ЖССТ ва Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги ҲАМАС билан ҳамкорликда айбланмоқда
Олам
−
27 Январь
4636Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҲАМАС билан алоқадорликда айбланди. UNRWA Бош комиссари Филипп Лаззарини 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроил жанубига уюштирган ҳужумига алоқадор бўлган бир неча агентлик ходимларини ишдан бўшатишни буюрди. ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус эса у бошчилигидаги ташкилотга қўйилган айбловларни рад этди. Бу ҳақда улар ўзларининг расмий саҳифаларида маълум қилди.
Лаззаринининг айтишича, Исроил расмийлари БМТ агентлигига ўтган октябрь ойида мамлакат жанубидаги ҳужумларда UNRWA'нинг “алоҳида ходимларининг иштироки” ҳақида маълумот берган.
“Агентликнинг инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш қобилиятини ҳимоя қилиш учун мен ушбу ходимларнинг шартномаларини дарҳол бекор қилишга ва ҳақиқатни аниқлаш учун тергов бошлашга қарор қилдим”, дейди UNRWA раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, ҲАМАСга алоқадор ҳар қандай агентлик ходими жиноий жавобгарликка тортилади.
Лаззарини ҲАМАСнинг 7 октябрь куни Исроилга уюштирган ҳужумини қоралади ва гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирди.
“БМТ қадриятларига хиёнат қилганлар агентлик Ғазо сектори ва дунёнинг бошқа минтақаларида хизмат қилаётганларга ҳам хиёнат қилади”, дея хулоса қилди UNRWA раҳбари.
Бунинг ортидан АҚШ, Канада ва Италия UNRWA'ни молиялаштиришни тўхтатди.
АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэтью Миллернинг ёзма баёнотида таъкидланишича, Қўшма Штатлар UNRWAнинг 12 ходими ҲАМАСнинг 7 октябрь куни Исроилга уюштирган ҳужумига алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволардан жуда хавотирда.
“Давлат департаменти UNRWA учун қўшимча маблағ ажратишни вақтинча тўхтатмоқда, айни пайтда БМТ бу айбловларни кўриб чиқмоқда ва уларга жавобан чоралар ишлаб чиқмоқда”, дейди Миллер.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 25 январь куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали мулоқот қилиб, “бу масала бўйича чуқур ва тезкор тергов ўтказиш зарурлигини таъкидлаган”.
ЖССТга нисбатан айблов эса 25 январь куни Исроилнинг ташкилотдаги вакили Мейрав Эйлон Шаҳар томонидан ЖССТ ижроия кенгаши йиғилишида янграган. У ташкилот ҲАМАС билан тил бириктирганини даъво қилган.
Унинг сўзларига кўра, ташкилот Исроил томонидан Ғазо секторидаги шифохоналардан ҲАМАС томонидан ҳарбий мақсадларда фойдаланилгани тўғрисида тақдим этган далилларга эътибор бермаслиги шундан далолат беради.
Ўз навбатида, ЖССТ Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус ташкилотнинг айбловларни рад этди ва бу унинг ходимларига зарар етказиши мумкинлигини айтди.
“ЖССТ Ижроия кенгаши йиғилишида Исроилнинг ташкилот ҲАМАС билан “тил бириктирган”и ва Ғазо секторида гаровга олинганларнинг азоб-уқубатларига “кўз юмаётгани” ҳақидаги айбловларини рад этади. Бундай ёлғон даъволар зарарли ва бизнинг ходимларимизни хавф остига қўйиши мумкин, чунки улар аҳолининг заиф қатламларига хизмат қилиш учун ўз ҳаётларини хавф остига қўяди”, дейди Тедрос Аданом Гебреисус.
ҲАМАСнинг фикрича, ЖССТ ва UNRWA'га қарши айбловлар кампанияси уларни молиялаштиришни тўхтатиш ва Фаластин халқини ушбу ташкилотларнинг ёрдамидан маҳрум қилиш учун атайин амалга оширилмоқда.
ҲАМАС давом этаётган кампанияни қоралади ҳамда БМТ ва халқаро ташкилотларни Исроилнинг “таҳдид ва шантажига” берилмасликка чақирди. Шунингдек, ҳаракат ЖССТ ва UNRWA фаолиятининг нафақат фаластинликларга ёрдам бериш, балки Ғазо секторида Исроил кучлари томонидан содир этилган “жиноятларни ҳужжатлаштириш”даги муҳимлигини таъкидлади.