянинг SNP партияси томонидан X ижтимоий тармоғида эълон қилинди.

Баёнотда Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия биринчи вазирлари – Жон Суинни (SNP партияси), Рин ап Иорверт (Plaid Cymru партияси) ва Мишель О’Нил (Sinn Féin партияси) муҳим ҳужжатни имзолаганини маълум қилган.

“Шотландия, Шимолий Ирландия ва Уэльс етакчилари биргаликда ишлаш учун мустақиллик тўғрисидаги меморандумни имзоладилар. Барча миллатлар ўз келажагини белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши керак”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, меморандум нусхаси ҳам келтирилган. Унда айтилишича, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия ўз тарихи, ўзлиги ва сиёсий анъаналарига эга.

“Миллатларимиз ўз келажагини демократик йўл билан белгилаш ҳуқуқига эга. Биз ўзимиз вакиллик қилаётган миллатлар ва жамоалар каттароқ иқтисодий имкониятлар эркинлигига ҳамда ўз келажагини белгилашда янада кучлироқ овозга лойиқдир, деган ишончни баҳам кўрамиз.

Ороллардаги сиёсий манзара ўзгармоқда. Тарихда илк бор Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия биринчи вазирлари Буюк Британиядан мустақил бўлиш ғоясига биргаликда содиқдирлар”, дейилади ҳужжатда.

Биринчи вазирлар “Вестминстер даври ўз якунига етмоқда”, деб ҳисоблашларини билдирмоқда.

“Биз бундан ҳам яхшироқ йўл борлигига ишонамиз: тенг ҳуқуқлиликда биргаликда ишлайдиган, ғоя ва тажриба алмашадиган ҳамда ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларга асосланган муносабатларни қурадиган миллатлар. Ҳаракатимиз жадаллашмоқда. Биз конституциявий ўзгаришлар муқаррар эканига ишонамиз.

Brexit иқтисодиётимизга зарар етказди ва халқимиз учун имкониятларни чеклаб қўйди. Мамлакатларимиз келажаги Европа Иттифоқига тегишли деб ҳисоблаймиз.

Биз Британия ҳукуматини ҳар бир юрисдикцияда конституциявий ўзгаришларни тайёрлаш, режалаштириш ва унга кўмаклашишга чақирамиз. Келажак мамлакатларимиз ишонч билан ҳамкорлик қила оладиган, ўз номидан гапирадиган ва бир-бири ҳамда қолган дунё билан тенглик, ҳурмат ва ўзаро манфаатдорлик асосида муносабатлар қура оладиган бўлиши керак”, дейилади меморандумда.

Маълумот учун, Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландиянинг Британия таркибига кириш тарихи турли даврларга бориб тақалади. Уэльс XIII асрдаёқ Англия томонидан эгалланган бўлса-да, унинг тўлиқ сиёсий ва ҳуқуқий интеграцияси 1536 ва 1542 йиллардаги Уэльс ҳақидаги далолатномалар (Acts of Union) орқали амалга оширилган. Шотландия ва Англия эса 1603 йилдан бери умумий монархга эга эди, бироқ уларнинг ягона “Буюк Британия Қироллиги”га бирлашиши ва ягона Вестминстер парламентининг ташкил этилиши 1707 йилдаги Иттифоқ далолатномаси билан мустаҳкамланган. Шимолий Ирландиянинг тарихи эса нисбатан мураккаброқ бўлиб, бутун Ирландия ороли 1801 йилда Бирлашган Қироллик таркибига киритилган, аммо 1921 йилдаги ажралишдан сўнг оролнинг шимолий қисми Британия таркибида қолган. Шунга кўра, Уэльс қарийб 500 йилдан бери, Шотландия 319 йилдан бери, Шимолий Ирландия эса ҳозирги мақомида 105 йилдан бери Британия таркибида мавжуд.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends