Зироат Мирзиёевадан Роза Отунбоевагача. Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рўйхати тузилди
Жамият
−
20 Декабрь 2023
16388Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси – “Zamin” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан тузилган ТОП-40: Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рўйхатида пешқадам бўлди. Шунингдек, ушбу рўйхатдан унинг қизи – Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам ўрин олди.
“Юксалиш”нинг қайд этишича, ушбу рейтингга киритилган аёллар минтақада турли соҳаларга, шу жумладан сиёсат, бизнес, таълим, фан, санъат ва ижтимоий масалаларга ижобий таъсир кўрсатган.
“Номзодлар рўйхати шакллантирилгач, Ҳаракатнинг минтақа миқёсидаги экспертлар гуруҳига тақдим этилди. Экспертлар номзодларни ҳам математик, ҳам эмпирик методларга таянган ҳолда саралади”, дейилади хабарда.
Рўйхатнинг иккинчи ва учинчи ўринларини мос равишда Қирғизистон биринчи хоними Айгул Жапарова ва Тожикистон биринчи хоними Азизмо Асадуллаева банд этган. Кейинги ўрин эса Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоевага насиб қилган. Шунингдек, Марказий Осиёнинг барча республикалари парламентларида раис ва раис ўринбосари лавозимларида ишлаб келаётган аёллар мазкур рейтингга киритилган.
Рўйхатда биринчи хонимлардан кейин эътироф этилган Танзила Норбоевага нисбатан “Юксалиш” шундай таъриф берган:
“Экспертларнинг таъкидлашича, Танзила Норбоева Ўзбекистон тарихида Сенатга раислик қилаётган илк аёл. Бунгача у Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимларида фаолият юритган. “Шуҳрат” медали, “Фидокорона хизматлари учун” ордени, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган. 2019 йилда “Энг фаол давлат арбоби – Ўзбекистонда йил одами” cифатида эътироф этилган”.
2010 йилнинг июнь ойида содир бўлган ва тарихга “Ўш воқеалари” номи билан кирган қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаронинг асосий айбдорлари рўйхати бошида қўли қонга ботган раҳбар сифатида кўриладиган Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбоева ҳам “Юксалиш” тузган рўйхатдан жой олган. Айни вақтда у БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари бўлиб фаолият юритмоқда. “Юксалиш” Роза Отунбоеванинг ушбу рўйхатга киритилгани бўйича пайдо бўладиган эътирозларга аввалдан жавоб бергандек, уни қуйидагича алқаган:
“Роза Отунбоева Марказий Осиёдаги биринчи аёл президент. Бугунда Қирғиз Республикаси ривожига кўп томонлама ҳисса қўшаётган “Роза Отунбоева ташаббуси” жамоат фонди асосчиси. У етакчилик, дипломатия, фаол фуқаролик ва халқаро ҳамкорлик соҳаларида 35 йилдан ортиқ касбий тажрибага эга. Фуқаролик жамияти, давлат ва хусусий секторлар ҳаётини яхшилашга қўшган ҳиссаси учун Қувайт мукофоти билан тақдирланган”.
Гарчи Марказий Осиё халқлари орасида қозоқ, қирғиз, тожик, турман ва ўзбек тилларидаги қўшиқлари ва гастроль концертлари сони ва машҳурлиги билан Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова етакчилик қилса-да, рўйхатга негадир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон киритилган. Назархоннинг эса ўзбек ва рус тилларидан бошқа тилларда қўшиқ куйлагани маълум эмас.
Рўйхатга Тожикистон Президентининг қизи – Президентнинг ижроия аппарати раҳбари Озода Раҳмон ҳам киритилган.
“Озода Раҳмон Тожикистон ҳукуматида юқори лавозимлардаги фаолиятидан ташқари, ўзининг хайрия ишлари, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ва таълим соҳасидаги ислоҳотларга таъсир кўрсатиши билан танилган”, дейилади “Юксалиш” изоҳида.
LiveБарчаси