Аҳоли пунктларининг барчасига мобил алоқа ва кенг полосали интернет етиб боради
Жамият
−
24 Декабрь 2021
6237Ўзбекистонда келгуси йилда аҳоли пунктларининг барчаси барчаси мобил алоқа ва кенг полосали интернет билан таъминланади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати ёзмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари келгуси йилда IT хизматлар ҳажмини 35 фоиз ошириб, 21 триллион сўмга етказиш, дастурлаш хизматларини кўпайтириш учун барча имконият борлигини таъкидлаган.
Сунъий интеллект марказини ишга туширишни жадаллаштириш, хориждан IT мутахассислар жалб этиш тартибини соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига келгуси йилда IT тармоқлар тезлигини 1,8 баробар ошириш ҳамда 1 миллион қўшимча кенг полосали тармоқлар ўрнатиш вазифаси қўйилган. Таъкидланишича, бу орқали аҳоли пунктларининг барчаси мобил алоқа ва кенг полосали интернет билан таъминланади.
“Президент янги технологиялар, аввало, одамларга хизмат қилиши, қулайлик яратиши зарурлигини таъкидлади. Охирги йилларда 300 дан ортиқ давлат хизмати электрон шаклга ўтказилиб, шу йилнинг ўзида улардан 16 миллион маротаба фойдаланилган.
Келгуси йилда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар улуши 60 фоизга етказилиши белгиланди”, дейилади хабарда.
Тақдимотда фуқаро паспортининг рақамли профили ҳақида маълумот берилган. Gov Pass мобиль иловаси смартфонга ўрнатилади ва унда паспорт, диплом, меҳнат дафтарчаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси каби кўплаб ҳужжатлар жамланади. Яъни, фуқаронинг барча ҳужжатлари доим ёнида, телефонда бўлади. Бу вақт ва пулни тежаб, қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади, оворагарчиликларни бартараф этади.
Шунингдек, тақдимотда “Хавфсиз шаҳар” тизими ижросига доир масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йилгача бу тизимни тўлиқ жорий этиш вазифаси қўйилган.
LiveБарчаси