Намойишларда вайрон бўлган “Оқ уй”ни таъмирлашга қанча сарфланиши маълум бўлди

Олам

image

Қирғизистон жамоатчилиги орасида 4 октябрь куни бошланган намойишларда вайрон қилинган "Оқ уй" биносини 450 миллион сом (5 миллион 581 049 АҚШ доллари)га таъмирлаш ҳақидаги гаплар кун тартибига чиққан. Мамлакат Бош вазири – вақтинчи Президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Оқ уйнинг таъмирига қанча сарфланишига аниқлик киритди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида ёзган. 

Садир Жапаров "Оқ уй"ни таъмирлаш учун 450 миллион сом кераклигини рад этган. 

“Оқ уй"ни таъмирлаш учун 450 миллион сом сарфланади деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу парламент сайловларига киритилган маблағлар”, дея тушунтиради у.  

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, Жўқорғу Кенеш биносини таъмирлаш учун 10 миллион сом (124 023 АҚШ доллари) керак бўлади. Давлатнинг вақтинча раҳбари аллақачон таъмирлаш ишларини бошлашга буйруқ берганини қўшимча қилади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – "Оқ уй"ни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик туфайли етказилган зарар 2020 йил 10 октябрь ҳолатига кўра 8 миллиард сом ёки бутун мамлакат бўйлаб 104 миллион долларни ташкил этди. 


 


Мақола муаллифи

Теглар

Оқ уй Қирғизистондаги вазият Садир Жапаров

Баҳолаганлар

117

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг