Зулфиқор Мусоқовнинг шифокорлар ҳақидаги фильми тақдимоти ўтказилди

Маданият-санъат

image

Кеча, 2 декабрь куни “Киночилар уйи”да режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан суратга олинган “Касаллик тарихи” фильмининг ОАВ ходимлари учун ёпиқ тақдимот маросими бўлиб ўтди.

“Касаллик тарихи” фильми бир шифокорнинг кечинмаларини ўзида акс эттирган. Ундаги воқеалар дўстлик, хиёнат, ёлғон, амал курсисига қўйилган ружу ва соф инсоний туйғулар ҳақида ҳикоя қилади.

Киноасарда ролларни Нигора Каримбоева, Сейдулла Молдаханов, Отабек Мусаев, Бобур Йўлдошев, Феруза Саидова ва Мария Сошиналар ижро этган.

Эътиборлиси кинодаги барча воқеликлар икки хонали уйда юз беради. Фильм режиссёри ва сценарий муаллифи Зулфиқор Мусоқовга кўра, картина ғояси вужудга келганига бир неча йил бўлган ва ҳаттоки, лойиҳа кассабоплигига билдирилган шубҳалар ҳам ижодкорни тўхтата олмаган. Режиссёрнинг айтишича, фильм ғоясини актёр Отабек Мусаев берган.

“Бош қаҳрамонларни гавдалантирган актёрларнинг деярли ҳаммаси менинг кўп йиллик қадрдонларим. Шунинг учун уларни йиғдимда, “келинглар ўзимиз суратга олиб кўрамиз, лекин бу ташаббусимиз нима билан тугашини билмайман”, дедим. Сейдулла Молдаханов Россияда ҳам таниқли актёрлардан, унга катта гонорар беролмаслигимни айтганимда ҳам рад этмади. Кейин озгина пул топиб, ҳаттоки “қарзга ботиб” хомаки нусхасини суратга олдик ва Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш марказига кўрсатдик. Улар “кино ёшлар учун эмас экан, кассабоп фильм бўлмаса керак”, деб айтди. Шунда мен томошабинлар фақат ёшлардан иборат бўлмайди, бироз бўлса-да фикрлашга чорлайдиган кино яратишимиз зарур деганимдан кейин улар рози бўлди ва ҳамкор сифатида молиявий ёрдам берди”, дейди Мусоқов.

Режиссёр ўз ҳаётида содир бўлган воқеа туфайли ушбу картинанинг сценарийсини ёзишга киришганини таъкидлади.

“Бундан уч йил олдин, шифокорнинг хатосини деб ўғлимдан ажраб қолишимга оз қолди. Бир сутка давомида ўғлим ўлим билан олишди. Ана ўша вақтда фарзандимга бирор нарса бўлса мен нима қиламан, деб дод солганман. Шундан кейин улар боламни қутқариб қолган. Мана шу ички дарддан халос бўлиш учун бу фильмни тасвирга олдим. Сценарийни тиббиёт фанлари докторлари билан маслаҳатлашдик. Бу кинони шифокорларга кўрсатиб, “шундай ҳолатлар ҳам юз берадими”, деб сўраганимда, “бундан баттарлари ҳам бўлади”, деб жавоб беришди”, дейди режиссёр.

“Касаллик тарихи” кинофильмида Зулфиқор Мусоқовнинг ўзи ҳам ролни ижро этган ва бош қаҳрамон Сейдулла Молдахановга дубляжда овоз берган. Ижодкор бу ҳолатга ҳам изоҳ берди.

“Сейдуллахон ўзбек тилига бироз нўноқроқ. Шу сабабдан кўп актёрларни танловдан ўтказдик, лекин режиссёр ва сценарий муаллифи сифатида ўзим хоҳлаган натижани кўрмадим. Шу сабабдан қаҳрамоннинг фикрлари ва ҳис-туйғуларини юракдан чиқариб беришни хоҳладим. Аммо бунга кўп актёрларимиз қарши бўлди. Бироқ қарорим ўзгаришсиз қолди”, дейди Мусоқов.

Бош қаҳрамонлардан бири Нигора Каримбоева кинони суратга олиш жараёнидаги ўзига хос жиҳатлар ҳақида сўз юритди.

“Вазир ролини ижро этиш жараёнида агар ўзим раҳбар бўлсам нима бўларди, деган саволни ўзимга бердим ва жавобни экранда намойиш этдим. Битта манзилда суратга олинган фильмда биринчи бор ишладим. Бу менга жуда ҳам ёқди. Бу актёрдан кучлироқ ишлашни талаб қилар экан. Сабаби манзиллар алмашаверса, бу томошабинни ҳам чалғитиб қўяди. Фильмда юзларимиз катта-катта планларда намойиш этилган. Ҳаттоки монтажда ҳам кўринишимизга ишлов берилмаган. Ажинларимиз, кўз ёшимиз, қош-кўзларимизнинг қимирлаши ҳам очиқ-ойдин кўрсатиб берилган. Ишлатилган ҳар бир термини қайта-қайта текширтирдим. Нотўғри айтиб қўймайлик, томошабинлар орасида шифокорлар ҳам бўлади. Агар нотўғри айтсак буни пайқашади, дедим. Шундай масъулиятли вазифадан ўтиб олганимдан хурсандман”, дейди у.

Маълумот ўрнида, режиссёр Зулфиқор Мусоқов QALAMPIR.UZ'га берган интервьюси вақтида ҳозирда “Осмондаги болалар-3” фильми устида ишлаётгани ҳақида айтган эди. Шунингдек, режиссёрнинг “Жексон ва унинг набираси”, “Менинг акам Акбар”, “Алвидо, Учқудуқ” ва “Ҳотамтой” каби фильмлар сценарийлари бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқилмоқда. 

 


Мақола муаллифи

Теглар

фильм кино Зулфиқор Мусоқов Касаллик тарихи Нигора Каримбоева

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made