Венесуэла вайрон бўлди. Қўшалоқ зилзила сабаб қурбонлар кўпайяпти
Таҳлил
−
20:15 1234 5 дақиқа
Кеча кечқурун Венесуэлада иккита кучли зилзила юз берди. Оқибатда мамлакат пойтахти Каракас шаҳрида турар жой бинолари ва бошқа иншоотлар қулаб тушган. Маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида, камида 32 киши ҳалок бўлди ва 700 га яқин одам жароҳат олган.
7,5 магнитудали иккинчи зилзила Жанубий Америка мамлакатида юз йил ичида содир бўлган энг кучли зилзила деб баҳоланмоқда.
Тармоқларда Венесуэла аҳолиси саросимадан кўчаларда югургани акс этган видеолар тарқалмоқда. Венесуэланинг вақтинчалик президенти Делси Родригес фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аэропорт, темир йўл ва транспорт хизматлари тўхтатилганини айтди.
Қутқарувчилар вайроналар остида қолиб кетган одамларни топишга ҳаракат қилмоқда.
Каракасни вайронага айлантирган зилзила
Жорий йилнинг 24 июнь куни маҳалий вақт билан соат 18:04 да Венесуэла пойтахти Каракасни ларзага келтирган иккита кучли зилзила содир бўлди. Биринчиси 7,2 магнитудали зилзила бўлиб, унинг эпицентри Кариб денгизи соҳилида жойлашган Морон шаҳридан 28 километр ғарбда, Каракасдан эса тахминан 168 километр узоқликда кузатилган. Зилзила ўчоғи 22 километр чуқурликда жойлашган. 39 сониядан сўнг яна 7,5 магнитудали кучли зилзила содир болган. Иккинчи зилзиланинг эпицентри Морондан 16 километр узоқликда, ўчоғи эса 10 километр чуқурликда қайд этилган.
Венесуэла Ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, зилзилалар оқибатида Каракасда бир қатор бинолар вайрон бўлган.
Мамлакатнинг вақтинча президенти Делси Родригес мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган. АҚШ Геология хизмати эса табиий офат оқибатида қурбонлар сони 10 мингдан 100 минг нафаргача етиши мумкинлиги ҳақида прогноз берган. Родригеснинг сўзларига кўра, камида 32 киши ҳалок бўлган ва 700 киши жароҳатланган. Қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ортиши мумкин. Венесуэла Ички ишлар вазири Диосдадо Кабелонинг айтишича, ёнғин-қутқарув хизмати ва полиция вайронагарчилик оқибатларини бартараф этиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқда. У ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган.
Маълум қилинишича, Каракасдаги кўплаб аҳоли биноларнинг мустаҳкамлигига ишонч қолмагани сабабли уларни тарк этган. Кўчаларда қулаб тушган деворлар ортидан уй жиҳозлари кўриниб қолгани одамларни қаттиқ саросимага солган.
Ижтимоий тармоқларда Каракас аэропорти ва Кариб денгизи соҳилидаги Ла-Гуайра портида юз берган вайронагарчиликлар акс этган видеолар тарқалди. Кейинроқ, Делси Родригес зилзила сабабли аэропорт ёпилганини тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, иккита кучли зилзиладан сўнг, яна 20 та ер силкиниши (афтершок) кузатилган. Венесуэла парламенти 25 июнга белгиланган ялпи мажлисини бекор қилди.
Зарарнинг тўлиқ миқёси ҳали баҳоланмаган, бироқ фотосуратлар ва видеоларда вайронага айланган кўплаб биноларни кўриш мумкин.
Делси Родригеснинг кўрсатмасига кўра, зилзиладан сўнг Каракас метроси ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди, шаҳарда газ таъминоти ҳам узилди. Интернет тармоқларида ҳам узилишлар қайд этилган. Каракаснинг Пинто-Салинос туманида зилзиладан сўнг вайроналар остида қолган 3 киши ҳалок бўлди. Шаҳар мэри ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берди. Дастлабки маълумотларга кўра, яна 3 киши вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. Шаҳарнинг бошқа ҳудудида эса қутқарувчилар қулаган бино остидан 2 кишини тирик олиб чиқишга муваффақ бўлишди.
Тармоқларда тарқалган видеоларда вайрон бўлган бинолар орасидан бир эркак икки кучукни қутқариб чиқаётгани ҳам акс этган.
АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг “Truth” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Вашингтон ёрдам беришга “тайёр” эканини айтиб, ҳукумат идораларига “тезкорлик билан ҳаракат қилиш”ни буюрганини қўшимча қилди.
“Венесуэланинг буюк халқини ларзага солган иккита кучли зилзила жуда катта кўламда содир бўлди ва кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлди. АҚШ ёрдам беришга тайёр, буни хоҳлайди ва бунга қодир! Мен ҳукуматимизнинг барча идораларига тезкор чоралар кўришга тайёр туриш бўйича кўрсатма бердим,” – деб ёзган Трамп.
Венесуэланинг Лотин Америкасидаги қўшнилари ҳам ёрдам таклиф қилди. Шунингдек, Эль-Сальвадор Президенти Найиб Букеле унинг мамлакати 50 тонна асбоб-ускуна ва зарур анжомлар, шунингдек, “Каракасга жўнаб кетишга тайёр” бўлган 300 нафар қутқарувчини тайёрлаб қўйганини маълум қилди. Эквадор Президенти Даниэл Нобоа Азин Венесуэлага зудлик билан ёрдам юбориш чораларини кўрганини маълум қилди. Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳам унинг мамлакати ушбу “бош қардош давлат”га қандай ёрдам кўрсатиши мумкинлигини кўриб чиқишини маълум қилди.
АҚШнинг цунами ҳақида огоҳлантириш маркази дастлаб Пуэрто-Рико, Виржиния ороллари ҳамда Венесуэла қирғоқлари яқинидаги Аруба, Кюрасао ва Бонайре ороллари учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган эди. Бироқ, тахминан бир соатдан сўнг бу огоҳлантириш бекор қилинди. Маълумот учун, Венесуэла Кариб денгизи ва Жанубий Америка тектоник плиталарининг туташган қисмида жойлашган бўлиб, сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади.
Каракасни вайронага айлантирган зилзиланинг иқтисодий оқибатлари ҳам жиддий бўлиши мумкин. АҚШ Геология хизматининг ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодий зарар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизидан 20 фоизигача етиши мумкин.
Бу эса аллақачон иқтисодий қийинчиликлар ва қашшоқлик босими остида яшаётган Венесуэла учун янада оғир синов бўлиши таъкидланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, май ойи ҳолатига кўра, мамлакатнинг 28 миллион аҳолисидан қарийб 8 миллиони гуманитар ёрдамга муҳтож бўлган.
Японияда ҳам кучли зилзила содир бўлди
Венесуэладаги зилзилалардан сўнг, Япония шимолида ҳам 7,2 магнитудали зилзила қайд этилди. Цунами хавфи эълон қилинмаган. Дастлаб зилзила магнитудаси 6,9 деб баҳоланган эди, бироқ кейинчалик бу маълумот қайта кўриб чиқилиб, 7,2 баллга тенг деб топилди.
Зилзила маҳаллий вақт билан соат 07:30 да Ивате префектурасининг Тинч океани қирғоқлари яқинида, 44 километр чуқурликда содир бўлган. Ер силкинишлари энг кучли даражада Аомори префектурасининг Хасиками шаҳрида сезилган. Шунингдек, зилзила Токио шаҳрида ҳам сезилган. Хасиками ва Хатинохе шаҳарлари ёнғин-қутқарув хизматларининг маълум қилишича, ўсмирлар ва 50 ёшлар атрофидаги тўрт нафар фуқаро енгил тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Live
Барчаси