Покистон армиясининг Афғонистон чегараси яқинидаги постига ҳужум уюштирилди. Қурбонлар бор

Олам

image

Бугун, 16 март куни эрталаб Покистон Ислом Республикасининг Афғонистон яқинидаги ҳарбий постига портловчи моддалар ва худкуш бомбалар ўрнатилган машинадан фойдаланган жангарилар ҳужум қилди. Бу ҳақда Покистон армияси баёнот берди.

Қайд этилишича, Покистон шимоли-ғарбида содир бўлган ҳодиса олти нафар ҳужумчи томонидан уюштирилган. Ҳужум учун жавобгар жангари гуруҳ номи ҳали очиқланганича йўқ. Терактда хавфсизлик кучларининг етти нафар ходими ҳалок бўлган. 

“Террорчилар постга портловчи мослама юкланган машинада бостириб киришди, сўнгра бир неча худкушлик ҳужуми уюштирилди, оқибатда бинонинг бир қисми қулаб тушди ва беш киши шаҳид бўлди”, дейилган баёнотда.

Билдирилишича, яна икки хавфсизлик кучлари аъзоси жангарилар билан кечган жангларда ҳалок бўлган. Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва вилоятининг Афғонистон билан чегарадош Вазиристон ҳудудида яшовчи аҳолининг "Reuters" агентлигига айтишича, ҳужум пайтида бўлган портлаш уй эшикларини қўпориб юборган ва деразалар шикастланган. 

Покистон ҳукумати ва хавфсизлик расмийларига кўра, сўнгги ойлардан бери мамлакатда ҳужумлар сони урчиб бормоқда, уларнинг аксарияти Покистон Толибони томонидан содир этилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Сват туманида теракт содир бўлган ва оқибатда саккиз нафар полициячи ҳалок бўлиб, яна 57 киши жароҳатланганди. Июль ойида яна шу вилоятда портлаш содир бўлиши оқибатида 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлганди. Бунинг учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олганди. Сентябрда ҳам вилоятда ҳарбий карвонга уюштирилган теракт оқибатида мамлакат армиясининг тўққиз нафар аскари ҳалок бўлди, беш нафари яраланди. 29 сентябрь куни вилоятнинг Ҳангу шаҳридаги масжидда портлаш бўлди. 4 ноябрь куни эса олти нафар жангари Покистон шимоли-шарқидаги Панжоб вилоятида жойлашган Мианвали шаҳри яқинидаги ҳарбий-ҳаво кучлари ўқув базасига ҳужум қилиб, учта самолётга зарар етказди. 12 декабрь куни Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилояти шимоли-ғарбидаги полиция бўлимида юз берган портлашда камида тўрт нафар хавфсизлик кучлари ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди.


Мақола муаллифи

Теглар

чегара Покистон ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг