Жээнбеков топилмаяпти. Қирғизистонда чегарачиларга амалдорларни чиқармаслик буюрилди
Олам
−
08 Октябрь 2020
22684Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ва Бош вазир Кубатбек Боронов қаердалиги номаълум бўлиб турибди. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Омурбек Суваналиев маълум қилди.
Унинг қўшимча қилишича, хавфсизлик учун чегараларни ёпиш ва юқори мартабали амалдорларни, жумладан, Президентни ҳам мамлакатдан чиқармаслик буюрилган.
Суваналиевнинг сўзларига кўра, мамлакат раҳбарлари намойишлар бошланганидан бери кўриниш бермаган. Интернетда Жээнбековнинг мурожаатлари тарқалди. Аммо улар қаерда ёзилгани номаълум.
“Лавозимини тарк этган амалдорлар яширин жойда. Аммо қаердалиги аниқ айтолмайман, уларнинг кўпи яишириняпти. Бир қисми Бороновдек, масофадан ишлаётганини ва истеъфо бермаганини айтяпти”, деган Суваналиев.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда, партиялар келиша олмаяпти. Ҳарбий блок вазият тўла издан чиқмаслиги учун ҳаракат қиляпти. Партиялар тезлик билан музокаралар столига ўтириши ва бир тўхтамга келиши керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси