Ҳиндистон билан савдо айланмаси 2030 йилгача 5 млрд долларга етказилади

Local

image

Ўзбекистон Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири бугун, 30 август куни ўтказилган тор ва кенг доирадаги музокараларда ўзаро муносабатларни янги даражага олиб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг музокаралари бўлиб ўтган.

Учрашув аввалида Нарендра Моди давлат раҳбарини Мустақиллик куни билан табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Шундан сўнг, Ўзбекистон – Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Шу ўринда фаол ва самарали мулоқотлар турли даражаларда давом этаётгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Маълум қилинишича, ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошган. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 7 баробарга кўпайган. Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри парвозлар амалга оширилмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та университети фаолият юритмоқда.

Билдирилишича, маданий-гуманитар алоқаларни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази ва Маҳатма Ганди номидаги Ҳиндшунослик маркази муҳим ўрин тутмоқда.

Ўзбекистонда йога тобора оммалашиб бораётгани ва ушбу соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани ҳам алоҳида қайд этилган.

Мазкур ташриф тарихий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда муҳим ўрин тутиши таъкидланган.

Бу Ўзбекистон – Ҳиндистон муносабатларида янги босқични бошлаб бериши ва барча устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратиши қайд этилган.

Шу билан бирга, томонлар сиёсий мулоқот ва алмашинувларни барча даражаларда, шу жумладан, парламентлардаги дўстлик гуруҳлари, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасида фаоллаштиришга келишиб олган.

Маълум қилинишича, ҳамкорликни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида мувофиқлаштирувчи механизмни таъсис этиш кўзда тутилган.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Томонлар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилга қадар товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олган.

Саноат кооперациясини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари билан энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноатида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юқори баҳоланган.

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилган. Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ва Ҳарьяна штати, Самарқанд вилояти ва Агра ўртасида яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилган.

Бундан ташқари, томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган. Маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ўтказиб бориш бўйича келишувга эришилган. Ташриф доирасида Маданий алмашинув бўйича 5 йиллик дастурни имзолаш кўзда тутилган.

Музокаралар давомида халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Етакчилар халқаро тузилмалар доирасидаги самарали ҳамкорликни мамнуният билан қайд этган. Томонлар БМТ, ШҲТ, БРИКС ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида илгари сурилаётган ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини изчил давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган.

Учрашув якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшма лойиҳа ва дастурларнинг фаол илгари сурилишини таъминлаш топширилган.

Билдирилишича, ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини ўз ичига олган тегишли “йўл хариталари” ишлаб чиқилади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends