“Жуда ёмон натижа”. Россиялик мураббий Ўзбекистон МТЖни танқид қилди
Спорт
−
29 июн 87112 2 дақиқа
Россиянинг “Балтика” клуби бош мураббийи Андрей Талалаев Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги иштирокини кутилганидан кўра ёмонроқ эканини айтди. Бу ҳақда у “Спорт-Экспресс” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида ҳам бир неча оғиз. Албатта, бу жамоа мундиалда дебют қилди ва ундан катта натижа кутилмаганди. Аммо учта ўйинда 2:11 ҳисобидаги тўплар нисбати ва бирорта ҳам очко тўплай олмагани, айниқса таркибида Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев ҳамда Элдор Шомуродов каби футболчилар бўлган жамоа учун жуда ёмон натижа. Бу мураббий алмашинувининг оқибати. Улар эскисидан воз кечишди, аммо янгисини қура олишмади”, дейди Талалаев.
Шунингдек, “Матч ТВ” бошловчиси ва шарҳловчиси Дмитрий Губерниев ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг дебют Жаҳон чемпионатидаги иштирокини баҳолади.
“Биринчи қадам доим ҳам муваффақиятли чиқмайди. Жамоада етакчи бўлиши керак бўлган футболчилар бор эди, аммо улар, афсуски, яккакурашларда рақибларига ютқазишди. Индивидуал маҳорат жиҳатидан ҳам жамоа рақибларидан анча паст эди. Балки майдонда фидойилик етишмагандир, аммо бор ҳолат шу. Шунга қарамай, жамоага ўйини учун раҳмат айтиш керак”, дейди Губерниев “Матч ТВ” дастуридан бирида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати “К” гуруҳининг сўнгги турида Конго Демократик Республикасига 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада терма жамоа мундиални 0 очко билан якунлади.
Live
БарчасиҚўйлиқда ҳам ёнғин содир бўлди
06 август
Ян Диоманде расман “Реал Мадрид”га ўтди
06 август