Зеленский мусулмон ҳарбийлар билан бирга ифторлик қилди (фото, видео)

Олам

image

Кеча, 25 март куни Украина Президенти Владимир Зеленский мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан уюштирилган ифторлик дастурхонида қатнашди ва Ислом динига эътиқод қилувчи украиналик ҳарбий хизматчиларни тақдирлади. Бу ҳақда мамлакат Президентининг ахборот хизмати маълум қилди.

“Украина Президенти Владимир Зеленский Ислом динига эътиқод қилувчи украиналик ҳарбийлар, Қрим-татар халқи мажлиси раҳбарлари, мусулмон жамоатчилиги ва руҳонийлар билан биргаликда мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланувчи Рамазон ойида ўтказиладиган ифторлик – кечки овқатда иштирок этди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тадбир Қрим мусулмонлари диний бошқармаси ҳудудида бўлиб ўтган ва Украина Президенти томонидан ўтган йилдан давлат даражасида бошланган ифторлик анъаналарининг давоми сифатида баҳоланган.

“Ўтган йили биз янги анъанани бошладик – муқаддас Рамазонни кенг нишонлаймиз. Давлатимиз сиёсий раҳбарияти, ҳарбий қўмондонлиги, бизнинг Украина мусулмон жамияти вакиллари, Қрим-татар халқи мажлиси, дипломатик корпус – ҳамма биргаликда бугун бир таркибда, бу ерда ўтирганимиздан жуда хурсандман. Бирлик ҳар доим муҳим”, деган Владимир Зеленский.

Украина раҳбари ҳар бир мусулмон аскарларини, Украина мудофаа ва хавфсизлик кучларининг бир қисми сифатида мамлакатнинг мустақиллигини ҳимоя қилаётган барча ҳарбийларни Рамазон билан табриклаган, Бутун Украинани, Қримни озод қилинишга бел боғлаган аскарларга кўрсатаётган жасорати учун миннатдорлик билдирган.

Қолаверса, Зеленский жанговар ҳаракатлар туфайли нормал ҳаёт ва хавфсизликдан маҳрум бўлган халқлар: Сурия, Ғазо, Ливия, Судандаги одамларга тинчлик ва осойишталик тилаган.

“Уруш оқибатида уйлари вайрон бўлган барча халқларга тинчлик тилаймиз. Биз давлатимиз, Украина ва бошқа барча халқлар учун адолат тилаймиз. Ушбу Рамазон ойи барчамизни - халқимизни, давлатимизни ғалабага етакласин. Ва бизнинг бирлигимиз ўзгармас бўлсин", дея қўшимча қилган у.

Қрим-татар халқи етакчиси Мустафо Жамил ҳам Украина Президентига, йиғилганларнинг барчасига, шунингдек, бугун қўлларида қурол билан мамлакатни ҳимоя қилаётган аскарларга ўз миннатдорлигини билдирган.

“Сиз энди нафақат фуқаролик, балки диний бурчингизни ҳам бажаряпсиз. Зеро, Ислом дини тамойилларига кўра, Ватан учун уруш қилиш ҳар бир мусулмон учун бурчдир”, деган у.

Ифторда шунингдек: Қрим-татар халқи мажлиси раиси Рефат Чубаров ва парламентнинг бошқа аъзолари, Украина Президентининг Қрим Автоном Республикасидаги доимий вакили Тамила Ташева, Қрим Республикаси мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси Шайх Айдер Рустамов, Туркия, Ўзбекистон, Туркманистон, Фаластин, Миср, Ливия Республикаси, Покистон, Индонезия, Жанубий Африка Республикаси, Озарбайжон, Жазоир, Судан, Қатар, Ироқ, Қирғизистоннинг Украинада аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари вакиллари, маданий ва жамоат арбоблари иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкек марказий масжидида намозхонлар билан, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Миллий қурултой иштирокчилари билан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманганда кенг жамоат билан ифторлик қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳарбийлар Владимир Зеленский ифторлик Мустафо Жамил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг