Ҳиндистонда минглаб одамлар сайлов комиссияси раиси истеъфосини талаб қилиб, кўчага чиқди
World
−
08:38 734 2 minutes
Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида минглаб одамлар Марказий сайлов комиссияси раиси Гянеш Кумар истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди. Бунга сайловчилар рўйхатини қайта кўриб чиқиш жараёнида 130 миллиондан ортиқ фуқаронинг исми рўйхатдан чиқарилгани сабаб бўлди. Намойишга мухолифатдаги Конгресс партияси етакчиси Рахул Ганди бошчилик қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Кеча, 1 ноябрь куни бўлиб ўтган намойиш Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳукуматига қарши сентябрь ойи охиридан бери давом этаётган норозилик чиқишларининг навбатдагиси бўлган. Мухолифат вакиллари сайловчилар рўйхатидаги ўзгаришлар Моди бошчилигидаги “Bharatiya Janata” партиясига (BJP) фойда келтиришини айтмоқда.
.png)
Намойиш бошланишидан олдин Нью-Деҳлида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Полиция ходимлари ва тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича махсус кучлар Рамлила майдонини ўраб олган. Намойишчилар эса шаҳар марказидан ушбу майдонга қараб юриш қилган. Уларнинг кўпчилиги Ҳиндистон ва сиёсий партиялар байроқларини кўтариб олган.
.png)
Митингда сўзга чиққан Рахул Ганди Сайлов комиссияси раиси Гянеш Кумар лавозимини тарк этиши кераклигини айтган. Унинг фикрича, бу мамлакатни яна “тўғри йўлга қайтариш” учун биринчи қадам бўлади.
.png)
“Сайловчилар рўйхатидан одамларнинг исмларини ўчириш Ҳиндистоннинг ҳар бир фуқароси овозини ўғирлашдир. Бу фуқароларнинг ўз фикрини билдириш ҳуқуқидан маҳрум этилишидир. Бу миллатга хиёнат, давлатга хиёнатдир”, деган Рахул Ганди.

Намойишда қатнашган Конгресс партияси талабалар қаноти аъзоси Рина Маҳо оиласининг тўрт нафар аъзоси бошқа жойга кўчиб кетгани ҳақида нотўғри маълумот киритилгани сабабли сайловчилар рўйхатидан чиқарилганини билдирган. Унинг айтишича, оиласи Чхаттисгарҳ штатидаги Жагдалпур шаҳрида узоқ йиллардан бери яшайди.
“Бирдангига бизни ўз уйимиздан кўчиб кетган деб белгилашди. Бу ҳолат учун кимдир жавоб бериши керак. Биз айнан шуни талаб қилиш учун келдик”, деган у.
“Reuters” маълумотига кўра, сайловчилар рўйхатини қайта кўриб чиқиш жараёнида 130 миллиондан ортиқ кишининг исми ўчирилган. Бу Япония аҳолисидан ҳам кўп.
Ҳиндистон Сайлов комиссияси эса рўйхатни янгилашдан мақсад такрорий ёзувлар ва сайлов ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларни чиқариб ташлаш эканини билдирган. Комиссия бирор сиёсий партияга ён босayotganини рад этган ва рўйхатдан нотўғри чиқарилган фуқаролар қайта рўйхатдан ўтиши мумкинлигини маълум қилган.
Ҳиндистон соғлиқни сақлаш вазири Жагат Пракаш Надда ҳам намойишга муносабат билдирган. У митингни “пухта ташкил этилган саҳна кўриниши” деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сербия пойтахти Белградда муддатидан олдинги парламент сайловлари арафасида Президент Александр Вучич ҳокимиятига қарши 150 мингга яқин киши намойишга чиққанди.
Live
All01 November
01 November
01 November