“Жорж Флойднинг ўлими”: АҚШ тартибсизликлар гирдобида қолди
Олам
−
30 Май 2020
17243Жорий йилнинг 25 май куни АҚШнинг Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида полиция ходими Дерек Шовин афроамерикалик Жорж Флойдни қўлга олиб, 7 дақиқа давомида уни юзи билан ерга ётқизиб, бўйнидан босиб туриши натижасида у вафот этди. Бунинг ортидан эса мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари ва тартибсизликлар бошланди.
Кеча, 29 май куни 10 та шаҳарда тартибсизлик ва полиция билан тўқнашувларга аралашиб кетган акция бўлди. Уларнинг бари Жорж Флойднинг полициячи тиззалари остида эзилиб, нафас ололмай ўлганидан норози.
“Associated Press” нашрининг хабар беришича, Жоржия штатининг Атланта шаҳрида намойишчилар CNN телеканалининг бош қароргоҳи ойналарини синдириб, телекомпания логотипини бўйаб қўйишган, полиция ходимларига бўш шиша идишлар улоқтириб, америка байроғини ёқиб юборишган. Шунингдек, ҳамкасбларининг қилмиши учун полициячилардан ишдан бўшашни талаб қилишган. Тўпланганлар маҳаллий ҳокимиятнинг тарқалиб, тартибсизликларни тўхтатиш талабини инкор қиляпти.
CNN`нинг хабар беришича, кимдир телеканал қароргоҳининг киришида саф тортиб турган полиция ходимларига қарата портловчи нарса отган. Шаҳарда эса машиналар ёқиб юборилган.
Атланта мэри Кейша Лэнс Боттомс матбуот анжуманида намойишчилар ўз ҳаракати билан қора танли аҳоли манфаатини ҳимоя қилиб, шу йўлда вафот этган Мартин Лютер Кинг (у Атлантада туғилган) номини шарманда қилаётганини айтган.
“Атланта кўчаларида содир бўлаётган ҳодисалар – бу Атланта эмас. Бу Мартин Лютер Кинг руҳида эмас, бу тартибсизлик. Кингни ўлдиришганда биз шаҳримизда бундай қилмагандик”, деган Боттомс.
У акция иштирокчиларини уйларига қайтиб, ўзлари учун керак натижага сайловда хоҳишларини намойиш қилиш орқали эришишга чақирган.
Миннеаполис шаҳрида эса тартибсизликлар авж олган. Дўконлар ёқиб юборилган. Полиция ходими Дерек Шовин ҳибсга олинган. Шаҳарга Миллий гвардия аскарлари киритилиб. Комендатлик соати жорий қилинган.
Пентагон Шимолий Каролина ва Нью-Йоркдаги ҳарбий полицияни шай ҳолатга келтирган. Тез орада улар Миннеаполис шаҳрига киритилиши мумкин.
Норозилик кенгайиб боряпти
Нью-Йоркнинг Бруклин штатида намойиш иштирокчилари ва полиция ўртасида тўқнашув бўлаётгани ҳақида хабарлар кела бошлаган. Полиция ходимлари намойишчилар “Бруклин нетс” баскетбол клубининг базаси Barclays Center спорт аренасига ўтиб кетмаслиги учун ҳаракат қиляпти. Оломон полиция ходимларига қарата пластик идишлар улоқтиряпти.
Нью-йорк мэри Билл де Блазио намойишчилар билан бирдамлигини, аммо улар жамоат тартибига риоя қилиши кераклигини маълум қилди.
“Ўт қўйиш, талончилик ва бузғунчиликни ҳеч ким оқламайди, аммо барча намойишчиларнинг ғазаби, қўрқув ва ҳайратини тушунади. Адолат қарор топиши керак”, деган Билл де Блазио.
Тартибсизликлар Колумбус (Ойаго штати), Хьюстон (Техас), Даллас (Техас), Финикс (Аризона), Сан-Хосе (Калифорния), Лас-Вегас (Невада), Шарлотт (Шимолий Каролина) ва бошқа йирик шаҳарларда ҳам кузатиляпти.