“Толибон” ҳукуматини тан олиш масаласи кун тартибида – Комилов 

Жамият

image
Биз бунга яқинлашяпмиз – Путин “Толибон”ни тан олиш ҳақида north_east

Биз бунга яқинлашяпмиз – Путин “Толибон”ни тан олиш ҳақида

Афғонистонда ҳокимият тепасига келган “Толибон” ҳукуматини тан олиш масаласи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг кун тартибида турибди. Бироқ, толиблар Афғонистонда терроризмга қарши курашиш ҳақидаги ваъдаларини бажариши керак. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бир қатор рус ОАВ вакиллари билан бўлган суҳбатда маълум қилди

“Толибон” ҳукуматини тан олиш масаласи, албатта, кун тартибида. Биз иттифоқчиларимиз ва шерикларимиз билан биргаликда бу томон ҳаракат қиламиз. Аммо “Толибон” олдига қўйилган шартлар шунчалик жиддийки, уларга ёлғиз муносабат билдириш жуда хавфлидир... Афғонистонда террорчилик фаолиятининг сақланиб қолишига ва толибларнинг бунга қарши етарлича курашмаслигига кўз юма олмаймиз”, дейди ТИВ раҳбари.

Шунингдек, Комилов Ўзбекистон Афғонистондан қочқинларни қабул қилиш учун махсус жойлар яратишни режалаштирмаётганини, чунки бунга эҳтиёж йўқлигини маълум қилган.

“Қочқинлар оқими йўқ, қочқинлар умуман йўқ. Биз аввалбошидан қочқинларни қабул қилмаслигимизни айтгандик”, дейди Комилов.

Унинг сўзларига кўра, “Толибон” ҳаракати чегарада қочқинлар оқимининг олдини олишга ёрдам берган: 

“Толиблар уларни ишонтиришди. Уйга қайтиб, тинч-тотув яшашни айтишди. Шундан кейин деярли ҳеч ким чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринмади”.

Шу билан бирга, Комилов Ўзбекистон хавф остида бўлганларни Афғонистондан учинчи давлатларга олиб кетишда ёрдам кўрсатганини ва бундан кейин ҳам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 22 октябрь куни Ташқи ишлар вазири бир қатор рус ОАВ, жумладан “Первый канал”, “Россия 24”, НТВ, ТАСС, “Коммерсантъ” ва “Комсомольская правда” каби нашр ҳамда телеканаллар вакиллари билан Тошкентда ТИВ биносида матбуот анжумани ўтказди ва уларни қизиқтирган саволларга 2 соатдан ортиқ жавоб берди. 

Ушбу матбуот анжумани доирасида Ўзбекистон ТИВ раҳбари “Толибон” мафкурасининг Ўзбекистонга ёйилиши ҳамда АҚШ ҳарбийларини мамлакатга жойлаштириш борасидаги саволларга ҳам жавоб берди. 

“Толибон” Афғонистон ҳокимиятини эгаллади

Маълумот учун, жорий йилнинг 15 август куни мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди

Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, чет давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан келаётган ёрдам тўхтаб қолди. Бундан ташқари, минглар афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.

Шундай бир даврдан жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни беэътибор қолдирмоқчи эмас. Бундай хатога дунё етакчилари аввал йўл қўйган. Бунинг оқибатлари айниқса АҚШнинг эсидан чиқмайди. Афғонистон террорчи гуруҳлар уясига айланмаслиги учун жаҳон етакчилари “Толибон” билан ишламоқчи, ҳатто ушбу ҳаракат БМТ томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган бўлса ҳам.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

58

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг