ЖССТ коронавируснинг “дельта” штамми нечта мамлакатга тарқалганини маълум қилди
Олам
−
22 Июнь 2021
6818Коронавируснинг ҳиндча — “дельта” штамми дунёнинг 92 мамлакатида аниқланган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шошилинч касалликлар бўлими техник гуруҳи раҳбари Мария Ван Керкхове маълум қилган.
“Ҳозир билишимизча, 92 мамлакатда “дельта” варианти мавжуд”, деган Керкхове.
Унинг сўзларига кўра, ЖССТ коронавируснинг “дельта” штамми бутун дунёга тез тарқалишидан хавотирда. ЖССТнинг маълум қилишича, мавжуд вакциналар ҳиндча коронавирус штаммининг асоратларидан ҳимоя қила олади, аммо инфекциядан самарали ҳимоя қилиш учун эмлашнинг тўлиқ курсини ўташ ва вакцинанинг иккала дозаси билан эмланиш зарур.
Бундан ташқари, ташкилот “дельта” штамми ўлимнинг кўпайишига олиб келади, деган маълумотни рад этган, аммо бу муаммо ҳали ҳам ЖССТ мутахассислари томонидан ўрганилмоқда.
Аввалроқ, Ҳиндистоннинг Махараштра штатида коронавирус инфекциясининг “дельта плюс” деб номланган янги тури бўйича 20 та ҳолат аниқлангани ҳақида хабар бергандик.
Шунингдек, Қозоғистонга ҳам коронавируснинг “дельта” штамми кириб келгани тахмин қилинмоқда.
LiveБарчаси