Зойир Мирзаев Қашқадарё ҳокими бўлди
Жамият
−
26 Октябрь 2019
11395Аввалроқ, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев лавозимдан озод қилиниши кутилаётгани, унинг ўрнини Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари Зойир Тоирович Мирзаев тайинланиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 26 октябрь куни Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Мирзаев Зойир Тоирович - Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Зойир Мирзаев бугунгача қатор давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимида фаолият олиб борган. Хусусан, Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими, Йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси лавозимларида фаолият юритган.