ЖССТ бачадон бўйни саратонига қарши курашиш стратегиясини тақдим этди

Саломатлик

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бачадон бўйни саратонини бартараф қилишни тезлаштириш бўйича Глобал стратегиясини тақдим этди. Таклиф этилган тавсияларни амалга ошириш асрнинг ўрталарига келиб касалланишни 40 фоизга камайтиришга ва 5 миллион ўлимнинг олдини олишга имкон беради.

Бунинг учун 15 ёшгача бўлган қизларнинг 90 фоизини одам папиллома вирусига қарши эмлаш билан таъминлаш; аёлларнинг 70 фоизини 35 ёшида ва яна такроран 45 ёшида профилактик текширувдан ўтказиш; бачадон бўйни касаллиги ташхиси қўйилган аёлларнинг 90 фоизини даволашни таъминлаш зарур.

“Бир пайтлар ҳар қандай саратон касаллигини бартараф қилиш шунчаки орзуга ўхшар эди, аммо энди бизда уни амалга ошириш учун молиявий самарали ва далилларга асосланган усуллар мавжуд. Аммо, биз ушбу мақсадга дунёнинг барча давлатлари таклиф қилинган тадбирларни амалга оширишга интилгандагина эриша оламиз”, дейди ЖССТ Бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус.

Дунё бўйлаб саратон касалликларининг тарқалиши бўйича аёллар орасида бачадон бўйни саратони тўртинчи ўринда туради. Ушбу хасталик билан курашиш бўйича қўшимча чоралар кўрилмаган тақдирда, 2018 йилдан 2030 йилгача янги касалланиш ҳолатлари йилига 570 мингдан 700 минггача, ўлим ҳолатлари эса йилига 311 мингдан 400 минггача кўпайиши кутилмоқда.

ЖССТ стратегиясини кўплаб мамлакатларнинг ҳукуматлари ва жамоат ташкилотлари қўллаб-қувватламоқда. Унинг нашр этилиши муносабати билан дунё бўйлаб турли тадбирлар ўтказилмоқда. Уларнинг мақсади – муаммога эътиборни жалб қилишдир. Дунёнинг турли минтақаларида таниқли диққатга сазовор жойлар – Шимолий Aмерикадаги Ниагара шаршарасидан тортиб, Дубай Рамкаси ва Aвстралия шаҳарларининг панорамаларигача – фируза рангида товланади (ушбу ранг бачадон бўйни саратонига қарши курашнинг тимсоли ҳисобланади).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ўтган йилдан бошлаб қизлар одам папиллома вирусига қарши эмланиб келинмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ бачадон бўйни саратони

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг