1 ноябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 ноябридан турли қарор ва фармойишлар кучга киради. Жумладан:

Психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади

Туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизмат кўрсатиш марказларида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган шахсларга психологик ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилмоқда.

Давлат органларининг кадрлар ҳужжатлари махсус платформада сақланади

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқариш билан боғлиқ барча маълумотлар ва ҳужжатлар hrm.argos.uz электрон платформасида шакллантирилади ва қайд этилади.

Хонадонларга кенг полосали интернетни олиб кириш дастури ишга туширилади

“Сўнгги миль” тамойили асосида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда аҳолини кенг полосали интернет билан таъминлашга қаратилган дастур йўлга қўйилмоқда.

Ҳокимлар учун шаҳарсозлик курсларини ташкил этилади

Қурилиш вазирлиги томонидан маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг шаҳарсозлик соҳасидаги билимларини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари ташкил этилади. 

Автомобиль рақамларини бериш ставкаларини ошириш

Автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (РЎДРБ) учун базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 3,5 баравари миқдорида тўлов белгиланади. Ушбу сумма аввалги белгиланган миқдорнинг 2 баробаридан ҳам кўп.  

Шунингдек, мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамаларга РЎДРБ учун БҲМнинг 1,75 баравари миқдорида пул маблағи тўланади.

Умра зиёрати ташкилотчиларига янги талаблар жорий этилди

Умра хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қуйидаги қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилмоқда:

  • 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўяди;
  • умра хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлайди;
  • умра хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатиш тақиқланади;
  • умра хизматларини Саудия Арабистони подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширади.

Аҳолига бериладиган микрокредит миқдори 2 баробарга ошиши мумкин

Унга кўра, ушбу қонуннинг 5-моддасидаги аҳолига ажратиладиган микрокредит миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмга ўзгартирилади. Ушбу қарор ижросини таъминлаш эса Марказий банк ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юкланади. 

Ҳужжат лойиҳаси 31 октябрга қадар regulation.gov.uz порталида муҳокамага қўйилган. Ҳар бир фуқаро ушбу жараёнда овоз бериши мумкин. Агар ушбу Қонун муҳокамадан ўтса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Аэропорт ҳудудидаги камералар ҳам жарима солади

Маълум қилинишича, аэропорт ҳудудида ўрнатилган қоидаларга риоя этмаганларга жарима солиш бўйича тизим жорий йилнинг 1 ноябрдан бошлаб автоматик равишда ишлай бошлайди. Шу вақтгача юриш қоидаларига риоя қилиш ва йўл ўтказгичда ҳаракатни тартибга солиш аэропорт ходимлари томонидан амалга оширилаётганди.

Аэропорт эстакадасида бир вақтнинг ўзида 30 тагача автомобиль бўлиши мумкин. Сайёҳлик автобусларини ҳисобга олган ҳолда бу рақам 17 тагача камаяди. Узоқ туришни режалаштираётган ҳайдовчиларга жўнаш терминали олдидаги автомобиль турар жойларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.

1 ноябрдан “свет”ни лимитдан кўп ишлатганлар 2-3 ёки 4 баравар ҳақ тўлайди

1 ноябрдан бошлаб электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган III гуруҳ истеъмолчиларига:

  • 1 001 дан 5 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар;
  • 5 001 дан 10 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар;
  • 10 000 кВт соатдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Экологик ҳуқуқбузарлик содир этганлар учун жазо тури оғирлаштирилади

2023 йил 1 ноябрдан ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади.

Бундан ташқари, экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юклатилади.


Мақола муаллифи

Теглар

қарор 1 ноябридан фармойишлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг