ЖССТ янги глобал пандемия хавфидан огоҳлантирди

Олам

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамда ЖССТ ва Жаҳон банки иштирокида ташкил этилган Тайёргарликни глобал мониторинг қилиш кенгаши (GPMB) тарқалиш кўлами бўйича коронавирус ва Эбола безгаги эпидемияларидан ҳам ўзиб кетиши мумкин бўлган янги глобал пандемия хавфи тобора ортиб бораётганидан огоҳлантирди. Бу ҳақда кеча, 18 май куни GPMB томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз боради.

Экспертларнинг қайд этишича, сўнгги йилларда юқумли касалликлар тарқалиши тез-тез кузатилмоқда ва бу соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ҳамда ижтимоий барқарорликка жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ҳисоботда алоҳида таъкидланишича, дунё COVID-19 пандемияси ва Эбола эпидемияларидан кейин хавфсизроқ бўлиб қолгани йўқ. Асосий хавф омиллари сифатида фаол халқаро миграция (ҳаракатчанлик), экологик ўзгаришлар ва аҳолининг давлат институтларига бўлган ишончи пасайгани кўрсатилган.

Маълумот учун, Тайёргарликни глобал мониторинг қилиш кенгаши (GPMB) – глобал соғлиқни сақлаш инқирозларига тайёргарликни кучайтириш мақсадида 2018 йилда ЖССТ ва Жаҳон банки томонидан ташкил этилган мустақил мониторинг ва ҳисобдорлик органидир. Унинг ваколат муддати жорий йилда тугайди.

“Юқумли касалликларнинг авж олиши тобора тез-тез содир бўлаётгани сабабли, улар янада вайронкор тус олмоқда, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, сиёсат ва ижтимоий соҳаларга тобора кенгроқ таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, улардан кейин қайта тикланиш имкониятларини камайтирмоқда”, дейилади ҳисоботда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойининг ўрталарида Конго Демократик Республикасида Эбола безгагининг янги авж олиши кузатилди. Ҳозирда ушбу инфекция қурбонлари сони 131 кишига етган. Яна 513 кишида эса касаллик аломатлари аниқланган. Шунингдек, Угандада ҳам учта касалланиш ҳолати тасдиқланган бўлиб, улардан бири ўлим билан якунланган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ пандемия GPMB

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг